Туман марказидан қишлоқларгача инфратузилма тобора такомиллашяпти. Бунёдкорлик ишлари баробарида аҳолининг дунёқараши ва ҳаёт тарзида ҳам ўзгаришлар рўй бермоқда. Халқимизнинг кундан кунга ўсиб бораётган талаб ва эҳтиёжларини тўла қондириш, одамларни ҳаётдан рози қилиш борасидаги бундай хайрли ишларни изчил давом эттириш ва янада янги босқичга кўтариш жамиятимиз олдида турган долзарб вазифадир. Бу борада аҳоли билан мулоқотнинг самарали механизмлари йўлга қўйилгани ва тобора такомиллашиб бораётгани қувонарли.

Жумладан, аҳоли орасига кириб, халқ билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида вазирликлар, идоралар ва турли давлат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг жойларда оммавий қабуллари ташкил этилаётгани инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва халқимиз фаровон турмуш кечириши учун муносиб шароит яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу чора-тадбирлар «Халқ давлат идораларига эмас, балки, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» деган эзгу тамойилни рўёбга чиқаришга замин яратмоқда.

Президент Халқ қабулхоналари Самарқанд вилоятида ташкил этган оммавий қабуллар ана шундай муҳим тадбирлардан бўлди. «Инсон қадри учун!» ғояси асосида ўтган оммавий қабулларда Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа идоралар раҳбарлари иштирок этди.

Оммавий қабул давомида Бош прокуратура масъуллари 325 масаланинг 194 тасига ечим топди. Мурожаатларнинг асосий қисмини тадбиркорлик, тергов-суриштирув, суд қарорлари ижроси, ижтимоий ҳимоя, уй-жой ва моддий ёрдам ажратиш каби масалалар ташкил этди. Мурожаатлар асосида иссиқхона қуриш, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ҳамда бошқа йўналишлар бўйича оилавий тадбиркорликни бошлаш истагида бўлганларга имтиёзли кредит ажратилди. Масалан, пастдарғомлик Сарвиноз Эргашевага паррандачилик учун 13 миллион, Адолат Санаевага чорвачиликни ривожлантириши учун 30 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди.

Ургут тумани Юқори Санчқул маҳалласида яшовчи Ойбек Турсунқуловнинг мурожаатидан сўнг унга иссиқхона қуриши учун 32 миллион сўм кредит бериладиган бўлди. Бу масала иккинчи сектор ва ҳоким ёрдамчиси ҳамкорлигида ҳал қилинди. Тайлоқ тумани Хўжақишлоқ маҳалласидан қабулга келган Умрқул Умаровнинг ҳам худди шундай мурожаати асосида тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун 30 миллион сўм кредит олиш масаласи ечим топди.

— Оилавий корхонамизда гипсдан қурилиш ашёлари ишлаб чиқарамиз, — дейди Умрқул Умаров. — Иш фаолиятимни кенгайтириш учун кредит сўраб банкка ҳужжат топширган эдим. Бироқ мурожаатим ҳал бўлиши чўзилиб кетди. Шу сабабли оммавий қабулга келдим. Бу ерда шикоятим тингланиб, тезда кредит ажратиш бўйича хулоса берилди. Кредит олгач, иш фаолиятимни кенгайтириб, янги иш ўринлари очаман.

Мулоқотлар давомида аввалги оммавий қабуллардаги мурожаатлар ижроси ҳам ўрганилди. Масалан, Ургут тумани «Мерганча» маҳалласида яшовчи Зинаида Иброҳимова ўтган йили худди шундай қабулда ипотека кредити эвазига намунавий лойиҳалар асосида қурилган 2 сотихли ҳовли сотиб олиб, кредитни ўз вақтида тўлаётган бўлсада, уй сифатсиз қурилганидан шикоят қилган эди. Ўтган вақт мобайнида бу масала суд тартибида кўриб чиқилиб, адолатли ечим топилди. Зинаида опа бу гал қабулга муаммосини ечишда кўрсатган кўмаги учун масъулларга миннатдорлик билдириш учун келди.

— Мурожаатимиздан кейин тегишли идоралар масъуллари вазиятни ўрганиб, етказилган зарарни босқичма-босқич ундириб беряпти, — дейди З.Иброҳимова. — Хонадонларимизга газ ҳам тушириб беришди. Ҳақиқат юзага чиққанидан барчамиз хурсандмиз. Оммавий қабулга келиб кўрсатилган ҳуқуқий ва амалий ёрдам учун миннатдорлигимизни билдирдик.

Қўшработлик Озода Холматова эса бир мурожаати асосида уч масаласига ечим топди: аёлнинг ўзига доимий иш топиб бериладиган, олий таълим муассасасида таҳсил олаётган қизи ижтимоий ҳимояга олинадиган, озодликдан маҳрум қилинган турмуш ўртоғининг жиноят иши қайта кўриб чиқиладиган бўлди.

Қабулларда 29 аёлнинг алимент ундириш билан боғлиқ масаласига ечим топилди, ўзаро низолашган етти оила яраштирилди. Оилавий зўравонликка учраган аёлларга ҳимоя ордери тақдим этилди. Ижтимоий кўмакка муҳтож 25 аёлга тикув машинкаси тақдим этилди, томорқага экин учун уруғлик ва кўчат етказиб берилди. Уларнинг баъзиларига ишсизлик нафақаси тайинланди, касб-ҳунарга ўқитиш чоралари кўрилди. Халқ қабулхоналари ва секторлар ҳамкорлигида 23 бемор ногиронлик аравачаси билан таъминланди.

Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари эса суриштирув ва тергов, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жазодан муддатидан аввал озод этиш, жазони ижро этиш, ички ишлар органлари ходимларини ишга қайта тиклаш, ишга кириш, фуқаролик, паспорт-виза, мол-мулкни олиб қўйиш ва қайтармаслик каби 150 га яқин масалани кўриб чиқди, уларнинг 73 таси жойида ҳал қилинди.

Айтиш керакки, бугун мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Оммавий қабулда шу масалалар ҳам кун тартибига қўйилди. Ургут тумани «Савғон» маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Матлаб Исмоилов маҳалладаги таълим муассасалари ёнидан ўтган асосий кўчада автомобиллар қатнови тезлиги, бу ота-оналарда хавотир уйғотаётганидан арз қилгач, масала жойига чиқиб ўрганилди ва маҳаллий ҳокимлик билан бирга ҳал этилди. Маҳалладаги болалар боғчаси ва мактаб олдида пиёдалар йўлакчаси ташкил қилиниб, тезликни чекловчи йўл белгиси ўрнатилди.

Қўшработнинг Жўш қишлоғида яшовчи Фахриддин Қипчоқов ҳам ички ишлар соҳаси масъулларидан ҳудуддаги 56-мактаб жойлашган кўчада йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашни сўради. Фахриддин аканинг айтишича, мазкур кўчада пиёдалар ўтиш йўлаги йўқлиги, аввало, ўқувчилар ҳаётига хавф туғдирмоқда. Мурожаатдан сўнг маҳаллий ҳокимлик масъуллари билан ҳамкорликда бу масала жойига чиқиб ўрганилиб, ҳал этилди.

Оммавий қабул давомида Халқ қабулхоналари ва секторлар масъуллари аввал мурожаат қилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 56 нафар фарзандига ички имкониятлар ҳисобидан бепул расмийлаштириб берилган фуқаролик паспорти, ID карталарни топширди. Шунингдек, Ургут ва Қўшработ туманларида вилоят ҳокимлиги, адлия, солиқ, божхона, Миллий гвардия бошқармалари масъуллари ҳам кўплаб мурожаатларни қабул қилиб, қатор масалаларга ечим топди.

Қабуллар доирасида Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига, шунингдек, ички ишлар органларининг пробация хизматлари ва судларга келиб тушган мурожаатлар асосида жиноят ишлари бўйича 11 та туман ва шаҳар судида 125 та иш кўриб чиқилди. Албатта, бу ишларнинг ҳар бири алоҳида мавзу бўлсада, белгиланган жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг барчасини айбига иқрорлик, қилмишига пушаймонлик, шунга яраша муносиб жазо олганини тан олиш билан бирга, ҳаётини изга солиш учун имконият олиш умиди ҳам бирлаштириб турибди. Шу боис, суд мажлисларида бу шахслар билиб-билмай тўғри йўлдан тойганини, жиноят кўчасига кириб қолганини, қилмиши оқибатинию тўғри яшаш қадрини англаб етганини айтиб, ҳаётини ўнглаши учун яна бир имкон сўради. Суд мажлисларида ҳар бир иш батафсил кўриб чиқилиб, барча томон тинглангач, ички ишлар органларининг пробация бўлинмалари тақдимномалари асосида 100 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин шартли озод этилди, 24 судланувчига нисбатан тайинланган жазо енгилроғига алмаштирилди, битта жиноят иши тарафлар ярашгани муносабати билан тугатилди.

Қабулларда вилоят ҳокимлиги, адлия, солиқ, божхона, Миллий гвардия бошқармалари масъуллари ҳам 215 та масаланинг 48 тасини жойида ҳал қилди, аҳолига давлат хизматлари кўрсатилди, бўш иш ўринлари, кўчатлар ярмаркалари ташкил қилинди. Бир сўз билан айтганда, оммавий қабул қизғин ва самарали руҳда ўтди. Пойтахтдан борган мутасадди ташкилотлар раҳбарлари қабулга келган ҳар бир инсон мурожаатини батафсил тинглаб, жойлардаги масъул раҳбарлар иштирокида очиқ-ошкора муҳокама қилди. Ҳар бир масалага қонунийлик, одиллик ва инсонпарварлик тамойиллари асосида баҳо берилди.

Умумлаштириб айтганда, Самарқанд вилоятида суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича ташкил қилинган 4 кунлик очиқ мулоқотларда мингдан зиёд масала кўриб чиқилиб, уларнинг 341 таси жойида ҳал қилинди, 267 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, 393 та мурожаат бўйича эса аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, Президент Халқ қабулхоналари томонидан назоратга олинди.

Халқимиз бунга жавобан ўз миннатдорлик туйғусини оддий ва самимий сўзлар билан ифода этди: «Бўлар эканку!». Минг-минглаб юраклардан отилиб чиққан бу хитоб халқимизнинг бугунги фаровон ҳаётга шукронаси, ёруғ келажакка интилиши, эзгу ислоҳотлар оиласига, ҳаётига кириб бориб, умрига янгича маъно-мазмун бахш этган инсонларнинг ҳаётдан розилиги изҳори бўлиб янгради, гўё. Истагимиз - халқимизнинг ҳаётидаги ушбу янгиланиш ва юксалишлар бардавом бўлсин!

Баҳор Хидирова,

«Янги Ўзбекистон» мухбири