Маърифатпарварга маълумки, арабчадан олинган “жадид” сўзи “янги” деган маънони англатади ва унинг ҳаракати эса “жадидчилик деб юритилган. Янгича таълим, янгича жамият қуриш ғоясини ифодалаган бу тушунча айни пайтда ижтимоий тафаккур усулини янгилашни ҳам билдиради. Жадидлар таълимни миллат нажотининг асосий омили сифатида кўрдилар. Улар ёш авлодни замонавий фан ютуқлари билан таништириш, мустақил фикрлашга ўргатиш ва ижтимоий масъулият ҳиссини шакллантиришни энг муҳим вазифа деб билишган. Жадидлар орзу қилган тафаккурли ва билимли жамиятни шакллантиришга бевосита чуқур билим ва мантиқан фикрлаш орқали эришилади.
Aйнан шу фикр мени жадидлар бошлаб берган маърифат йўлини замонавий шаклда давом эттириш масъулияти ҳақида фикрлашга ундади. Aгар жадид боболаримиз ўз даврида мактаб ва матбуот орқали миллат онгини уйғотган бўлсалар, бугунги кунда ёшлар тафаккурини ривожлантириш учун қандай воситалар самарали бўлиши мумкин?
Фикримча, замонавий таълим ва ёшлар сиёсати амалиётида интеллектуал ўйинлар ҳаракати муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, заковат ўйинлари мантиқий фикрлаш, тезкор таҳлил қилиш, жамоавий муҳокама юритиш ва кенг қамровли билимни талаб етувчи платформа сифатида шаклланди. Заковат ўйинлари – шунчаки савол-жавоб жараёни эмас. Бу тафаккурни тизимли равишда ривожлантириш, таҳлилий ёндашувни кучайтириш ва ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш воситасидир.
Шу мақсадда маслакдошлар билан “Ёш жадидлар” интеллектуал заковат клубини ташкил этдик. Клуб фаолиятининг асосий концепцияси – жадидчилик меросини замонавий шаклда давом эттириш, яъни маърифат тарғиботини интерактив ва ёшлар учун қизиқарли форматда амалга оширишдан иборат. Заковат саволлари таркибига жадидлар ҳаёти ва ижоди, миллий уйғониш даври, тарихий ислоҳотлар, адабиёт ва маданиятга оид мавзулар мунтазам равишда киритиб борилмоқда.
Яқинда фаолият бошланганига қарамай 1500 дан ортиқ ёшлар интеллектуал жараёнларга жалб этилгани кузатилди. Шу давр мобайнида 10 га яқин офлайн ҳамда 50 дан ортиқ онлайн заковат тадбирлари бўлиб ўтди. Энг йирик офлайн ўйинларда 450 нафаргача иштирокчи қатнашди ва бу ҳолат ёшлар орасида интеллектуал ўйинларга эҳтиёж юқори эканини кўрсатади. Мазкур кўрсаткичлар жадидчиликнинг асосий тамойили – маърифат орқали онгни ривожлантириш эндиликдап замонавий шаклда давом этаётганини тасдиқлайди.
Заковат тадбирларини мунтазам ва сифатли ташкил этиш учун зарур моддий-техник шароит муҳим аҳамият касб этади. Мазкур жараёнда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети томонидан тадбирлар ўтказилиши учун тегишли инфратузилма тақдим қилиниши муҳим омил бўлди. Университет томонидан ажратилган махсус майдон интеллектуал фаолиятнинг барқарор ва тизимли йўлга қўйилишига имкон яратди. Таълим муассасасининг ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай ёндашуви замонавий олий таълим муассасаларининг ижтимоий-маданий вазифаларини намоён этади. Хусусан, ёшларнинг интеллектуал ва маънавий ривожланишини рағбатлантириш университет сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида кўзга ташланади.
Ёшларни рағбатлантириш масаласи ҳам алоҳида эътиборга молик. Клуб доирасида ғолибларга жадид боболаримиз асарлари, ғолиблик эътироф қилинган диплом ва турли эсдалик совғалари топширилади. Чунки билимдон ёш ҳар доим эътироф ва рағбатга лойиқ. Интеллектуал фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамиятнинг узоқ муддатли ривожланишига хизмат қилади.
Замонавий маърифий ташаббусларнинг барқарор ривожланиши турли ижтимоий институтлар билан ҳамкорликни талаб қилади. Шу нуқтаи назардан, “Ёш жадидлар” интеллектуал клуби фаолияти доирасида бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси билан ҳамкорликда йирик заковат тадбирини ташкил этиш режалаштирилган. Мазкур ташаббуснинг асосий мақсади – ёшлар ўртасида интеллектуал фаолликни ошириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий онгини ривожлантириш ҳамда маърифий муҳитни кенгайтиришдан иборат.
Бундай ҳамкорлик “Заковат ўйинлари” ҳаракатининг қамров доирасини кенгайтириш, ҳудудий ёшларни жалб қилиш ва интеллектуал ўйинларни институционал жиҳатдан мустаҳкамлашга хизмат қилади. Aйниқса, турли ташкилотларнинг ташкилий ва ахборот кўмаги маърифий лойиҳаларнинг тизимли равишда амалга оширилишини таъминлаши билан эътиборга лойиқ.
Шу билан бирга, келгусида олий таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари ва нодавлат нотижорат тузилмалари билан ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилмоқда. Бу эса жадидчиликнинг асосий тамойили – “Маърифат орқали жамиятни ривожлантириш” ғоясининг замонавий институционал шаклда давом этаётганини кўрсатади.
Натижада бундай интеллектуал ўйин майдонлари нафақат билим беллашуви, балки ёшларнинг ижтимоий масъулияти, фуқаролик позицияси ва танқидий тафаккурини шакллантирувчи мактаб вазифасини ҳам бажариши шубҳасиз.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, жадидчиликни тарихий ҳаракат сифатида эмас, балки тафаккур модели сифатида талқин қилиш мақсадга мувофиқ. Замонавий заковат ҳаракати ёшлар орасида танқидий фикрлаш, таҳлилий ёндашув ва ижтимоий фаолликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Демак, жадидлар илгари сурган маърифатпарварлик ғояси замонавий интеллектуал ўйинларлар орқали узвий равишда давом этмоқда.
Асрорбек ЖЎРАЕВ,
Тошкент давлат техника университети талабаси