Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонасида томонидан ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намояндаси, олим ва шоир, шоҳ ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган ёш ватандошлар ўртасида мини-футбол бўйича турнир ташкил этилди.
Мусобақа аввалида юртдошларимизга буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди, унинг дунё адабиётига қўшган ҳиссаси, давлат арбоби сифатида жаҳон тарихида қолдирган буюк мероси ҳақида маълумот берилар экан, Ўзбекистон Президентининг «Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори мамлакатимиз маънавий ҳаётида ўзига хос воқелик бўлгани таъкидланди.
Тадбирда, шунингдек, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг жорий этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш мақсадида юртимизда турли спорт мусобақалари мунтазам равишда ўтказиб келинаётгани, ушбу турнир хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимиз орасида ҳам ана шундай ишларни давом этишининг мантиқий давоми эканлиги қайд этилди. Чунки бугунги кунда спортни оммавий ҳаракатга айлантириш, аҳолининг жисмоний имкониятларини рағбатлантириш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ҳар бир инсоннинг муҳим вазифасига айланган.
Турнир иштирокчилари, ўз навбатида, элчихона томонидан сўнгги йилларда Жанубий Кореяда таҳсил олаётган ва меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, зарур ҳолларда уларга керакли ёрдам кўрсатилаётгани, доимий равишда маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказиб келинаётганини юқори баҳоладилар.
Турнирда ҳамюртларимиздан ташкил топган 8 жамоа ўзаро баҳс олиб борди. Учрашувлар натижасига кўра, «Водий» жамоаси турнир ғолиби бўлди. Иккинчи ўрин «Бўстон» жамоасига насиб этди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.