Тадбир давомида ўтган йилда ИТБга аъзо мамлакатлар олдида турган ижтимоий-иқтисодий характердаги муаммо ва қийинчиликлар юзасидан фикр алмашилди. Улар орасида камбағаллик даражасининг ошиши ва алоҳида мамлакатларда ҳамда мамлакатлараро ва минтақалараро даражаларда ўсиб бораётган тенгсизлик бор.

Давра суҳбати ковиддан кейинги даврда янада барқарор ривожланиш суръатларини белгиловчи асосий омиллар ва ИТБга аъзо мамлакатлар ҳукуматлари олдида турган муаммоларни ҳал қилиш механизмларининг ягона тушунча ва кўринишларини шакллантириш учун платформа бўлди.

Банк раҳбариятининг маълум қилишича, ИТБ соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш ва ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани ривожлантиришга инвестициялар киритиб, пандемия оқибатларини бартараф этишда аъзо мамлакатларга амалий кўмак бериш йўлида изчил иш олиб боради. Ковидга қарши вакциналарнинг оммабоплигига ва аҳолини оммавий эмлашни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Ижтимоий тенгсизликни бартараф этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда хотин-қизлар ва ёшларни иш билан таъминлаш имкониятларини яратиш орқали Банкка аъзо мамлакатлар иқтисодиётларининг ижтимоий-иқтисодий хавфларга қарши барқарорлигини таъминлаш механизмларига алоҳида эътибор қаратилади.

Бунда, ИТБ инвестициявий, савдо-иқтисодий ва минтақавий ҳамкорликнинг асосий катализатори ҳамда Банкка аъзо мамлакатлар иқтисодиёти учун бирлаштирувчи бўғин сифатида ўз ролини сақлаб қолади.

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар Банкнинг келгуси фаолияти ва қўйилган вазифаларнинг самарали ечимлари учун яқин истиқболдаги стратегиясини ишлаб чиқишга асос бўладиган ИТБга аъзо мамлакатларда барқарор ривожланиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни рағбатлантириш ҳамда иқтисодий фаолиятни тиклаш учун Банк ресурсларини сафарбар этиш бўйича қатор таклифларни илгари сурдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.