Мамлакатимизда илм-фан ривожини жаҳон андозалари даражасига кўтариш, хусусан, халқ фаровонлиги, дастурхони ободлигига бевосита таъсир этувчи соҳа — қишлоқ хўжалигини илғор технологиялар асосида тараққий эттириш ислоҳотлар силсиласидаги муҳим бўғинни ташкил этмоқда. Айниқса, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи кун сайин долзарблашаётган паллада қишлоқ хўжалиги кадрлари сифатини, ўқитиш самарадорлигини оширишда чет элнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик келгусида ўзининг самарасини бериши шубҳасиз.

Шу маънода, Президентимизнинг жорий йил 7 майдаги қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Буюк Британия Қироллик қишлоқ хўжалиги университети (Royal Agriculture University) ҳамкорлигида Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ташкил этилгани муҳим воқеа бўлди. Бунгача ўтган йилнинг ноябрь ойида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси Буюк Британиянинг Қироллик қишлоқ хўжалиги университетида музокаралар ўтказиб, халқаро олий таълим муассасасини очиш бўйича келишувга эришган эди.

Royal Agriculture University 1842 йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакатда соҳа мутахассисларини тайёрлаш бўйича 5-ўринда туради. Ушбу олий т аълим муассасаси васийлик кенгаши раиси шаҳзода Чарльздир.

Президентимиз қарорига кўра, Халқаро қишлоқ хўжалиги университети 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб 200 нафар талабани грант асосида ўқишга қабул қилади. У тўлиқ академик ва молиявий мустақил давлат олий таълим муассасаси ҳисобланиб, ўқув жараёни инглиз тилида олиб борилади.

Ушбу олий ўқув юрти вақтинча Тошкент давлат аграр университети ҳудудида жойлаштирилади. Ҳужжатда белгилангандек, университетнинг устувор мақсади қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими доирасида аграр соҳанинг замонавий тармоқлари учун халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ юқори малакали кадрлар тайёрлаш, етакчи хорижий университетлар билан узоқ муддатли муносабатларни ривожлантиришдир.

Шунингдек, илм ва инновацияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, агротехнологияларни ривожлантириш ва экологик барқарорликни таъминлаш, соҳада бизнес ва оператив самарадорликни ишлаб чиқишни қамраб оладиган илмий тадқиқотлар олиб бориш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, университет зиммасига замонавий талаблар асосида илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, соҳа мутахассислари малакасини ошириш, қайта тайёрлаш юкланмоқда.

Мазкур фаолиятни амалга оширишда ўқув режалари, фан дастурларини Қироллик қишлоқ хўжалиги университети тасдиқлайди. Ўқув материаллари, ўқув-услубий қўлланмалар билан таъминлайди. Ёш истиқболли илмий-педагог кадрларни тайёрлашга, уларнинг хорижда малака оширишига кўмаклашади ҳамда профессор-ўқитувчилар ва докторантлар учун халқаро тажриба алмашинувини ташкил этади.

Университетда фан-техниканинг энг сўнгги ютуқларини таълим жараёнига жорий этган ҳолда, ақлли қишлоқ хўжалиги (Smart Agriculture), биотехнология, агроиқтисодиёт, агрономия, биотехнология, чорвачиликни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, агрологистика йўналишларида юксак малакали кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Ўқув жараёнини бошлаш учун Қироллик қишлоқ хўжалиги университети ва бошқа хорижий олий таълим муассасаларининг 12 профессори жалб этилиб, улар томонидан 16 нафар маҳаллий профессорнинг малакаси оширилади.

Келажакда хорижлик профессорлар сони 40 нафарга, маҳаллий профессорлар сони 100 нафарга етказилади. Асосийси, университет битирувчиларига Қироллик қишлоқ хўжалиги университетининг Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган дипломи берилади ҳамда қабул қилиш параметрлари ва тартиби, якуний аттестацияси тартиби мазкур олийгоҳ билан келишган ҳолда белгиланади. Шунингдек, университетда аграр соҳани ривожлантириш, жаҳон тенденциялари ва тажрибасини акс эттиришга мослашган “Science-based, practiceoriented” (илмга асосланган амалиёт) шиори остида малакали кадрлар тайёрланади.

Бундан ташқари, Халқаро қишлоқ хўжалиги университетида талабаларнинг таҳлилий фикрлаш, мослашувчанлик, муаммоларни ҳал қилиш, назарий билимларни амалиётга жорий қилиш, тадқиқот кўникмалари ривожлантирилади. Шу ўринда айтиш жоизки, Халқаро қишлоқ хўжалиги университетини ташкил этиш борасида Нидерландиянинг Вагенинген университети, АҚШнинг Миссисипи ҳамда Миссури университетлари, Германиянинг Лейбниц институти, Испаниянинг Кастил Ла Маша университети билан ҳам келишувларга эришилди.

Хусусан, Кастил Ла Маша университети магистратура мутахассислигини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатади. Қарорга кўра, қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида “Capacity Building Center” тармоқ маркази ташкил этилмоқда. Унда соҳадаги давлат идоралари, шунингдек, фермерлар, клас терлар раҳбарлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, соҳа мутахассислигини қисқа муддатли профессионал ўқитиш йўлга қўйилади.

Марказ соҳадаги олий ва профессионал таълим ҳамда илмий муассасаларда илмий салоҳиятни юксалтириш, жумладан, соҳадаги муаммоларнинг илмий ечимини топишга оид доимий тадқиқотлар ва илмий изланишлар олиб бориш, нуфузли журналларда тадқиқотчиларнинг мақолаларини чоп этишга кўмаклашади. Университетнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш билан боғлиқ харажатлар учун Европа Иттифоқи ва Жаҳон банкининг грантлари жалб этилади.