Мазкур тадбир табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини кўпайтириш мақсадида «2017–2021 йилларда углеводородлар қазиб чиқаришни кўпайтириш Дастури» доирасида «Жанубий Кемачи» конидаги 4-сонли кириш тармоғи блокидан «Жанубий Кемачи» сиқув компрессор станцияси ва «Кўкдумалоқ» сиқув компрессор станциясигача бўлган табиий газ қувурида монтаж ишларини амалга оширишга қаратилган.

Газ қувурини қуриш лойиҳаси бош пудратчи «ERIELL Oilfield Services Middle East DMCC» компанияси томонидан олиб бориляпти.

Мазкур газ қувурининг ишга туширилиши натижасида «Жанубий Кемачи» конидаги паст босимли қудуқ газларини алоҳида қувурлар орқали сиқув компрессор станцияларига узатиш имконияти яратилиб, кунлик табиий газ қазиб чиқариш ҳажми кўпайишига эришилади.

Бундан ташқари, ушбу газ қувурларига параллель равишда «Жанубий Кемачи» конидаги 2-, 2Р-, 4-, 5 ва 6-сонли кириш тармоқлар блокларида сепаратор ва сиғимлар ўрнатиш бўйича ҳам қурилиш-монтаж ишлари якуний босқичда олиб борилаётган бўлиб, бу эса, ўз навбатида қудуқлардан қазиб чиқарилаётган табиий газни дастлабки тайёрлаш имконини беради, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.

Маълумот учун, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли «Жанубий Кемачи» кони Бухоро вилоятининг Қоровулбозор тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, 1980 йилда ишга туширилган.