Ушбу учрашувгача ҳар икки шахматчи 3 партиядан 2,5 очкодан тўплаган эди. Навбатдаги ғалаба Синдаровга 4 партиядан 3,5 очко жамғариш ва биринчи ўринга кўтарилиш имконини берди.
36-юришда якунланган партияда оқ доналарда ўйнаган Синдаров устунликни ишонч билан сақлаб қолди. Ўйин ўртасида рақибнинг хатоси ҳал қилувчи бурилиш нуқтаси бўлиб, ўзбекистонлик шахматчи ташаббусни тўлиқ ўз қўлига олди.
Бу натижа Синдаров учун турнирдаги учинчи ғалаба бўлиб, уни якуний ғолиблик учун асосий даъвогарлардан бирига айлантирди.
Навбатдаги 5-тур 3 апрель куни бўлиб ўтади. Унда Синдаров қора доналарда Хикару Накамурага қарши баҳс олиб боради.
2026 йилги Номзодлар турнири 29 мартдан 15 апрелгача давом этади. Унда дунёнинг энг кучли 8 нафар гроссмейстери иштирок этмоқда. Ғолиб амалдаги жаҳон чемпиони Доммараджу Гукешга қарши жаҳон тожи учун баҳс олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритади.