Шимолий Кореянинг 10 нафарга яқин аскаридан иборат гуруҳ Жанубий Корея билан чегарадаги демилитаризация қилинган ҳудудда ҳарбий демаркация чизиғини кесиб ўтди ва огоҳлантирувчи ўқ отилганидан сўнг ўз ҳудудига қайтди. Бу ҳақда Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасига таяниб, Yonhap агентлиги хабар берди.
Ҳодиса маҳаллий вақт билан 17:00 атрофида содир бўлган. Жанубий Корея томони аввалига техник воситалар ёрдамида огоҳлантириш берган, сўнг огоҳлантирувчи ўт очган. Шимолий Корея ҳарбийлари демаркация чизиғидан шимолга қайтган.
Қайд этилишича, бу мамлакат шарқида содир бўлган. Қўмита КХДР армияси фаолиятини диққат билан кузатиб бораётгани ва тезкор низомга мувофиқ зарур чоралар кўрилаётганини маълум қилди.
Бир кун аввал қўмита расмий вакилининг даъво қилишича, КХДРнинг 1500 га яқин аскарлари чегарада иш олиб бормоқда, жумладан, ҳудудларни тозаламоқда ва сим тўсиқлар ўрнатмоқда. Унинг қайд этишича, Жанубий Корея томони ҳеч қандай ноодатий фаолликни кўрмаяпти, деб хабар беради tass.ru.