Бугунги баҳс ва умуман, мундиалда қайси терма жамоа ғалаба қозониши ҳақида кўплаб сўровлар ўтказилди ва бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда. Ушбу жаҳон чемпионатининг ўзига хос бир жиҳати – унда билдирилган тахминлар кўп ҳам ўзини оқламаяпти.
Хусусан, бундан бир ойча аввал, суперкомпьютер футбол бўйича жаҳон чемпионати финалида ким ғолиб бўлишини "айтган" эди. Лекин у тахмин қилган Бразилия аллақачон ютқазиб, чемпионатни чорак финалда тарк этди.
Шу боис экспертлар суперкомпьютерга яна бир бор шу саволни бериб кўришди. Ҳозир у Франция ва Аргентинани финал ғолиби сифатида кўз остига олиб турибди. Аргентина Хорватияни ютишига 66,9 фоиз, Франция Марокашни мағлуб қилишига 75,4 фоиз ишонч билдирмоқда.
Суперкомпьютер финалда Франция ғолиб бўлишини 40,5 фоиз, кубок Аргентинага насиб этишини 37,8 фоиз эҳтимол билан башорат қилмоқда. Хорватияга 13,6 фоиз, Марокашга 8,85 фоиз умид билан қараш мумкин эмиш...
Лекин шуни унутмаслик керакки, мундиал чемпионлигига асосий давогар сифатида кўрилган терма жамоалар юқорида қайд этилганидек, аллақачон ўз юртига равона бўлди. Энг кам фоизларда ишонч билдирилган Хорватия эса бундан олдинги турда мундиал ғолиблигига асосий давогар Бразилия термасини уйига кузатиб қўйди. Марокаш эса жаҳон чемпионатига доир Африка қитъаси давлатлари эришган барча натижаларни янгилаб, Испания ва Португалия каби футбол афсоналарига бой жамоаларни мундиалдан чиқариб юборди.
Шу кунгача бўлиб ўтган ўйинлар ва унда қайд этилган натижалардан келиб чиқиб, олдиндан бирор нарса дейиш қийин, албатта. Демак, кўрамиз, кузатамиз...
13 декабрь, сешанба
23:59, Аргентина – Хорватия
“Лусайл” стадиони
14 декабрь, чоршанба
23:59, Франция – Марокаш
“Ал Байт” стадиони
Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг финал учрашуви 18 декабрь (20:00)га белгиланган.