Йиллик анжуманда ИТБга аъзо мамлакатларнинг 57 нафар ҳукумат вакиллари, молия, иқтисодиёт, режалаштириш ва халқаро ҳамкорлик вазирлари, марказий банклар раҳбарлари ва бошқа расмийлар, шунингдек, турли кўп томонлама ривожланиш банклари (MDB) ва халқаро ривожланиш ташкилотлари, бизнес сектори, фуқаролик жамияти, илмий доиралар, ОАВ ва бошқа манфаатдор томонлар вакиллари қатнашади. Жами 2 000 дан ортиқ иштирокчи қатнашиши кутилади.

Бу йилги Йиллик анжуман жаҳон иқтисодиётнинг пасайишига сабаб бўлган COVID-19 пандемияси фонида бўлиб ўтяпти. Шуни ҳисобга олган ҳолда, тадбир доирасида аъзо мамлакатларда ва жаҳон миқёсида вакциналарнинг оммабоплигини таъминлаш, пандемия туфайли юзага келган иқтисодий муаммоларни ҳал этиш ҳамда иқтисодиётларнинг комплекс тикланишини рағбатлантириш механизмлари муҳокама қилинади.

Барча санитария-эпидемиология чора-тадбирларига риоя қилинган ҳолда ўтказиладиган учрашувлар муаммоларни муҳокама қилиш ва ИТБга аъзо мамлакатларнинг ривожланиш имкониятларини ўрганиш учун ниҳоятда қулай платформа ҳисобланади. Бир қатор масалалар Йиллик анжуман доирасида ўтказиладиган алоҳида мавзудаги семинар ва тадбирларда кўриб чиқилади. COVID-19 шароитларида барқарорликни ошириш, глобал иқтисодий тикланишнинг йўли сифатида барқарор қўшилган қиймат занжирларини тиклаш, ёшларни ҳар томонлама ривожлантириш, иш ўринларини яратиш ва бошқа бир қатор қизиқарли мавзулар кўтарилади. Шунингдек, ИБР ҳузуридаги Трансформация жамғармаси томонидан турли соҳаларда «эртанги кун инновациялари» тақдимоти ташкил этилади.

Йиллик анжуман, шунингдек, ИТБ Гуруҳига аъзо бўлган мамлакатларни бирлаштирувчи бошқа тегишли ташкилотларнинг умумий мажлисларини ўтказиш учун платформа ҳисобланади, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Гуруҳи ҳақида

Асосий рейтинг агентликлари томонидан ААА даражасида баҳоланган Ислом тараққиёт банки кўп томонлама ривожланиш банки бўлиб, 45 йил давомида аъзо мамлакатларда ҳаёт даражасини ва сифатини яхшилашга қаратилган кенг кўламли институционал ёрдам бериб келади. Банк тўрт қитъа бўйлаб 57-аъзо мамлакатларни бирлаштиради, дунё аҳолисининг бешдан бир қисмини ҳаётига ижобий таъсир кўрсатади. Унинг миссияси одамлар ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун инфратузилмани яратиб, уларга ўз иқтисодий ва ижтимоий тараққиётини юқори даражага олиб чиқиш имконини беришдир. Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Жидда шаҳрида жойлашган ИТБ 11 аъзо мамлакатларидаги минтақавий марказларга ва илғор тажриба марказларига эга.

Йиллар давомида фаолият кўрсатиб, Банк битта ташкилотдан Ислом тараққиёт банки (IsDB), тадқиқотлар ўтказиш ва таълимга масъул бўлган Ислом тараққиёт банки институти (IsDBI), Ислом инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурта қилиш корпорацияси (ICIEC), Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ICD) ва Халқаро Ислом савдо-молия корпорациялари (ITFC) каби бешта йирик тузилмадан ташкил топган Гуруҳга айланди.

Қўшимча маълумот олиш учун ИТБ Маркетинг ва коммуникациялар департаменти директори офисига мурожаат қилишингиз мумкин.

Электрон почта манзили: directormcd@isdb.org.