Маданият кунлари доирасида куни кеча Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳридаги “Sejong Art Center”нинг “Grand Theater” концерт залида “Ўзбекистон маданияти кунлари”нинг тантанали очилиш маросими ҳамда концерт дастури бўлиб ўтди. (Сеулда бўлиб ўтган “Ўзбекистон маданияти кунлари”нинг тантанали очилиш маросимидаги концерт дастурини YouTube платформасида https://www.youtube.com/live/SzDOSmYSefI томоша қилишингиз мумкин.)
Тадбирда Ўзбекистоннинг бой миллий мусиқа ва санъат мероси кенг намойиш этилди. Маданий дастурда Ўзбекистон халқ артистлари Озодбек Назарбеков, Зулайхо Бойхонова, Камолиддин Ўринбоев, Илёс Арабов ва Айгул Нодирова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Озода Нурсаидова, шунингдек, таниқли хонандалар Ҳулкар Абдуллаева ва Улуғбек Йўлчиев иштирок этди. Шунингдек, концерт дастуридан Ўзбекистон давлат симфоник оркестри, “Навбаҳор” рақс ансамбли, мақом ва опера санъати хонандаларининг чиқишлари ўрин олди. Томошабинларга ўзбек симфоник мусиқаси, миллий рақс, мақом ва опера санъати ҳамда замонавий эстрада намуналари тақдим этилди.
Мазкур маданий тадбирларнинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, замонавий санъати ва миллий қадриятларини Корея жамоатчилигига кенг намойиш этиш, икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда ижодий алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.
Маданият кунлари дастури кенг қамровли бўлиб, Корея Республикасининг турли шаҳарларида симфоник концертлар, кўргазмалар, учрашувлар ва бошқа маданий тадбирларни қамраб олган.
Жумладан, 14 сентябрь куни Кочхон шаҳридаги “Gochang Cultural Center” мажмуасида, 15 сентябрь куни Борён шаҳридаги “Boryeong Culture and Arts Center” мажмуасида “Ўзбек маданияти фасллари” симфоник концерт дастурлари намойиш этилди. 16–17 сентябрь кунлари Сеул шаҳридаги “Sejong Art Center”да маданият кунларининг тантанали очилиш маросими ва концерт дастури ўтказилди. Шунингдек, “Ўзбек маданияти фасллари” фото ва миллий либослар кўргазмаси ташкил этилди.
Дастурга мувофиқ, 18 сентябрь куни Чонджу шаҳридаги “Korean Traditional Music Center”, 19 сентябрь куни Андон шаҳридаги “Andong Art Center” мажмуаларида “Ўзбек маданияти фасллари” симфоник концерт дастурлари ўтказилади. 21 сентябрь куни эса Сунчхон шаҳридаги “Suncheon Cultural Center” мажмуасида “Ўзбекистон маданияти кунлари”нинг тантанали ёпилиш маросими ва концерт дастури бўлиб ўтади.
Маданият кунлари доирасида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигидаги делегация томонидан Корея Республикасида маданият ва санъат, таълим ҳамда халқаро гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор учрашувлар ҳам ўтказилди.
Хусусан, Сеул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Корея Республикаси маданият, спорт ва туризм вазири Чхве Хви Ён ўртасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди. Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасида маданият ва санъат соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Сеулдаги “Sungshin Women’s University” университетида бўлиб, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Учрашув якунида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ҳамда “Sungshin Women’s University” ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат икки таълим муассасаси ўртасида маданият ва санъат соҳасида таълим ҳамда тажриба алмашинувини ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўртасида академик алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, маданият вазири Озодбек Назарбеков Корея Республикасида таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар билан учрашиб, улар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Ўзбекистон делегациясининг Корея Республикасидаги учрашувлари доирасида Корея Республикаси жамғармаси президенти Гвидо Сонг билан ҳам мулоқот ташкил этилди. Унда икки мамлакат ўртасида маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Маданият кунлари доирасида Корея Республикасида “Санъат ва Буюк Ипак йўли — дўстлик йўлларини боғловчи ришталар” кўргазмаси ҳам очилди. Кўргазмада Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, санъати ва ижодий анъаналари намуналари корейс жамоатчилигига тақдим этилмоқда.
Кенг қамровли маданий дастур Ўзбекистоннинг бой маданий меросини халқаро майдонда тарғиб қилиш, икки мамлакат ижодкорлари ва маданият муассасалари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Корея халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.