Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 12-13 март кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида ҳуддудда маънавий-маърифий ишларни тизимли йўлга қўйиш, вилоят, туман, шаҳар маънавият ва маърифат кенгашлари фаолиятини намунали даражага кўтариш юзасидан муҳим вазифалар белгиланган эди.

Айни вазифалар ижроси юзасидан Республика Маънавият ва маърифат маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан ZOOM платформаси асосида “Маънавий-маърифий ишларни ташкил этишда самарали ва замонавий ёндошувлар” мавзусида Республика илмий-амалий онлайн конференция ташкил қилинди.

Мазкур конференцияда мамлакатимизда ҳудудий - вилоят, шаҳар, туман Маънавият ва маърифат кенгашлари фаолияти ва мувофиқлаштирувчи ўрнини намунали даражага кўтариш, бу борадаги ишларнинг узвийлиги ва самарадорлигини таъминлаш   юзасидан ўтган вақт давомида Хоразм вилоятида амалга оширилган ишларни ўрганиш, жамиятда маънавий-маърифий муҳит шакллантирилишининг самарали ва замонавий усуллари, ёндашувлари борасидаги масалалар муҳокама қилинди.

- Ўтган вақт давомида Хоразм вилоят Маънавият ва маърифат кенгаши кўплаб  эътиборга молик ишларни амалга оширди, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, - Мазкур кенгаш ёрдамида “Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий” асарлар тўплами, Комил Авазнинг “Огаҳий” асари, Юлдуз Раҳмонованинг “Хива шаҳри тарихи” ҳамда “Хива тарихидан лавҳалар”, Қурбон Муҳаммадризонинг 3 жилдли “Абу Райҳон Беруний” асари сингари 18 номдаги китоблар 20000 дан ортиқ ададда нашр этилиб, ташкилот ва муассасаларга тарқатилди. Шунингдек, 30 дан ортиқ тарғиботчилар маънавий-маърифий ишлардаги фаоллиги учун турли қимматбаҳо совғалар, 50 дан ортиқ смартфонлар, 1000 дан ортиқ китоблар жамланмалари билан тақдирлаб борилган.

Шунингдек, конференция иштирокчилари “Ҳудудларнинг маънавий қиёфаси”ни ўрганиш юзасидан эксперт гуруҳлари тузилиб, барча кўчалар маънавий экпертизадан ўтказилганлигига алоҳида эътибор қаратдилар. 2019 йилда Хоразм вилоят Маънавият ва маърифат кенгашининг ишчи органи ҳисобланган вилоят бўлими томонидан ҳудуддаги барча корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда йиллик маънавий-маърифий ишлар режаси шакллантирилиб, “Маърифат” тарғиботчилари иштирокида долзарб ва муҳим мавзуларда “Маънавият соат” ларининг ўтказилиши йўлга қўйилди. “Маънавият соат”ларининг тизимли ва таъсирчан равишда ўтказилишини мониторинг қилиб бориш амалиёти ҳам  олиб борилмоқда.

- Жалолиддин Мангуберди тарихини ўрганиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида “Жалолиддин Мангуберди” фонди ташкил этилди, - дейди Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти бўлими раҳбари Б.Абдиримов. - Буюк саркарданинг тарихи, тақдири хусусидаги мозийнинг синоатли даврини ёритиш масаласи ва ташаббуси давлат раҳбарига тақдим қилинди. Президент топшириғи асосида 2020 йил 23 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг  “Жалолиддин Мангуберди тарихининг янги саҳифаларини ўрганиш” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича фармойиши қабул қилинди.

Шуни айтиб ўтиш лозимки, Хоразм вилояти Маънавият ва маърифат кенгаши, унинг ишчи органи бўлган Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими фаолияти ўтган давр мобайнида берилган топшириқлар ва вазифалар асосида янги боқичга кўтарилди. Таълим муассасалари, давлат ва жамоат ташкилотларининг бу борадаги фаолиятини ташкил этиш, мувофиқлашитириш тизимини яратиш борасида эса муҳим қадамлар қўйилди. Иштирокчилар “Хоразм тажрибаси”нинг ибратли ишларини республикамиздаги барча ҳудудларда амалга ошириш ва бу жараёндаги ўзаро ҳамкорлик борасида келишиб олдилар.