Мазкур сафар Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва БМТ Тараққиёт Дастури ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Тошкент – Кам углеродли автотранспортга инвестициялар жалб этишни жадаллаштириш» қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилган бўлиб, ундан яшил шаҳар транспорт тизимлари бўйича энг илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш мақсади кўзда тутилган.
Хизмат сафари давомида Корея Республикасининг Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги, Корея транспорт институти ҳамда Сеул шаҳри маъмуриятининг тегишли мутахассислари билан консультатив учрашувлар ўтказилди.
Шунингдек, Сеул шаҳри жамоат транспорти соҳасида амалга оширилган кенг кўламдаги ислоҳотлар, хусусан, шаҳарда жорий этилган автобус йўлаклари (BRT), интеграллашган электрон тўлов (T-Money) тизими, даромадларни ташувчилар ўртасида тақсимлашда «Pool» тизими, жамоат транспорт инфратузилмасида аҳолининг заиф қатламлари учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишилди.
Бундан ташқари, Корея шаҳарларида жорий этилаётган транспортдан ҳоли бўлган «яшил» ҳудудлар ва жамоат транспорти парки учун электробуслар харид қилишда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тажрибалари ҳақида маълумот олинди.
Хизмат сафари давомида Сеул шаҳар маъмурияти қошида ташкил этилган транспорт маълумоти хизмати (TOPIS)га ташриф буюрилиб, шаҳар транспорт тизимини оператив бошқарув фаолияти, ҳайдовчисиз ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг пилот лойиҳалари ҳамда реал вақт режимида транспорт ва йўл маълумотларини таҳлил этиб бориш имкониятлари билан танишилди.
Учрашувлар давомида Тошкент шаҳрида жамоат транспорти соҳасини ислоҳ қилиш, шу жумладан, яшил транспорт йўлакларини жорий этишда ўзаро билим ва тажриба алмашинуви бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди, деб хабар беради Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.