Мюнг-Хи Чунг бакалавр ва магистр даражасини Сеул миллий университетида (Seoul National University) қўлга киритган. Докторлик даражасини эса Нью-Йорк Университетининг Қуйи штат тиббий марказида ҳимоялаган.
У турли йиллар давомида Корея Республикаси, AҚШ ва Япония олий таълим муассасаларида профессор ёрдамчиси, профессор, таклиф этилган олим, кафедра мудири, фахрий профессор лавозимларида фаолият юритган.
Шу билан бирга у турли тадқиқот марказлари ва институтлари ҳамда илмий қўмиталарга раҳбарлик қилган. Ҳозирги кунда Мюнг-Хи Чунг Гачон Университетининг Илмий-тадқиқот институти директори лавозимида ишламоқда.
Бундан ташқари у академик жамиятлар ва илмий журналларида турли лавозимларни эгаллаб келмоқда. Жанубий Кореялик мутахассис 165 дан зиёд илмий мақолалар муаллифидир.
Таъкидлаш лозимки, профессор Мюнг-Хи Чунг Гачон Университетининг AКФA Университетини ташкил этишда кўмак берувчи қўмитаси раҳбари лавозимида ҳам фаолият юритган.
— Профессор Мюнг-Хи Чунг AКФA Университети тиббиёт факультетининг очилишида ўзининг катта ҳиссасини қўшган. Эндиликда у бизнинг университетга мамлакатимизда тиббий таълимни ривожлантириш бўйича ўз маслаҳатларини беради. Аминманки, Мюнг-Хи Чунгнинг катта тажрибаси мамлакатимизда тиббий таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини янги даражага кўтаришга ёрдам беради, — деди AКФA Университети ректори Беҳзод Жалилов.