Мамлакатимизнинг Сеулдаги элчихонаси кўмагида онлайн тарзда ташкил қилинган тадбирда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги “Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази” давлат унитар корхонаси, Жанубий Корея Ахборот жамияти миллий агентлиги вакиллари иштирок этди.
Музокараларда Тошкент шаҳрида Электрон ҳукумат бўйича ҳамкорлик илмий-тадқиқот маркази ишини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Жанубий Корея вакилларининг таъкидлашича, олдинги келишувларга мувофиқ ушбу лойиҳани амалга ошириш учун беғараз асосда 2 миллион доллар ажратиш, шунингдек, электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт бўйича учта юқори малакали мутахассисларни юбориш режалаштирилган.
Томонлар икки мамлакат тегишли вазирликлари ўртасида Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида Электрон ҳукумат бўйича ҳамкорликни ўрганиш маркази ташкил этиш тўғрисида янгиланган келишувни имзолаш масаласини имкон қадар тезроқ ҳал қилишга келишиб олди. Музокараларни ишчи гуруҳ даражасида, жумладан видеоконференциялар орқали давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Жанубий Корея томони лойиҳанинг асосий кўрсаткичлари келишилганидан сўнг тадқиқот марказида амалда иш бошлаш учун мутахассисларни Ўзбекистонга юборишга тайёрлигини билдирди.