Жаҳон банки 2022 ва 2023 йилларда Хитой иқтисодиёти ўсиши секинлашишини прогноз қилди. Бунга кўчмас мулк бозоридаги инқироз ва COVID-19 тарқалишига қарши кураш сабаб қилиб кўрсатилган.

Хусусан, Хитой ЯИМ 2022 йилда 2.8 фоизга, кейинги йил эса 4.5 фоизга ўсиши мумкин. Июнь ойида бу кўрсаткич мос равишда 4,3% ва 5,2% ни ташкил этиши тахмин қилинганди.

“Хитой ҳукуматининг коронавирус тарқалишини олдини олишга қаратилган ҳаракатлари жиддий иқтисодий оқибатлар ҳисобига амалга оширилмоқда”, дейилади банк ҳисоботида.

Кўчмас мулк бозоридаги вазият ҳам иқтисодиётга ўз таъсирини кўрсатмоқда: қурилиш ҳажми ва уй-жой сотуви камаймоқда, истеъмолчиларнинг кўчмас мулк бозорига ишончи пасайиб кетган. Қарзга ботиб қолган қурилиш компаниялари объектларни охиргача якунламай, ташлаб кетяпти.