Уларнинг ечими замонавий биотехнология, фармацевтика ва биотиббиёт фанлари ривожига боғлиқ. Айниқса, янги авлод дориларини яратиш бугун глобал миқёсда устувор илмий йўналиш сифатида эътироф этилмоқда.

Миллий фармацевтика саноати ривожи йўлида

Ҳаётбек Абдуллаев уч йил аввал Тош­кент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институтининг илмий ишлаб чиқариш био­логик назорат бўлимида фаолият бошлаган. Серпентарий (заҳарли илонларни сақлаш ва улардан биологик фаол моддалар (заҳар) ажратиб олиш билан шуғулланувчи бўлим) мудири сифатида ишлаганида, заҳарли илон­лардан ажратиб олинган биологик фаол мод­даларнинг биокимёвий, токсикологик таҳ­лиллари ва заҳарнинг биологик фаоллигини ўрганган. 2024-2025 йилларда институтнинг биотехнология лабораториясида илмий хо­дим вазифасида хизмат қилди. Айни пайтда бактериология лабораторияси катта илмий ходими бўлган Ҳаётбек фармацевтик био­технология ва биомуҳандислик ҳамда бакте­риология йўналишларини уйғунлаштирган ҳолда илмий тадқиқот олиб бормоқда.

У маҳаллий илонлар заҳридан саратонга қарши биологик фаол компонентларни аж­ратиб олиш ва улар асосида таргетланган дори-дармон яратиш асосий илмий тадқи­қот йўналишларидан бири эканини алоҳи­да таъкидлади. Зеро, илон заҳри мураккаб биологик аралашма бўлиб, таркибида кўп­лаб биологик фаол молекулалар мавжуд. Уларнинг баъзилари ўсма ҳужайраларига селектив таъсир кўрсатиш, ҳужайра ўли­мини фаоллаштириш хусусиятига эгалиги билан қимматли. Ҳаётбек, аввало, заҳар на­муналарини йиғиш ҳақида тушунча берди.

Жараён биоэтик талаблар, биологик хавфсизлик меъёрлари ҳамда экологик барқарорлик тамойиллари асосида кечади.

Олинган намуналар стандартлаштирилган шароитда сақланади. Дастлабки босқичда заҳар таркибидаги умумий ферментатив фаоллик, протеолитик хусусиятлар каби кўрсаткичлар комплекс баҳоланади.

Биологик фаол компонентларнинг моле­куляр даражадаги хусусиятларини ўрганиш, фармацевтик шаклларини яратиш ҳамда хавфсизлик профилини шакллантириш ор­қали биологик дориларнинг янги авлодини ишлаб чиқиш учун илмий асос яратилмоқ­да. Қаҳрамонимизнинг тадқиқотлари нафа­қат онкологик касалликларни даволашда янги ёндашувларга эришиш, балки табиий биологик ресурслардан самарали фойдала­ниш, миллий биотехнология салоҳиятини ошириш ҳамда инновацион фармацевти­ка йўналишларини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади. Бундай илмий изланишлар келажакда хавфсиз ва самарали биологик дори яратишга замин бўлиши мумкин.

Ёш олимнинг илмий фаолиятида дори- дармон хавфсизлиги алоҳида ўрин тутади. Бу борада у Хитойда стажировка ўтаб, ама­лий билимларни ўзлаштирган. Орттирилган тажриба кейинчалик илмий ишланмаларда хавфсизлик профилини шакллантириш, биологик препаратларни баҳолаш ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш ҳужжатларини тайёрлашда муҳим аҳамият касб этган.

Юқорида айтганимиздек, ҳозирги кунда ёш олим бактериология лабораториясида па­тоген микроорганизмларни идентификация­лаш, антибиотикка чидамлилик механизмла­рини ўрганиш, диагностик тест тизимларини ишлаб чиқиш устида ишлаяпти. Биотехно­логия, фармацевтика, микробиология ва био­муҳандислик соҳаларини интеграция қилган илмий тадқиқотлари биологик дори-дармон­ларнинг янги авлодини яратиш, онкологик касалликларни даволаш, иммун тизимини мустаҳкамлаш ҳамда биологик хавфсизлик­ни таъминлашга қаратилган.

Илмий фаолият билан бир қаторда у илмий инновацияларни амалиётга жорий қилиш, янги фармацевтик технологиялар ишлаб чиқиш ҳамда миллий фармацевти­ка саноатини ривожлантиришга ҳисса қў­шишни мақсад қилган. Онкологияда янги таргетланган биологик препаратлар яра­тиш, биологик фаол табиий компонентлар банкини шакллантириш, иммуномодулятор воситалар яратиш шулар жумласидан.

Илмий ишланмалардан реал маҳсулотларга

Европадаги учта нуфузли олий таъ­лим муассасасида таҳсил олиб, замонавий биотехнология, молекуляр ва синтетик био­логия йўналишлари бўйича чуқур билим ҳамда амалий тажриба орттирдим, — дейди яна бир ёш олим Улуғбек Мавлонов.

Ўзбекистон Миллий университетининг биология факультетини имтиёзли дип­лом билан тамомлаган қаҳрамонимизни “Erasmus Mundus” дастури жаҳоний илмлар сари етаклади. Франция, Эстония, Германия каби давлатларда илмий салоҳияти ўсди. Чет элларда олган билим ва кўникмаларини амалиётга татбиқ этиш, шунингдек, Ўзбе­кистонда илм-фан ривожига ҳисса қўшиш мақсадида ўтган йили ватанга қайтди. Улуғ­бек ҳам Фармацевтика тармоғини ривож­лантириш агентлиги тавсияси асосида Тош­кент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институтида тадқиқотчи сифатида фаолият юритяпти. Бугунги кунда биотехнология мамлакатнинг соғлиқни сақлаш хавфсизли­ги ҳамда иқтисодий барқарорлигини таъ­минлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлар экан, у соҳада ечимини кутаётган муаммо­ларни ҳам айтиб ўтди. Хусусан, замонавий биологик дори импортига қарамлик, улар­нинг юқори нархи ёш изланувчини кўп ўй­лантиради. У айрим илғор технологиялар­нинг маҳаллийлаштирилмагани, шунингдек, илмий ишланмалар билан саноат ўртаси­даги узилишни биотехнология ривожини секинлаштираётган асосий омиллардан деб билади. Зеро, айни омиллар сабаб кўплаб истиқболли илмий ғоялар амалий маҳсулот даражасига ета олмаяпти.

— Илмий фаолиятим айнан ушбу муаммоларга ечим топишга қаратил­ган, буни икки асосий йўналишда олиб боряпман, — дейди Улуғбек. — “Бирин­чи йўналиш — маҳаллий хомашё ва био­ресурслар асосида биоактив моддаларни аниқлаш ва чуқур ўрганиш. — Ўзбекистон бой ва хилма-хил биологик ресурслар­га эга бўлиб, у ҳали тўлиқ ўрганилмаган катта илмий ва амалий салоҳиятни ўзида мужассам этади. Шу боис, маҳаллий ўсим­ликлар, микроорганизмлар ва бошқа та­биий манбалардан биологик фаол бирик­маларни аниқлаш, уларнинг фармацевтик ва тиббий қўлланилиш имкониятларини тадқиқ этиш устида изланишлар қиляп­ман. Бу ёндашув импорт ўрнини босувчи, иқтисодий жиҳатдан мақбул ва маҳаллий шароитга мос биотехнологик маҳсулотлар яратиш учун мустаҳкам илмий асос бўлиб хизмат қилади.

Иккинчи йўналиш замонавий вакцина технологиялари, жумладан, нуклеин кис­лоталар асосидаги вакциналарни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш билан боғлиқ. Бугунги кунда бундай вакциналар юқумли касалликларга қарши курашда энг илғор ва истиқболли йўналишлардан бири ҳисобла­нади. Бу йўналишда ҳамкасбларим билан биргаликда вакциналарнинг самарадорли­ги, хавфсизлиги ва қисқа муддатда ишлаб чиқилишини таъминловчи янги технологик ёндашувлар устида ишлаяпман.

Ёшлар бежиз замонавий технология­ларга интилмайди. Бу орқали улар ўзи тан­лаган соҳа ютуқларини кўра олади. Айни пайтда Улуғбек иштирок этаётган сил ка­саллигига қарши замонавий вакциналарни ишлаб чиқиш технологияси ҳам тезкор, хавфсиз ва келажакда турли касалликлар­га қарши самарали бўлиши мумкин. Унинг маҳаллий ишлаб чиқариш йўлида бошлаган эзгу иши мамлакатимизнинг фармацевтика соҳасидаги мустақиллигини таъминлаш ва импортга қарамликни камайтиришга катта ҳисса қўшади.

Тадқиқотлар юзасидан халқаро ҳамкор­ликлар ҳам ибратга арзийди. Хусусан, Жа­нубий Корея, Франция, Италия ва бошқа ривожланган давлатлардаги етакчи илмий марказлар ҳамда замонавий лаборато­риялар билан алоқалар босқичма-босқич шакллантириляпти. Бу эса илғор таҳлил усуллари, юқори технологик платформалар ва халқаро илмий тажрибадан самарали фойдаланиш ва илмий ишларни халқаро даражага олиб чиқишга ёрдам беради.

Ёш инноваторнинг асосий мақсади — биотехнология соҳасида Ўзбекистонда замонавий, рақобатбардош ва амалий на­тижага йўналтирилган илмий мактаб шакл­ланишига ҳисса қўшиш. Яъни илмий иш­ланмаларни реал маҳсулот даражасига олиб чиқиш ҳамда мамлакатимизнинг илмий- технологик салоҳиятини мустаҳкамлаш.

Ҳар икки ёш олим билан суҳбатимиз одатдагиларидан қийин кечди. Зеро, улар танлаган йўлнинг ўзи-да машаққатли. Ку­тилаётган натижа айтишга арзирли, борила­жак манзиллар ёруғ. Шунинг ўзи илм-фан борасида дунёвий миқёсда фахрланадиган ёшларимиз борлигига яна бир ишора.

Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири