Анчадан буён пойтахтимизнинг Бешёғоч майдони томон йўли тушмаган юртдошларимиз бугун майдон рўпарасида қад ростлаган сеҳрли шаҳарча — “Magic City”ни кўриб, ҳайратга тушишлари аниқ. 2020 йилнинг 11 январь куни “Hilton” меҳмонхонасида тақдимоти бўлиб ўтган лойиҳа пандемия сабабли ўтган йили фойдаланишга топширилмай қолганди. Сеҳрли шаҳарчанинг Халқаро болалар кунида очилиши Ўзбекистон халқига, айниқса, болажонларга муносиб туҳфа бўлди.
Регистондан Биг-Бенгача
9 гектар майдонда амалга оширилган лойиҳанинг биринчи қисмидаги дарвозадан кираверишда чап тарафда жойлашган Регистон майдони эътиборингизни тортади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қурилган бу майдон, гарчи Самарқанд Регистонидан бироз кичик бўлса-да, мазкур тарихий обидани кўриш истагидаги кўплаб юртдошларимизга улкан таассурот улашади, қолаверса, дунё мўъжизаларидан қолишмас миллийлигимиз рамзи бўлади. Бир муддат ўзларини Самарқандда ҳис қилган юртдошларимиз сайр давомида дунёнинг ўттиздан зиёд мамлакатига тегишли машҳур бинолар оралаб юрар экан, гўёки ўша манзилларга саёҳат қилгандек бўлади.
Бинолар 11 та тематик кўчада жойлашган. Уларнинг ҳар бири ташриф буюрувчиларни ҳайратга солиши аниқ. Масалан, Aмстердам кўчаси қадимий “сузувчи” биноларга ўхшаш уйлар билан файзли бўлса, Барселона кўчасидаги бинолар Aнтонио Гауди услубида барпо этилган табиий аллюзиялар билан тўлдирилган. Лондондаги машҳур Биг-Бен ҳам қаршингиздан чиқиб, ўзининг маҳобати билан ҳайратингизни оширади.
Шунингдек, машҳур Колизей шаклидаги катта амфитеатр ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Шу ўринда айтиш жоизки, бинолар архитектураси “Сaндерсон Групп” компанияси томонидан ишланган.
Италия, Россия, Франция, Туркия, Нидерландия, Буюк Британия каби давлатларга дахлдор номдаги кўчаларнинг ҳар бирида махсус дўконлар жойлашган. Дўконлардан мазкур давлатларга хос таомлару кийим-кечакларни харид қилишингиз мумкин. Айниқса, Миср кўчаси диққатингизни тортади. Эҳромлар остида жойлашган оилавий кўнгилочар маскандаги 20 га яқин энг замонавий аттракцион италияликлар билан ҳамкорликда танланган.
Асосий эътибор — болаларга
Пойтахтимизда кўнгилочар масканлар, замонавий оромгоҳлар кўп. Аммо уларнинг биронтаси қиш фаслида фаолият юритмайди. Шу маънода сеҳрли шаҳарча ҳудудидаги “Magic park” қишда ҳам энг қайноқ нуқта бўлиши аниқ. Биринчи куннинг ўзидаёқ сеҳрли парк минглаб жажжи болажонларга хизмат кўрсатди. Зеро, аттракционларнинг аксарияти улар учун мўлжалланган.
— Президентимизга минг раҳмат. Бугун болаларимизнинг бахтли бўлиши учун барча шароитлар муҳайё. Кўриб ҳайратга тушганимиз бу сеҳрли шаҳарча эса чинакамига мўъжизавий байрам туҳфаси бўлди. Уч кун давомида бу ердаги барча хизмат турларининг бепул бўлиши дунёдаги энг болажон халқ эканимиздан далолат. Бундай шароитларда улғаяётган болалар, албатта, бахтли, саодатли бўлади, — дейди пойтахтнинг Янгиҳаёт туманилик Гулчеҳра Эрмаматова.
Дарҳақиқат, уч кун давомида шаҳарчада минг-минглаб эртамиз эгалари болаликнинг энг бахтиёр онларини ўтказади, эртаклардаги тасаввурларини кўз ўнгида кўриб завқланади. Шунингдек, бу ерда энг замонавий боулинг зали ҳам жойлашган. Миср қисмидаги 6 та кинозалдан иборат замонавий кинотеатр ҳам диққатга сазовор. Техник жиҳатдан мукаммал лазер проекторлар билан жиҳозланган мазкур кинотеатр бир вақтнинг ўзида 450 томошабинга хизмат кўрсата олади. Бундан ташқари, Колизей нусха амфитеатр 650 кишилик. Майдони 8,5 минг квадрат метр бўлган, 65 метр баландликка отилувчи мусиқий фавворалар эса хитойлик ҳамкорларимиз меҳнати маҳсули. Олов пурковчи мосламалар билан янада кўркамлик касб этган фаввора ранг-баранг жилваланиб, ҳар қандай инсоннинг эътиборини тортиши аниқ. Яна бир диққатга сазовор объект “Magic City”нинг қоқ марказидаги қаср бўлиб, уни бунёд этишда Бавариядаги Нойшванштайн меъморий ёдгорлигидан андоза олинган.
Марказий Осиёда ягона бўлажак улкан океанариум ишга туширилса, гўёки денгиз тубига тушиб қолгандек сезасиз ўзингизни. Интерфаол усулда қурилган океанариумга кирган инсон ғайриоддий таассуротларга эга бўлади. Балиқ турлари алоҳида-алоҳида бўлимларга жойлаштирилади. Ҳозирча уни ташқи томондан томоша қилиш мумкин. Океанариум август ойида ишга тушиши режалаштирилмоқда. Мутасаддилар берган маълумотларга кўра, унда 3000 га яқин турдаги 10 мингдан зиёд балиқ, ҳатто акулаларни томоша қилиш мумкин.
— Миллий боғдаги кўл, дарахтлар сақланиб қолинган ҳудудда лойиҳанинг иккинчи босқичи — қаср кўринишидаги иншоотнинг орқа тарафидаги 12 гектар майдонда махсус ғоя асосида безатилган боғ, болалар учун автодром ва 30 дан зиёд аттракцион ҳамда аквапарк қурилади, — дейди “Magic city” лойиҳаcи менежери Бобур Турсунов.
Ўйлаймизки, сеҳрли шаҳарча эртамиз эгаларига бахтли болалик, завқу шавқ бағишлашга, энг муҳими, уларнинг янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон, бахтли ҳаёт кечиришига хизмат қилади.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири