Тадбир Жанубий Корея бозори дунёдаги йирик BPO (Business process outsourcing) ва IT хизматлари буюртмачиларидан эканлигини инобатга олиб, халқаро IT ва BPO бозорларда Ўзбекистоннинг салоҳиятини юксалтириш, Корея Республикаси билан АКТ соҳасида ечимларни биргаликда ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш, ушбу соҳада фаолият олиб бораётган етакчи компанияларни Ўзбекистонга кенг жалб қилиш, улар билан BPO ва IT-аутсорсинг соҳасида тажриба алмашиш мақсадида Сеул ва Тэгу шаҳарларида ташкил этилди.
Корея Республикасининг Кёнгбук Технопарки билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда IT Park Uzbekistan делегацияси таркибида келган IT Parkнинг 10 га яқин маҳаллий резидентлари ва Корея Республикасиниг 60 дан зиёд етакчи IT корхоналари ҳамда Кёнгбук Технопарки вакиллари иштирок этишди.
Uzbekistan IT Days дастурига мувофиқ IT Park ҳамда унинг резидент корхоналари раҳбар ва вакиллари томонидан тақдимотлар ўтказилди. Жанубий Кореянинг ушбу соҳадаги илғор компаниялари вакиллари билан музокаралар ва В2В форматида учрашувлар ташкил этилди. Ушбу тақдимотлар давомида Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар учун яратилган улкан шароитлар, жумладан IT Park Uzbekistan фаолияти ва унинг резиденти асосида фаолият олиб бориш қулайлик ва афзалликлари ҳақида иштирокчиларга маълумот берилди.
Шу билан бирга, IT Park Uzbekistan ва унинг маҳаллий резидент корхоналари вакилларининг «Solarmy», «Ptech», «Ko-Mapper», «Neokorea», «Neo Information System», «I-ON Communication» ҳамда IT соҳасида фаолият юритаётган Корея Республикасининг бир қатор илғор компаниялари раҳбар ва вакиллари билан ўтказган учрашувларида томонлар IT Park Uzbekistan ҳудудида АКТ соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш шартлари ва истиқболлари юзасидан кенг музокаралар олиб бордилар.
Мазкур тадбир иштирокчилар учун IT соҳасидаги таниқли шахслар ҳамда асосий ўйинчилар билан алоқа ўрнатиш ҳамда тажриба алмашиш йўлида муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.