Бу — бюрократия! Қоғозбозлик, сунъий тўсиқлар, узоқ навбатлар, кераксиз талаблар ва инсон иродасини синаб турадиган муаммолар — булар фақат маъмурий муаммо эмас, балки жамият ривожини секинлаштирувчи, халқ ишончини туширувчи хавф-хатардир.

Жамият ижодкорлик билан яшайди, иқтисодиёт фаоллик билан ривожланади, давлат эса халқ билан мулоқотда такомил­лашади. Агар бу жараён ҳаддан ташқари қоғозлар, рухсатномалар, тасдиқловчи маълумотлар гирдобида қолса, тараққиёт ўзанини йўқотади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун ортиқча бюро­кратияни қисқартириш, давлат билан фуқаро ўртасидаги масофани камайти­риш, ҳеч бир мурожаатнинг эътиборсиз қолмаслигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўл­лаган Мурожаатномасида белгиланган олтинчи устувор йўналиш — замона­вий давлат бошқаруви ва адолатли суд- ҳуқуқ тизимини шакллантириш мамла­кат тараққиётида муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу йўналиш доирасида давлат хизматларини рақамлаштириш, инсон омилини кескин қисқартириш, коррупция ва ортиқча бюрократиядан холи, аҳоли манфаатига хизмат қилади­ган давлат бошқаруви тизимини барпо этиш устувор вазифа сифатида белги­лаб берилган.

Бир пайтлар ойлаб чўзилган ишлар бугун бир кунда, ҳатто бир неча соатда ҳал қилин­моқда. Ортиқча қоғоз айланиши қисқарар экан, иштирокчи идоралар сони ҳам мини­мумга туширилиб, тўғридан тўғри мулоқот маданияти шаклланмоқда. Давлат хизматла­ри миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш, рақамлаштиришни кенг жорий этиш, маъму­рий жараёнларни соддалаштириш — булар­нинг барчаси халқ манфаатига қаратилган устувор вазифаларга айланди.

Бу жараён бир ҳақиқатни ойдинлаштира­ди: юртимизда бюрократияга қарши кураш бир кунлик ташаббус эмас, балки стратегик йўналиш, фуқаро қадрини юксалтиришга қа­ратилган узлуксиз жараёндир.

Давлат бошқарувида шаффофлик ва халқчилликни таъминлаш йўлидаги бу саъй-ҳаракатлар сўнгги йилларда ўзининг аниқ ва ишончли натижаларини кўрсатмоқда. Республикамизда бюрократияни қисқарти­ришга доир фармон ва қарорларнинг қабул қилиниши шу мақсад йўлидаги сиёсий иро­данинг яна бир исботидир. Бу ҳужжатлар­нинг ҳар бири фуқаро ҳаётини енгиллатиш, давлат механизмларини тезкор ва замона­вийлаштириш, идораларнинг масъулиятини оширишга қаратилган амалий қадамлардир.

Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив портал, “Рақамли ҳукумат” ти­зимларининг ташкил этилиши эса мамлака­тимизда мутлақо янги босқични бошлаб бер­ди. Одамлар йиллаб кўниккан қоғозбозлик, қатор идораларни айланиб юриш, ҳужжат топшириш учун кунлаб навбатда туриш каби ҳолатлар ортда қолмоқда. Хизматлар фуқа­ро учун қанчалик қулай, тезкор ва шаффоф бўлса, давлатга ишонч ҳам шунчалик мустаҳкамланиб боради.

2017 йилда фақат 444 турдаги давлат хизмати кўрсатилган бўлса, бугун уларнинг сони 1000 дан ошганини мамлакатдаги ис­лоҳотлар кўламининг ёрқин далилидир. Кўрсатилган хизматлар сонининг қарийб 10 баробар ўсиб, 55 миллиондан ошгани эса фуқароларнинг давлат билан муносабатла­ри қандай тез ва самарали шаклга ўтганини кўрсатади.

Бундан ташқари, 90 дан ортиқ хизмат­ларнинг проактив ва композит шаклда йўлга қўйилгани аҳоли ҳаётини сезиларли даража­да енгиллаштирди. Масалан, туғилиш би­лан боғлиқ хизматларнинг композит шаклда кўрсатилиши ҳар йили қарийб бир миллион фуқарога ортиқча оворагарчиликсиз катта қулайлик яратаётгани инсонийлик тамойи­лининг амалиётдаги ёрқин намунасидир.

Эҳтиёжманд қатламлар учун ҳам давлат ҳимоясининг янги модели шаклланмоқда — ижтимоий нафақалар, шунингдек, ёшга доир пенсия тайинлаш каби хизматлар фуқа­ро мурожаатисиз автоматик тарзда амалга оширилмоқда. Бу давлатнинг фуқарога қўл узатишини кутишга зарурат қолмагани, бал­ки давлатнинг ўзи инсон ҳаётидаги муҳим босқичларни ҳис этиб, зарур ёрдамни ўз вақтида кўрсатадиган тизим шаклланаётга­нини англатади.

Шу тариқа бюрократияни қисқартириш борасидаги ислоҳотлар энди фақат идоралар ичидаги тартибга солиш эмас, балки жамият онгини, давлат ва фуқаро муносабатлари­нинг моҳиятини тубдан ўзгартириб бораёт­ган миллий жараёнга айланди.

Рақамлаштириш шунчаки технологик жа­раён эмас, балки жамиятнинг ўзини англаш даражаси, давлат билан инсон ўртасидаги масофанинг қисқариши, вақт қадрининг қайта кашф этилишидир. Бугун 30 турдаги хизматнинг реал вақт режимида кўрсати­лаётгани — илм ва тараққиёт орқали инсон меҳнатига ҳурматнинг амалий ифодасидир. Бир қарашда оддий рақамдек туюлади, аммо унинг замирида бир неча миллион инсон­нинг асраб қолинган ва қутқарилган вақти, ортиқча ариза ва навбатлардан халос этилган юз минглаб тақдирлар мужассам.

Ўтган йилда 8 миллионга яқин хизмат­нинг автоматик тарзда кўрсатилиши давлат ва фуқаро ўртасидаги кўринмас деворлар­нинг парчаланиши демакдир. Илгари одам­лар бир хонадан иккинчисига югурар, қоғоз кўтариб овора бўлар эди. Энди эса хизмат одамнинг олдига келади. Бу — давлатнинг халқ олдидаги янги масъулияти, инсон ҳуқуқи ва шаънининг ўзгача эътирофи.

Электрон ҳужжат айланмаси ҳар йили аҳо­лининг 23 миллиард сўмини тежаб бераётир. Бу маблағ эмас, балки юрак безовталигидан асралган онлар, уйга эртароқ қайтиш имкони демакдир. Чунки давлатнинг ҳар бир ислоҳоти охир-оқибат инсон ҳаётини енгиллатиши, кун тартибини қулайлаштириши керак.

Тадбиркорлик соҳасидаги ўзгаришлар ҳам ҳаётнинг ўзи каби теран маъно касб эт­моқда. 160 дан зиёд лицензия ва рухсатнома­ларнинг бекор қилиниши инсоннинг кучи ва ақлини қоғозлар билан эмас, амалиёт билан баҳолашга ўтишдир. Бизнес учун электрон рухсатномалар, 140 ҳужжат талабининг бе­кор қилиниши — тадбиркорга ишонч билди­ришнинг, ташаббусига қанот бағишлашнинг амалий кўриниши. Чунки тадбиркор қанотли бўлса, иқтисодиёт ҳам, жамият ҳам юксалади.

Экстерриториал хизматлар эса мамлакат­нинг ҳар бир бурчагида бир хил имконият яратишда айни ҳақиқатга айланди. Бу ҳам давлатнинг ҳар бир хонадон эшигига қадар бориш ниятининг ифодаси. Фуқаро қаерда яшашидан қатъи назар, ҳуқуқи, қадри бир хил бўлиши керак.

Ана шундай улкан ўзгаришлар орасида “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили юртдаги муҳим ғоялардан бири сифатида ҳаётга татбиқ этилди. Бир умр орзу қилган ишини бошлаш учун одамга бир йил эмас, бир ой эмас, 15 дақиқа етгани жамият та­раққиётга қандай интилаётганининг энг ёрқин рамзидир. Чунки вақт қадрини билган миллатгина келажакни қўлга кирита олади.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили пой­тахтимиздаги Халқаро конгресс марказида бюрократияни бартараф этиш масалаларига бағишланган халқаро форумда бюрократия­ни камайтириш бўйича алоҳида дастур тас­диқланганини таъкидлаган эди. Бу ҳужжат — қоғоз ва штамплар юки остида ортга тор­тилган жамиятни эркин нафас олдирадиган, давлат билан инсон ўртасидаги масофани яна ҳам қисқартирувчи улкан қадамдир.

Шунингдек, Президентимиз томонидан белгилаб берилган мақсад ҳам олижаноб: 2030 йилга қадар Ўзбекистонни ортиқча бюрокра­тиядан холи ҳудудга айлантириш. Бу давлат хизматининг моҳиятини тубдан ўзгартириш, фуқаро учун қулай экотизим барпо этиш, бошқарув фалсафасини “инсонга хизмат” тамойили асосида қайта қуриш демакдир.

Дастурда белгиланган вазифалар эса юқори суръатда амалга оширилади. Давлат хизматлари сонининг 1500 тага етказилиши, электрон хизматлар улушининг 95 фоизга чиқарилиши мамлакатда қоғозбозликдан эмас, рақамли ишончдан иборат бошқарув тизимини шакллантиришга қаратилган ишлар кўламидан далолат беради. Бу йил 250 та хизмат электрон шаклга ўтказили­ши, автотранспорт рўйхатидан тортиб, ҚҚС қайтаришгача бўлган жараёнларнинг рақам­лаштирилиши инсон ҳаётини енгиллашти­ришга қаратилган амалий қадамлардир.

Янги Ўзбекистонда “Қоғозсиз ҳукумат” тизимига ўтиш — давлатнинг янги юзи, янги маданияти, янги масъулияти. Мавжуд 40 миллион ҳужжатнинг 25 миллионтасини рақамлаштириш, жорий йил 5 миллион ҳуж­жатни электрон шаклга ўтказиш — ўзгаришлар қандай кўламда амалга оширилаётгани­ни ўзига хос тарзда акс эттиради. Проактив ва композит хизматларнинг 400 тага еткази­лиши эса бошқарувдаги энг муҳим тамойил­ни жорий этади: фуқаро мурожаат қилмай­ди, хизматнинг ўзи унинг олдига келади. Бу бюрократияни енгишнинг энг олий босқи­чи, давлатнинг инсон олдидаги ҳақиқий масъулиятидир.

Шу билан бирга, барча давлат хизматла­ри тўлиқ хатловдан ўтказилади, бир-бирини такрорловчи, фуқарога юк бўладиган талаблар бекор қилинади. Коммунал тармоқларга уланиш, қурилиш рухсатномалари, лицензия ва рухсат бериш жараёнларида 300 дан ор­тиқ хизмат соддалаштирилади. Фуқаронинг тўрт хил тармоққа битта ариза билан улани­ши — вақт қадрини ҳис этаётган давлатнинг амалий қиёфаси.

Хизмат кўрсатиш муддати ярмигача қисқариши, 110 дан ортиқ ҳужжат ва маъ­лумот талабининг бекор қилиниши нафақат бюрократияни йўқотиш, балки фуқарога ишонч билдириш маданияти шаклланаёт­ганини кўрсатади. Давлат хизматлари пор­тали, “Лицензия” тизими, “Ягона дарча” ва колл-марказларнинг сунъий интеллект асосида ишлаши эса давлат бошқарувининг янги даврига қадам қўйиш демакдир. Энг муҳими, дастур самарадорлигини доимий мониторинг қилиб борадиган махсус офис ташкил этилади. Бу ислоҳотларни қоғозда эмас, ҳаётда амалга оширишга қаратилган мустаҳкам механизм вазифасини бажаради.

Энди аҳоли ва тадбиркорлар тўғридан тўғри янги ташаббусларни киритиш, вазир­лик ва идораларнинг фаолиятини баҳолаш имкониятига эга бўлади. Бу механизм давлат билан халқ ўртасидаги алоқани мустаҳкам­лаб, ҳамма учун очиқ, шаффоф ва адолатли тизим яратишга хизмат қилади. Шу мақсадда 3 миллион долларлик мукофот жамғармаси ташкил этилди. Бюрократияни камайтириш бўйича янги ташаббус билан чиққан ҳар бир фуқаро, тадбиркор ёки давлат хизмати хо­дими алоҳида рағбатлантирилади; қўшимча номинациялар орқали эса барча ташаббуслар эътироф этилган ҳолда қўллаб-қувват­ланади.

Юртимизда бюрократияни бартараф этиш ташаббуслари давлат хизматларини соддалаштириш билан бирга халқ ҳаёти­ни енгиллаштириш ва инсон қадрини мар­казга қўйишга қаратилган. Бюрократияни қисқартириш орқали яратилган янги давлат хизматлари экотизими тезкор ва қулай бў­лиши баробарида халқнинг ҳаёти сифати ва тадбиркорлик муҳитини ҳам яхшилайди. Бу жараённинг асосий ғояси ҳар бир қарор ва ҳар бир хизматнинг фақат инсон манфаатига хизмат қилиши, давлатнинг аҳоли олдидаги масъулиятини чуқур ҳис қилишидир.

Сардор ТОЛЛИБОЕВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири