Шу кунларда юртимиз узра энг улуғ, энг азиз айём — Мустақиллик байрами шукуҳи кезиб юрибди. Ушбу қутлуғ кун арафасида мамлакатимизда турли соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақидаги кўнгилларимизни шод айлайдиган хушхабарлар ҳам тобора кўпаймоқда. Шунга монанд тарзда спортчиларимиз ҳам истиқлолимизнинг 30 йиллиги байрамига муносиб совға ҳозирлашаётгани барча юртдошларимизга чексиз қувонч, ғурур ва ифтихор бағишлайди. Даставвал, Токио-2020 ёзги Олимпиадасида спортчиларимиз қўлга киритган 3 та отин, 2 та бронза медали барчамизга ана шундай туйғуларни бағишлаган бўлса, шу кунларда ўтказилаётган Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз қўлга киритаётган ғалабалар янада салмоқли бўлиб, қалбимизни чексиз ғурур-ифтихорга тўлдирмоқда.
Токиода ўтказилаётган XVI ёзги Паралимпия ўйинлари тобора қизғин паллага кириб бормоқда. Мамлакатимиз спорт мухлислари ҳамюртларимизнининг ҳар бир чиқишини катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб боришяпти. Унда спортнинг 8 турида 48 спортчимиз иштирок этмоқда. Спортчиларимиз паралимпия мусобақларининг дастлабки кунлариданоқ ўзларига билдирилган ишончни оқлаб, юксак натижаларни қайд этмоқда. Ҳа, натижаларимиз чиндан ҳам юксак, 5 та олтин, 4 та кумуш ва 6 та бронза медали! Ҳали мусобақлар давом этмоқда!
Паралимпия ўйинларининг дастлабки кунида терма жамоамиз вакили Ислом Асланов пара-сузиш баҳсларида бронза медалига сазовор бўлди. Эркаклар ўртасида 100 метрга баттерфляй усулида (S13 класс) сузиш баҳсида 2 нафар вакилимиз финал дастурида қатнашди. Учинчи йўлакда ҳаракат қилган юртдошимиз Ислом Асланов 57.12 сония натижа қайд этди ва бронза медалини қўлга киритди.
27 август куни бўлиб ўтган Пара-енгил атлетика дастурининг T11 классида аёллар ўртасида узунликка сакраш баҳслари биз учун омадли келди. Унда иштирок этган ҳамюртимиз Асила Мирзаёрова делегациямиз ҳисобига иккинчи медални қўшиб қўйди. У 4.91 метр натижа кўрсатган ҳолда, 2-ўринни эгаллади ва кумуш медалга сазовор бўлди.
Ўша куни делегациямизнинг Токио-2020 Паралимпия ўйинларидаги дастлабки олтин медалини пара-дзюдочимиз Учқун Қуронбоев қўлга киритди. -66 килограмм вазн тоифасида курашаётган полвонимиз олтин медаль учун кечган баҳсда испаниялик Серхио Ибанес билан рақобатлашди. Қизиқарли ва муросасиз кечган беллашувда вакилимизнинг қўли баланд келиб, Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб туҳфа тайёрлади — олтин медаль.
Токио-2020 Паралимпия ўйинларининг 28 август кунги баҳсларида ҳамюртимиз Элбек Султонов куннинг биринчи хушхабарини келтирди. Пара-енгил атлетиканинг F12 тоифасида ядро улоқтириш баҳсларида иштирок этган Султонов бронза медалига сазовор бўлди. Унинг дастлабки уринишда қайд этган 15.94 метр натижаси якунда шоҳсупага кўтарилишига замин яратди.
Ўша куни аёллар ўртасида пара-енгил атлетиканинг найза улоқтириш турида F13 классида ҳамюртимиз Нозимахон Қаюмова Ўзбекистонга навбатдаги олтин медални келтирди. Тажрибали спортчимиз 42.59 метр натижа билан биринчи бўлди.
Айтиш жоизки, Нозимахон Қаюмова Рио-2016 ёзги Паралимпия ўйинларида ҳам олтин медални қўлга киритган эди.
— Чемпион бўлишдан кўра, уни ҳимоя қилиш қийинроқ деган гап бор спортда, — дейди Н.Қаюмова. — Шуни ҳисобга олиб, бу гал икки ҳисса тайёргарлик кўрдим. Рио-2016 Паралимпия ўйинларидаги натижамни Токиода ҳам такрорлаб, жамоамиз ҳисобига олтин медаль олиб беришни кўнглимга туккандим. Токио паралимпия мусобақасида ҳам ғалаба қозониб, икки карра паралимпия чемпиони бўлиш бахтига муяссар бўлганимдан жуда бахтиёрман. Бу, аввало, Президентимизнинг биз ёшларга, хусусан, спортга қаратаётган юксак эътибори, яратиб берилаётган шарт-шароитлар самараси деб, биламан. Ғалабамни Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлайман.
Делегациямизнинг яна бир олтин медалини пара-енгил атлетикачимиз Моҳигул Ҳамдамова қўлга киритди. F57 тоифасида диск улоқтириш баҳсида қатнашган Моҳигул 31.46 метр натижа қайд этди. Ушбу дастурда қатнашган бошқа ҳеч қайси спортчи бу кўрсаткичга ҳатто яқин ҳам кела олмади ва Ҳамдамова Паралимпия ўйинлари чемпионига айланди.
Пара-пауэрлифтинг бўйича аёллар ўртасида -61 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Рўза Қўзиева финал баҳсида иштирок этиб, 130 килограмм тошни бўйсундирган ҳолда, кумуш медалга сазовор бўлди.
Пара-дзюдо бўйича –57 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Парвина Самандарова финалда озарбайжонлик Севда Валиевага қарши баҳс олиб борди. Муросасиз кечган баҳсда Самандарова вазари баҳоси билан имкониятни бой бериб қўйди ва делегациямиз ҳисобига яна бир кумуш медални тақдим қилди.
Пара-дзюдочимиз Феруз Саидов паралимпия мусобақасида олтин медалга сазовор бўлди. –73 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган вакилимиз финалда қозоғистонлик Темиржан Даулетни иппон баҳоси билан мағлуб этиб, Паралимпия ўйинлари чемпионига айланди.
Пара-дзюдочимиз Нафиса Шерипбаева –63 кг вазн тоифасида мусобақларда иштирок этди. Бронза медали учун кечган курашда испаниялик Марта Арсе устидан иппон баҳоси билан ғалаба қозониб, делегациямиз ҳисобига учинчи бронза медалини тақдим этди.
Пара-дзюдочимиз Довурхон Кароматов Токио-2020 Паралимпия ўйинлари финалида озарбайжонлик спортчига қарши курашди. –81 килограмм вазн тоифасида Ҳусейн Раҳимлига қарши кураш олиб борган вакилимиз қўшимча вақтда имкониятни бой бериб, кумуш медалга сазовор бўлди.
— Миллионлаб ҳамюртларимиз ғалабамизга кўз тикиб турганини ҳис этиш, Ватан шарафини ҳимоя қилиш, спортчи учун катта шараф, — дейди Довурхон Кароматов. — Бу айни пайтда спортчига катта масъулият ҳам юклайди. Бу йилги паралимпия мусобақаларида кумуш медалга сазовор бўлдим. Бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Кейинги олимпиадаларда ҳам иштирок этиб, олтин медални қўлга киритишни ўз олдимга мақсад қилдим.
Токио-2020 Паралимпия ўйинларининг 29 август кунги дастурида 100 килограмм вазн тоифасида иштирок этган пара-дзюдочимиз Шариф Ҳалилов бронза медали учун кечган курашда бразилиялик Антонио да Силвадан устун келиб, иккинчи бор Паралимпия ўйинларининг медалига сазовор бўлди. Ҳамюртимиз бундан аввал Лондон–2012 Паралимпиадасида кумуш медалга эга чиққан эди.
30 август куни ҳам паралимпиячиларимиз спорт мухлисларини ғалабалар билан қувонтирди. Пара-енгил атлетиканинг эркаклар ўртасида F41 классида ядро улоқтириш баҳсларида иштирок этган спортчимиз Бобуржон Омонов 14.06 метр натижа қайд этиб, олтин медалга сазовор бўлди. Тағин Паралимпия рекордини янгилаган ҳолда!
Таъкидлаш керакки, бу борада жаҳон рекорди ҳам айнан Омоновга тегишли. Бобуржон Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 14.31 метр натижа билан дунё рекордини ўрнатган эди.
— 2017 йил ёшлар ўртасидаги Параосиё ўйинларида, 2019 йили жаҳон чемпионатида ғолиб бўлганимдан кейин, энди паралимпия ўйинларида ҳам, албатта, ғалаба қозониб, Ватанимиз байроғини юқори кўтаришни ўз олдимга мақсад қилгандим, — дейди Бобуржон Омонов. — Бугун спортдаги ана шу энг юксак довондан ҳам муваффақиятли ўтиб, Паралимпия чемпиони бўлганимдан, жуда хурсандман. Бундан буён ҳам янги Ўзбекистонимизга янги ғалабалар келтириш йўлида бор куч ва ғайратимни аямайман.
Пара-енгил атлетикачимиз Нурхон Қурбонова ядро улоқтириш баҳсида — F54 тоифасида кечган баҳсда 7.77 метр натижа қайд этиб, шахсий кўрсаткичини янгилади. Шу билан бирга, ушбу натижа унга бронза медалини ҳам тақдим қилди.
Пара-сузувчимиз Шоҳсанам Тошпўлатова Токио-2020 Паралимпия ўйинларида делегациямизнинг 15-медалига муаллифлик қилди. Ҳамюртимиз 200 метр масофага кечган комплекс сузиш дастурида бронза медалини қўлга киритди. У ўта муросасиз кечган финал дастурида маррага учинчи бўлиб етиб келди. Вакиламиз масофани 2:27.92 дақиқада сузиб ўтишга муваффақ бўлди. Қайд этиш жоиз, бу унинг учун Паралимпия ўйинларидаги учинчи медали бўлди. Ушбу спортчимиз Рио-2016 Паралимпиадасида 2 та бронза медалига сазовор бўлган эди.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон делегацияси Рио-2016 Паралимпия ўйинларида ҳам юксак натижалар қайд этган. Ўшанда спортчиларимиз 8 та олтин, 6 та кумуш, 17 та бронза, жами 31 та медални қўлга киритиб, медаллар сони бўйича 12-ўринни эгаллаган.
Делегациямизнинг Токио-2020 Паралимпия ўйинларидаги медаллари ҳозирча 5 та олтин, 4 та кумуш ва 6 та бронзани ташкил этмоқда. Бу билан Ўзбекистон паралимпия жамоаси айни пайтда дунё давлатлари орасида медаллар жамғармаси бўйича 14-ўринни эгаллаб турибди. Бу ҳали ҳаммаси эмаслигига ишонамиз. Чунки Паралимпия ўйинлари ҳали давом этмоқда. Спортчиларимиз қўлга киритаётган бундай юксак ғалабалар тобора яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига муносиб туҳфа бўлади.
Шаҳзод ҒАФФОРОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири