Яқинда таниқли шарқшунос олим Исматулла Абдуллаевнинг “Маърифат ва тарбия” мақоласи қўлимизга тушиб қолди ва сиз, азиз газетхонларга ҳам илиндик. 1989 йилда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилинган ушбу мақолани ўқир экансиз, собиқ совет тузуми даврида миллий ўзлигимизни англаш, улуғ аждодларимизнинг бой илмий ва ижодий меросини ўрганиш, тиклаш ва тарғиб этишга қандай ғовлар қўйилгани, бу борада изланиш олиб борган зиёлиларимиз қанчалик қийинчилик ва машаққатларга дучор бўлганига гувоҳ бўласиз. Шунинг баробарида бугун биз оддий ҳол деб қарайдиган мустақиллик, ҳурлик, сўз ва ижод эркинлиги каби улуғ неъматларнинг қадрига ета бошлайсиз.
Исматулла Абдуллаев чин маънодаги зиёли инсон эди. У бутун умри давомида илм заҳматини ўзига ҳамроҳ этиб, X-XI асрларда Ўрта Осиё ва Мовароуннаҳр ҳудудларида араб тилида ижод қилган кўплаб аллома ва шоирлар асарларини ўзбек тилига таржима қилди. Ваҳоланки, у даврда миллий ўзлигимизни, буюк тарихимизни кўрсатиб берадиган илмий ишлар қўллаб-қувватланмас, аксинча, турли қаршилик ва тўсиқларга дуч келарди. Шундай бўлса-да, олим ўз аъмолидан, принципларидан сира чекинмади. Халқимизга, келгуси авлодларга улкан илмий мерос қолдирди.
Атоқли манбашунос олим, моҳир таржимон Исматулла Абдуллаев бугун орамизда йўқ бўлса-да, унинг маърифат ва зиё тарқатишдек эзгу ва хайрли ишлари ҳамон давом этмоқда. Устоз фаолияти давомида тўплаган бой кутубхонасини Наманган давлат университетига ҳадя этган эди. Айни пайтда вилоятдаги кўплаб зиёлилар, илм аҳли, ёшлар ушбу ноёб дурдонадан баҳраманд бўлишмоқда.
Бутун умрини илм-фан ва маданиятимизга бағишлаган Исматулла Абдуллаевнинг юқорида зикр этилган “Маърифат ва тарбия” мақоласи жузъий қисқартиришлар билан эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
Бахтиёр ЁҚУБОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси
***
МАЪРИФАТ ВА ТАРБИЯ
Ўрта Осиё халқлари, жумладан, ўзбек халқи жуда қадимий бой тарих ва маданиятга эга. Маданиятимиз дурдоналари асосан уч: араб, форсий ва туркий (қадимги ўзбек) тилларида яратилган. Шу билан бирга, бу ерда 1300 йил давомида ислом дини ҳукмрон дин бўлиб, қонун-қоидалар, ўқув юртлари бўлмиш мактаб ва мадрасалар ана шу динга итоат эттирилган. Тарих, адабиёт, қонуншунослик ва, умуман, ҳаётнинг ҳамма жабҳалари шу ҳукмрон дин билан чамбарчас боғланиб кетган. Диний адабиёт, унинг қонун-қоидалари билан илмий адабиёт қоришиб кетган, буни ажратиб ўрганиш, бирини олиб ташлаб, иккинчисини таҳлил қилиш қўпол хатоликларга олиб келиши мумкин. Буни бир бутун манба сифатида илмий ўрганиш ва давримиз талабига жавоб берадиган тарзда халқимизга етказишимиз керак.
Октябрь инқилобидан кейин динни давлатдан ажратиш ҳақида декрет эълон қилинди. Дин арбоблари янги тузумга қарши чиқишга ожизлик қиларди, декрет уларни чеклаб қўйди. Диндорларни бутунлай қириб, йўқ қилиб юбориш, халқ маблағи, меҳнати билан яратилган меъморлик санъати обидалари бўлган масжид ва мадрасаларни бузиб ташлаш ҳақида декретда ҳеч қандай кўрсатма берилмаган эди. Сталинизм даврида Ўзбекистонда жуда мудҳиш, кечириб бўлмайдиган ишлар амалга оширилдики, ҳозир буни эсга олсак, сўзсиз, кўзимизга ёш келади.
Ўрта Осиёдаги мадрасалар олий ўқув юрти, университет даражасида бўлган. Учта тил (араб, форсий ва туркий) мукаммал ўргатилган. Уларда ҳуқуқ, илми нужум, ахлоқ, фалсафа, мантиқ, адабиёт, жуғрофия, тарих, табобат, тариқат илмлари ўқитилган. Араб ва форсий тиллар орқали ерли халқ дунёнинг бир қанча бошқа халқлари тарихи, маданияти, илм-фани ва адабиёти билан танишиш имконига эга бўлган. Ўқитиш усуллари ниҳоятда мураккаб ва қийин бўлгани учун мадрасани ҳамма ҳам муваффақиятли тугатолмаган. Истеъдодли, илмга чанқоқ талабалар очлик, қийинчиликларни енгиб, 10-20 йиллаб “мадраса тупроғини ялаб”, уни муваффақиятли тугатган. Улар ўз шаҳри ва қишлоғига бориб, тезда домла номи билан ҳурмат қозонган. Мадрасаларни оддий халқ, косиб, ҳунарманд ва деҳқон болалари маҳорат билан тугатган. Бой ва мансабдорлар болалари эса маишат қилиш билан кун ўтказган. Устозим арабшунос В.И.Беляев “Тил ўргатишда мадраса берган илмни ҳеч бир бошқа институт беролмайди”, деб бир неча марта такрорлаган эди. Ҳозирги вақтда учта тилни мукаммал эгаллаган, шу тиллардаги қадимий қўлёзма ва босма манбаларни бемалол ўқиб, таҳлил қиладиган мутахассисларни на ТошДУнинг шарқ факультети ва на Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний бошқармаси ҳузуридаги Ислом институти тайёрлаб беролади.
Маданият ва тарихимизнинг буюк сиймолари, жаҳон илму фани хазинасига беқиёс ҳисса қўшган Муҳаммад ал-Хоразмий, Касир Фарғоний, Ибн Сино, Беруний, Улуғбек, Шарқнинг буюк шоирлари Хўжа Ҳофиз, Низомий, Шайх Саъдий, Жомий, Навоий, Бедил, демократик шоирлар Фурқат, Муқимий, Завқий кабилар мадрасаларда таҳсил олиб, юксак даражага эришган кишилар эди.
Мадрасаларни тугатган, замонасининг олим ва ўқимишли кишилари ҳисобланган зиёлиларнинг бир қисми инқилобдан олдин халқни маърифатга чақириш, саводли қилиш, Европа маданияти билан таништириш мақсадида жадидлик (янгилик)ни тарғиб этдилар. Янги усулда мактаблар очдилар, газета ва журналлар чиқардилар. Булар ўз даврида янгилик тарафдорлари эди ва халқ орасида маърифат тарқатиш, савод ўргатишда анчагина ижобий роль ўйнаганди. Инқилобдан кейин мадрасада таҳсил олган зиёлиларнинг кўпчилиги совет ҳокимиятини ёқлаб, турли ташкилот ва муассасаларга ишга ўтиб кетишди, мактабларда ўқитувчилик қилишди, баъзилари ҳунармандлик, деҳқончилик каби ишлар билан шуғулланди.
Минг афсуски, шахсга сиғиниш даврида қўпол хатоларга йўл қўйилди. Мадраса “тупроғини ялаган” зиёлиларнинг бир қисми жадидликда айбланиб йўқ қилинди, бир қисми аксилинқилобчи, деб ҳибсга олинди ва қириб юборилди. Қолганлари диний арбоб сифатида қораланиб, “домла”, “руҳоний” ёрлиқлари остида сургун ва қирғин қилинди. Улар ўз замонида ўқимишли олим, маърифат тарқатувчи, халқ ҳурматига сазовор зиёлилар экани бутунлай инкор этилди. Уларни халқ бекорга уламолар (олимлар) деб атамаган-ку!
Шундай қилиб, маданият ва тарихимизни, араб, форсий ва қадимги ўзбек тилларида яратилган бой хазинани ўқийдиган ва халққа етказиб берадиган камёб мутахассис олимлар деярли тугатилди, айрим машҳур рус олимлари шахсга сиғиниш даврида Европа ва Америка давлатларига бошпана қидириб, турли йўллар билан ўтиб кетгани каби Қашқария, Афғонистон ва Арабистонга ўтиб кетдилар. Уларни биз ватан хоинлари деб атадик, фарзандларини таъқиб остига олдик.
1918 йили Тошкентда Туркистон шарқ институти ташкил этилиб, кейин Ўрта Осиё давлат университети шарқ факультетига айлантирилган эди. 1931 йили бу факультет ҳам тугатилди. 1929 йили лотин, 1939 йили эса рус алифбосига ўтиб кетилди. Араб хатидаги қадимги ўзбек тилини ўрганиш ҳам барҳам топди. Баъзи бунинг уддасидан чиқадиганлар ниҳоятда қўрқоқ бўлиб, улар оғзига муҳр босиб, қўлига кишан солинган эди. Доим хавф остида турар эди. ЎзФА Шарқшунослик институтида 40 йилга яқин ишлаган, Ибн Сино, Беруний, Хоразмий асарларини араб тилидан таржима қилган машҳур шарқшунос, учта тил билимдони Абдуфаттоҳ Расулев ўз таржимаи ҳолида ёзади: “Мен нотўғри сиёсат туфайли 1924 йилда ўқитувчиликни ташлаб, 20 йил давомида ғишт терувчи ва сувоқчилик қилдим. Шундай қилмаганимда, мени ҳам йўқ қилишган бўларди”.
Шу тариқа 40-йилларга келиб, на араб, форсий ва туркий тилларни билган мутахассис олимлар ва на бундай мутахассисларни тайёрлайдиган илм ўчоғи қолган эди. 20-йиллардан бошлаб 50-йиллар давомида бу уч тилдаги аниқ фанлар, адабиёт, тарих ва тилга оид бирорта манба ўзбек тилига ағдарилмади. Фан, маданият ва тарихимизни ўрганиш деярли тўхтаб қолди.
1944 йили Ўрта Осиё давлат университети ҳузурида шарқ факультети қайта тикланди. Анча-мунча кадрлар етишиб чиқа бошлади. Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузурида худди шу йили Шарқ қўлёзмалари (ҳозирги Шарқшунослик) институти ташкил этилди.
1950-йиллардан бошлаб Ибн Сино, Беруний, Хоразмий, Форобий, Саолибий, Улуғбек каби сиймолар асарлари ўзбек ва рус тилларига таржима қилиниб, тадқиқот ва изоҳлари билан нашр қилина бошланди. Лекин бу иш тил билган кадрлар етишмаслиги туфайли ниҳоятда суст бормоқдаки, минглаб ноёб асарларни халққа етказиш учун агар шу тахлитда борилса, яна минг йиллар вақт талаб этилади.
Бундан ташқари, 10-15 йилда машаққат билан тайёрланган бир манбани нашр этишда кўп тўсиқлар мавжуд. Бундай тадқиқий илмий ишларни фақат битта “Фан” нашриёти босади. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, “Ўзбекистон”, “Ўқитувчи” нашриётлари илмий китобларни чоп этишмайди. “Фан” нашриётида тираж чегараланган: 1000 дона. Яна бир томони, шу тиражни ҳам китобни тайёрлаган олимнинг ўзи тўплаши керак. Бу олим турли жойлардан танишлар орқали буюртманомалар бердириб, китоб тиражини мингга етказади. Натижада китоб энг керакли ўқувчиларга етиб бормай, кераксиз жойларда чанг босиб ётади.
Академия институтларида лимитнинг камлиги туфайли нашр планига киритиш мушкул. Баъзан машаққат билан тайёрланган манба ўн йиллаб нашр планига кирмай ётади. Нашриётга ҳам етиб борди, дейлик. “Китобни қисқартирасиз, мана бу жойларини олиб ташлайсиз, булар диний гаплар”, деган буйруқлар бошланади. “Ахир бу манба, минг йил аввал ёзилган, уни қисқартириб бўлмайди”, деб ўтиниб илтимос қилишлар, афсуски, кўпинча фойда бермайди.
Фикримнинг далили учун мисоллар келтирай: Шарқда машҳур “Қобуснома” китоби 1968 йили “Ўқитувчи” нашриётида ўзбек тилида қисқартириб нашр этилди. Унинг 1-4, 15-23-боблари, яъни олти боби тушириб қолдирилган. Ваҳоланки, шу асар 1958 йили Москвада “Восточная литература” нашриётида тўла нашр этилган эди. Ибн Сино, Беруний асарларининг дин билан боғлиқ саҳифалари ҳам тушириб кетилган. Устозим В.И.Беляевга Берунийнинг “Қонуни Маъсудий” китобини олиб бориб берганимда, “Бу муаллифни таҳқирлаш, ким сизларга манбани бузиб нашр этишга рухсат берди?” дегани ёдимдан чиқмайди. Шарқ адабиётининг яна бир машҳур дурдонаси “Ҳотамнома” китоби ҳам (Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1988) кўп жойлари олиб ташлаб нашр этилди. Машҳур “Минг бир кеча” эртакларининг ҳам кўп жойлари ўзбек тилига таржима жараёнида олиб ташланган. Мен ўзим машҳур олим Саолибийнинг (961 – 1038) Ўрта Осиё ва хуросонлик 124 та шоирни ўз ичига олган “Йатимат ад-даҳр” (“Замона дурдонаси”) номли нодир асарини 10 йил мобайнида ўзбек тилига таржима қилиб, қийинчилик билан планга киритиб, “Фан” нашриётига олиб келдим. Аввал ярмини қисқартирасиз, деган тўсиқ, кейин “ана у ери, мана бу ерини олиб ташлайсиз, бўлмаса босмаймиз”, деган таҳлика. Шулардан биттаси Бухоронинг ўша даврдаги қаровсизлиги, ифлослиги танқид қилиб ёзилган ҳажвий шеърлар эди. “Ахир, бу асар бундан минг йил аввал ёзилган, шоирлар Бухоронинг ўша даврдаги ифлосликларини ҳажв қиляпти”, десам, “Йўқ, Бухоро обкоми секретари бизнинг олдимизга шикоят қилиб келиши мумкин”, деб ўша шеърларни чиқариб ташлашди ва асар 1976 йил нашр этилди. Саолибийнинг иккинчи бир муҳим асари “Латоиф ал-маориф” (“Ажойиб маълумотлар”) китобини чоп этиш ундан ҳам машаққатлироқ бўлди. Асарнинг биринчи бобида дунёда у ёки бу нарсани биринчи ким яратган, деган диний маълумотлар берилганди. “Фан” нашриётининг ўша вақтдаги бош муҳаррири А.Қосимхўжаев тиш-тирноғи билан бу нодир асарни нашр қилишдан бош тортди, мен бир йил овора бўлдим, нашриёт директори Ҳ.Бектемиров ҳам уни қўллаб-қувватлади ва, ниҳоят, китоб нашриёт планидан чиқариб ташланди.
Асар 1987 йили академия вице-президенти Э.Ю.Юсупов ташаббуси билан чоп этилди. Афсуски, асар думи юлинган товуқ ҳолига келтирилган эди.
Мен яна бир нарса ҳақида тўхтаб ўтмоқчиман. Алишер Навоий асарлари орасида “Чиҳл ҳадис” (“Қирқ ҳадис”) деган рубоийлари бор. Бундай рубоийлар Жомийда ва Шарқнинг бошқа жуда кўп шоирларида ҳам мавжуд. Муҳаммад пайғамбарга нисбат берилган бу ҳадисларда деярли диний гаплар йўқ, асосан, ахлоқ-одоб, илмга муҳаббат, ота-онага ҳурмат, иисонийлик каби дунёвий ғоялар кўзда тутилган. Ҳозиргача “Чиҳл ҳадис” асари Навоий тўпламларига киритилмаган. Баъзилари олимимиз А.Қаюмов томонидан “Навоий манзумалари” сарлавҳаси билан “Тошкент оқшоми”да эълон қилинди. Яна бир мисол, А.С.Пушкин Қуръон суралари асосида 15 шеърини ёзган. Бу “Пушкиннинг машҳур тақлидлари” номи билан унинг асарларига киритилган. Шоир Абдулла Шер Пушкин тақлидларидан бир нечасини ўзбек тилига таржима қилиб, “Ёшлик” журналида берди. Агар Абдулла Шер ўзи Қуръонга тақлид қилиб шеър ёзганда, ҳеч ҳам босмаган бўлардик.
Яна бир ачинарли нарса, “Фан” нашриёти ва 3-босмахонадан бошқа босмахоналарда араб ва лотин ҳарфларини терадиган машиналар йўқ. 1300 йил давомида яратилган фан ва маданиятимиз бойликлари икки-учта китоб хазиналарида сақланмоқда, буларни халққа ўз нусхасида етказиш керак. Ҳозиргача Навоий асарлари танқидий матни тайёрлангани йўқ. Озарбайжон, Тожикистонда машҳур олим ва шоирлар асарлари танқидий матнлари араб хатида нашр этилмоқда. Ўн йил давомида лотин ҳарфида ёзилган асарлар тақдири ҳам худди шундай. Бу ҳам кечиктириб бўлмайдигаи муаммолардан бири.
Кўриб турибмизки, араб, форсий тилларидан таржима қилиш ва қадимги ўзбек тилида ёзилган манбаларни халққа етказиш жуда оғир, машаққатли ишдир. Уч тилни билган олимлар бизда бармоқ билан саналадиган қолди. Буларнинг ўрнини тўлдириш амри маҳол. Ҳеч бўлмаса, ўрта мактабларнинг муайян қисмида қадимий ўзбек тили, араб ва форсий тилларини мажбурий программа асосида ўқитиш керак. Ахир, биз учун адабиётимизда 1000 йиллар давомида ишлатилган араб, форсий тилларини ўрганиш зарур эмасми? Университет ва пединститутлар филология факультетларида эса мажбурий равишда қадимги ўзбек тили ўргатилиши керак. Олий маълумотли адабиёт ўқитувчиси, доцент ва айрим профессор Навоий асарларини асл нусхада ўқиёлмаслиги ва тушунмаслигига тоқат қилиб бўладими? ТошДУ шарқ факультетида араб, форсий, ҳинд, хитой тиллари билан бир қаторда қадимги ўзбек тили ҳам ўқитилиши керак. Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик, Тил ва адабиёт, Қўлёзмалар институтларида аспирантура йўли билан мутахассислар тайёрлашни кенг йўлга қўйиш, бу институтлар учун нашриёт лимитларини кўпайтириш, тираж тўплаш, деган бемаънигарчиликка хотима бериб, тарих ва маданиятимиз дурдоналарини халққа бориб етадиган тиражда чоп этиш керак.
Мен яна фан ва маданиятмиз равнақига улкан ҳисса қўшаётган етук олимларимизни уларга қарши баъзи асоссиз хуружлардан асраб, эҳтиёт қилишни ҳам таъкидламоқчиман. Ижтимоий фанлар соҳасида нафақат республика, балки Иттифоқда донг таратган, тарихимиз, фан ва маданиятимизнинг тинмас тадқиқотчиси, СССР ФА мухбир аъзоси Э.Ю.Юсуповни кўзда тутяпман. У киши ҳақиқий интернационалист, қайта қуришнинг жонкуяр ташвиқотчиси, халқ севган ҳассос олим ва инсондир. Афсуски, бундай олимни кўролмаган баъзи шахслар унга асоссиз хуружлар қилдилар.
Олимларга ғамхўрлик етарли эмас. Бирор кўзга кўринган олим, фан доктори ёки профессор 60 ёки 70 ёшга етса, унинг ҳақида матбуотда ҳеч нарса ёритилмайди. Илм аҳли, заҳматкаш олимларнинг тирикликдаги қадр-қиммати шуми?
Мен яна ёзувчи ва шоирларимиз томонидан бадиий асар, кино ва театрларда ўзбек халқи ўтмиш ҳаётини ниҳоятда бузиб кўрсатишдек анъанавий кўзбўямачиликни айтиб ўтмоқчиман. Қайси бир асарни ўқиманг, театр ва кинони кўрманг, ўзбек халқи ялангоёқ, кийимлари юпун, қашшоқ, саводсиз, қолоқ қилиб тасвирланади. Беш-ўнта юпун қаландар ёки дарвеш қоринга кашкулни осиб олиб, “ё оллоҳу ё оллоҳ, ҳақ дўст ё оллоҳ”, деб кўчама-кўча юргани юрган. СССРдаги кўпчилик халқлар ўтмиши, албатта, ҳозиргидай бўлмаган. Лекин ҳар бир халқнинг ўз маданияти, адабиёти, тарихи, урф-одатлари бўлган.
Рус тилида чоп этилган “Ўзбекистон тарихи” китобида ёзилишича, 1894 йили Туркистонда мактаб ва мадрасалар 6 минг 445 та, 1913 йилга келиб 7 минг 665 тага етган. 1911 йили Ўзбекистонда 105 та рус-тузем мактаби бўлган. 1887 йили рус-тузем мактабларида ерли миллатларнинг 245 фарзанди таълим олган. Булардан ташқари, хотин-қизлар ўқитиладиган юзлаб мактаб бўлган. Булардан Нодира, Увайсий, Маҳзуна, Анбар Отин каби қанчалаб шоира, адиба ва олималар етишиб чиққан. Республикамиз территориясида 20 дан ортиқ шоира номи аниқланди. Ҳозиргача биз “отинлар” деб салбий баҳолаётганимиз ўзбек аёллари қисман араб тилини, форсий ва қадимги ўзбек тилини эса жуда яхши билган, классик шоирлар асарларини бемалол ўқиб, таҳлил қила оладиган, тарих ва табобатдан хабардор зиёли бўлган.
Йирик шаҳарларда муайян феодал ва киборлар оиласи ҳашаматли ҳаёт кечирган, лекин халқнинг кўпчилиги илм аҳли, ҳунарманд, савдогар, косиблардан иборат бўлган. Уларнинг ҳаёт тарзи, одоб-ахлоқлари, урф-одатлари, адабиёт ва санъати ўз замонаси илғор анъаналарини акс эттирган. Ичкиликбозлик, ўғирлик, бировнинг ҳақига хиёнат қилиш халқ ҳаётида деярли учрамайдиган ҳодиса бўлиб, ҳалоллик, эътиқод, имон одамлар ҳаётида асосий ахлоқ нормаси бўлган. Афсуски, бадиий адабиёт, кино, театр ва телевидениеда бу олижаноб фазилатлар кўрсатилмайди.
Қишлоқ аҳолиси эса қўл меҳнати билан оддий, ҳалол ҳаёт кечирган, бир-бирига мурувват кучли бўлган. Хотинлар қишлоқ хўжалигида худди ҳозиргидай эрлар билан ёнма-ён меҳнат қилган. Уларнинг ҳаёт ва турмуш тарзида одоб-ахлоқлари юксак даражада бўлиб, пок ва ҳалол яшашган. Уларда паранжи-чачвон бўлмаган, эркин ва мағрур қадам босган. Ўзини ёндириш, заҳарлаш, осиш аёллар ҳаётида деярли учрамаган. Аёлларимизнинг ўтмишдаги бу хислатлари ҳам ёзувчиларимиз асарларида акс эттирилмайди. Ўтмишни қоралаш, ёмонлаш, ҳақоратлаш қаламкашлар учун байроқ бўлиб қолган. Совет даврида яратилган бутун тарихий ва адабий асарларда ҳозирги Ўзбекистонда фақат 2 фоиз халқ саводли бўлган, деб ёзиб келинмоқда. Бу рус-тузем мактабида ўқиганлар ҳақида бўлса керак. Мактаб ва мадрасаларни битирганлар саводлилар қаторига қўшилмаса керак. 30-йилларда саводсизликни битириш учун кураш бошланганда араб хатида ўқийдиганларни саводсизга чиқарилган эди.
Ижоди сарой адабиёти, диний ақидалар билан боғлиқ бўлган анчагина истеъдодли шоирлар ҳақида ҳозиргача қўрқиб ёзмай келдик. Умархон саройида яшаган, “Тазкираи шуаро” китобини шеър билан ёзган, замонасининг малик уш-шуароси Фазлий Намангоний, камбағалпарвар ва етимпарвар, золимлар ва бойларни шеърият тиғи билан беомон урган Аҳмад Яссавий, сўз устаси, бадиий санъаткор, ахлоқ-одоб, илм-фан тарғиботчиси Сўфий Оллоёр (“Қолибсан танга деб аҳволи танга”, “Уялма маърифатни ўрганурдин, танур жойинг бўлур қолсанг танурдин”), чуқур билимдон шоир Ҳожи Муҳий каби истеъдодли, халқнинг обрў-ҳурматига сазовор бўлган ўнлаб шоирлар ижодини ўрганиш вақти етмадимикин? Пушкин сарой шоири эмасмиди, Жомий, Навоий, Гоголь, Толстой диндор бўлишмаганми?
Ибодат қилувчиларнинг кўпчилигини уруш ва меҳнат ветеранлари, ўз қишлоғи ва маҳалласида обрў қозонган ўрта ва олий маълумотли мўътабар қариялар ташкил қилади. Улар орасида ёшлар ҳам анчагина. Ёшларни тарбиялаш, маҳаллаларда тозаликни сақлаш, ислом қаттиқ қоралаган ичкиликбозлик, ҳаромхўрлик, зинокорлик каби жирканч иллатларга қарши курашиш, оилаларни мустаҳкамлаш кабиларда бу қарияларимиздан фойдаланишимиз керак. Масжидлар илгари вақтларда фақат ибодат қилиш маскани бўлмай, бошланғич мактаб вазифасини ўтаган, маҳалла халқининг тўпланиб, турмуш масалаларини – уришган қўшни, ака-ука ва эру хотинни яраштириб қўйиш, тўй-маърака тадбирлари, болаларни тарбиялашга оид, кўчаларни ифлос қилмаслик, нон ва сувни эъзозлаш, ота-онани ҳурматлаш, ҳашарлар уюштириш кабилар ҳал этилган. Масжидларнинг ҳовуз, чинор ва терак дарахтлари, узумзор ва мевазорлари бўлиб, шинам сўриларда ўтириб, шеърхонлик ва китобхонлик қилишган. Мабодо диндорларга бирор жойни кўрсатиб, масжид қуриб олинглар, дейилса, 5–6 ойда бинони бунёд этишади. Нима учун улардаги шу ташаббускорликдан фойдаланмаймиз? Боғча, мактабларни тузатиш, боғ-хиёбонлар ташкил қилиш — ободончилик масалаларида улардан фойдаланиш керак. Имом-хатиблар орқали давлат сиёсати, қайта қуриш муаммоларига оид масалаларни ибодат қилувчиларга етказиш керак. Чунки ибодат қилувчилар кўпроқ хатиблар гапини эътиборга олади: “Домла бугун бу гапни айтдилар”, “Фалон жойда бундай дедилар”, деган гапларни доим эшитамиз.
Хуллас, қайта қуриш жуда кенг соҳаларда амалий ишларда намоён бўлаверсин.
Исматулла АБДУЛЛАЕВ,
(“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 1989 йил, 5 май)