AКФA Университети ўз фаолиятининг биринчи кунидан ўз таълим дастурлари ва дипломларини хорижда тан олиниши учун халқаро аккредитациядан ўтишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. Aфсуски, ҳозирча мамлакатимизда ЖТТФ талабларига асосан олий таълим муассасаларининг таълим дастурларини аккредитациядан ўтказадиган ташкилот мавжуд эмас.

Университет маъмурияти ЖТТФ ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ўртасида музокаралар ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Музокараларнинг асосий мақсади Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан тиббиёт ўқув дастурларини аккредитациядан ўтказувчи ЖТТФ томонидан тан олган ташкилот мақомини олишдан иборатдир.

Онлайн музокаралар доирасида AКФA Университети, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва ЖТТФ вакиллари инспекция томонидан тиббиёт ўқув дастурларини аккредитациядан ўтказувчи ташкилот мақомини олиш ва бундай мақомни олиш жараёнларини муҳокама этди.

AКФA Университетининг юридик бўлим раҳбари Ирода Содиқованинг таъкидлашича, инспекция томонидан халқаро ЖТТФ томонидан тан олган ташкилот мақомини олиш инспекцияга миллий ва хориж университетларининг тиббиёт таълим дастурларини аккредитациядан ўтказиш имкониятини беради.

Жаҳон тиббиёт таълими федерацияси (ЖТТФ) халқаро ташкилот бўлиб, унинг асосий вазифаси бутун дунёда тиббиёт таълим дастурларининг сифатини оширишдан иборатдир.