Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова бошчилигида мутасаддилар Жаҳон банкининг масъул мутахассислари билан учрашди.

Тегишли бошқарма раҳбарлари ва етакчи ходимлари иштирок этган тадбирда пойтахтимизда ногиронлиги бор фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларга етарли шарт-шароит яратиш учун грант маблағлари ажратиш масаласи муҳокама этилди.

Меҳмонларга пойтахтда кейинги пайтда мазкур соҳада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳам атрофлича маълумотлар берилди. Жумладан, ногиронлар учун янги барпо этилаётган кўп қаватли уйлар, замонавий хизмат кўрсатиш мажмуаларида алоҳида йўлакчалар, таъмирланаётган йўлларнинг чорраҳаларида уларнинг ҳаракатланиши учун махсус йўлаклар қурилаётганлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида 49552 нафар ногиронлиги бор фуқаролар истиқомат қилиши, шунингдек, давлат таъминотида бўлган иккита Мурувват уйи мавжудлиги, уларнинг бири катта ёшдаги, иккинчиси эса болалар учун ихтисослаштирилганлиги таъкидланди.

Мирзо Улуғбек туманидаги “Мурувват” эркаклар учун интернат-уйининг бир қисми таъмирланаётганлиги, Юнусобод туманидаги “Мурувват” уйи ҳудудида эса боғ ташкил этилаётганлиги маълум қилинди. Бундай хайрли ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилиб, 4,5 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилганлиги тўғрисида маълумотлар берилди.

Жаҳон банки масъул мутахассислари Ўзбекистон ҳукумати “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияни ратификация қилганлигини, ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлардан хабардорлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорлик ўрнатилганлиги, лекин мавжуд ҳолат таҳлил этилганда, ногиронлар учун яратилиши лозим бўлган шарт-шароитлар етарли даражада эмаслигини таъкидлашди.

Шунинг учун янги барпо этилаётган кўп қаватли уйлар, замонавий хизмат кўрсатиш мажмуаларида ногиронлар учун алоҳида йўлакчалар қуриш, уларнинг саломатлигига ғамхўрлик қилиш, айниқса, иқлим ўзгаришлари билан бундай фуқароларнинг соғлигига эътиборни кучайтириш мақсадида грантлар ажратиш тавсия этилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари мазкур йўналишда олиб бориладиган ишларни Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамиятлари ва ассосиасиялари билан ҳамкорликда амалга ошириш, бугунги кунда долзарб ҳисобланган кўзи ожизлар ва эшитишида нуқсони бор болаларни замонавий ўқув адабиётлари билан таъминлаш учун грант маблағлари ажратиш айни муддао эканлигини таъкидлашди.

Шунингдек, учрашувда мазкур соҳада амалга ошириладиган ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида мониторинг олиб бориш яхши самара бериши билдирилди.