Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг маълум қилишича, мутахассислар томонидан Ҳиндистонда Nipah вируси тарқалиши билан боғлиқ вазиятни доимий равишда кузатилмоқда. Профилактика мақсадида мамлакатимиз чегараларидаги барча ўтказиш пунктларида санитария-карантин назорати кучайтирилди.
Айниқса, касаллик ҳолатлари қайд этилган Ҳиндистон ва бошқа Жануби-Шарқий Осиё давлатларидан келаётган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумотларга кўра, юртимиздаги тиббиёт муассасалари, шошилинч тиббий ёрдам бригадалари ҳамда юқумли касалликлар шифохоналари четдан кириб келиши мумкин бўлган ҳар қандай инфекцияга қарши шай ҳолатга келтирилган. Дори-дармонлар, шахсий ҳимоя воситалари ва дезинфекция воситаларининг шошилинч захираси яратилган.
Масъуллар аҳолини эҳтиёткорликка чақириб, хавф юқори бўлган мамлакатларга саёҳатни режалаштираётган фуқароларга қуйидаги профилактик чораларга амал қилишни тавсия этмоқда:
- шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш;
- мева-сабзавотларни истеъмол қилишдан олдин яхшилаб ювиш;
- тайёрланиши номаълум, очиқ ҳолда сотилаётган ичимликларни харид қилмаслик;
- янги сиқилган хурмо шарбатини қайнатиб истеъмол қилиш;
- кўршапалаклар тирнаган ёки тишлаган бўлиши мумкин бўлган меваларни истеъмол қилмаслик.
Қўмита алоҳида таъкидлайдики, ҳозирги вақтга қадар Nipah вируси Ўзбекистонда қайд этилмаган. Мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарор ҳисобланади.