Италия давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида Кўҳна Қитъанинг “Italian Traide Agensy” уюшмаси ҳамкорлигида юртимизда маданий мерос ёдгорликлари соҳасидаги ислоҳотлар, номоддий бойликларимизни асраб-авайлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракат, қадим тарихий аҳамиятга эга Самарқанд, Хива, Бухоро каби шаҳарлардаги меъморий обидаларда хорижий мутахассислар иштирокида реставрация ишларини лойиҳалаштириш ва амалга ошириш юзасидан ўзаро келишувга эришилган.
Шу муносабат билан мазкур уюшма раҳбари – Кастеллиани Мартиньо, “Assorestauro” пудрат ташкилоти директори Гриллетто Андреа, “ARS Progetti” ташкилоти раҳбари Баруссо Патрисиа, ходими Фансиулаччи Даниели, “ICE Roma” ташкилоти раҳбари Иннаморати Франколардан иборат делегация аъзолари бугун, 16 март вилоят ҳокими Ботир Зарипов қабулида бўлдилар.
Музокара аввалида вилоят раҳбари меҳмонларга Кўҳна Қитъанинг қадим Рим шаҳри қадар ўз тарихи ва бой маданий меросига эга Бухоро шаҳри ҳақида атрофлича маълумот берди. Эътироф қилинганидек, айниқса, Араб халифалиги ва сомонийлар даврида шаҳарнинг юксалгани, Бухоронинг номларидан “Фохира” (“Фахрли шаҳар”) атамаси Наршахийнинт таърифи бўйича, Ислом динининг барқарорлиги йўлида қон тўккан шаҳидлар шарафига нисбат қилиб берилган.
Бухородан Ислом дини ва ҳадис илмларининг йирик тарғиботчилари ва таснифчилари – буюк муҳаддис Имом Бухорий ва бошқалар етишиб чиққани биз учун ҳам фахр, албатта. “Бухоро тарихий маркази” номи билан ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Бухоро тарихий маркази 555 гектарни ташкил этади. Унинг буфер зонасида 280 та моддий маданий мерос кўчмас мулк объекти жойлашган.Қайд этилганидек, Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт Кенгашининг 2021 йил 15 ноябрда ўтказилган 31-сонли мажлиси баёнида 2022 йилда республиканинг тарихий шаҳарларида таъмирлаш-тиклаш ва асрашга доир ишлар олиб бориладиган маданий мерос объектларининг рўйхати тасдиқланган.
Унга кўра, шу йил якунига қадар Бухоро вилоятидаги 36 та объектда реставрация ва консервация ишларини олиб бориш белгиланган. Маданий мерос агентлигининг вилоят бошқармаси тасарруфидаги бу иншоотлардан 23 та маданий мерос объектини реставрация қилиш республиканинг 2022 йилги ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш Дастури доирасида амалга оширилади.
Маълумот учун, Президентимизнинг 2021 йил 2 апрелдаги «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда Бухорода туризм объектларининг ёндош инфратузилмаларни барпо этиш, реконструкция қилиш, кенгайтириш ва модернизациялаш чора-тадбирларининг манзилли дастурига мувофиқ, вилоятдаги 7 та маданий мерос объектларида таъмирлаш-тиклаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Бундан ташқари, Маданий мерос агентлигининг Бухоро вилоят бошқармасидан оилнган маълумотга биноан, маҳаллий бюджет ҳисобидан шу йил Бухоро шаҳри ва Ғиждувон туманида 3 тадан, Вобкент, Бухоро ва Қоровулбозор туманида 1 тадан, вилоят бўйича жами 9 та маданий мерос объекти таъмирланади.
Бухоро шаҳрининг тарихий марказида жойлашган “Чор Минор”, “Раҳмонқул” мадрасалари, “Самарқанд дарвозаси”, “Зиндон”, “Кулита” карвонсаройи ва бошқа шу ҳудудлардаги маданий мерос объектларини ёмғир сувлари таъсиридан асраш зарурлигини инобатга олиб, мазкур кўчаларнинг йўлакларини таъмирлаб, ёмғир сувлари йўлларини маданий мерос объектларидан узоқлаштириш чоралари кўрилмоқда. Яна бир эътиборга молик далил.
Халқаро UNESCO ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида ўтган йили Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида жойлашган “Абдуллахон” мадрасасини қисман жорий таъмирлаш мақсадида грант маблағларини жалб этиш бўйича сўровнома ҳужжатлари тайёрлангани ҳолда халқаро ташкилотга тақдим этилган. Натижада “Абдуллахон” мадрасасини жорий таъмирлаш лойиҳаси учун 30 минг АҚШ доллари миқдорида грант маблағи ажратилган. Ҳозирда бу иншоотда лойиҳалаш ишлари давом этмоқда.
Ўз навбатида, самимий қабул ва меҳмондўстлик учун вилоят мутасаддиларига миннатдорлигини изҳор қилган Италия делегацияси раҳбари Кастеллиани Мартиньо кўҳна Бухоро шаҳри ва ундаги осори-атиқалар ҳақида етарлича маълумотга эга эканлигини, албатта, иқлим шароити, вақт ва макон билан боғлиқ ўзгаришларни батафсил ўрганган ҳолда қадим меъморий ёдгорликларни асл ҳолича сақлаб қолиш ва келгуси авлодларга бус-бутунлигича етказишда мамлакатимиз билан яқин ва самарали ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати