Муҳокамада ИТБ ва унинг шўъба корхоналари экспертлари, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти, Саудия Арабистони Инвестициялар вазирлиги, Жаҳон банки, Африка Иқтисодий тараққиёт Банки, турли давлатлар делегациялари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Муҳокама давомида ИТБнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш масалаларига тўхталиб ўтилди, камбағалликни қисқартиришнинг турли моделлари, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш учун молиявий донорлар маблағларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш механизмлари, давлат томонидан хусусий секторни пандемиянинг салбий оқибатларидан ҳимоя қилиш мақсадида кўрилаётган жавоб чоралар кўриб чиқилди. Ковиддан кейинги давр шароитларида Ўзбекистоннинг инвестицион имкониятлари алоҳида-алоҳида муҳокама қилинди.

Муҳокама чоғида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Ш.Вафаев модераторнинг саволига жавоб берар экан, Ўзбекистонда карантин чекловлари вақтида ва ковиддан кейинги даврда тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида гапирди. Хўжалик фаолиятини «реанимация» қилиш мақсадида ҳар бир корхона билан мақсадли ўзаро ҳамкорлик ташкил этилгани ва бу орқали ишбилармонларга кенг кўламли масалаларни ҳал этишда амалий кўмак берилгани маълум қилинди. Шунингдек, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли, хусусан, унинг ижтимоий заиф қатламларини иш билан бандлигини оширишга қаратилган манзилли дастурлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси аҳолининг ўз-ўзини иш билан бандлигини таъминлаш учун кенг имкониятларга эга бўлганлиги сабабли уни ривожлантириш ва трансформациялашни жадал рағбатлантиришга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди. Жумладан, аҳолига ўз бизнесини яратишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли дастурлар амалга оширилаётгани ва шу орқали янги иш ўринлари яратилаётганлиги ҳақида сўз борди.

Шунингдек, муҳокама чоғида Ўзбекистон ва ИТБ ўртасида аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг бошқа жиҳатлари кўриб чиқилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.