Сессия БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси таъсис этган “Ҳавонинг узоқ масофаларга трансчегаравий ифлосланиши тўғрисидаги Конвенция” котибияти томонидан ташкил этилди. Унда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш сиёсати бўлими бошлиғи Азизжон Калимбетов ҳам иштирок этяпти.

Таъкидлаш лозимки, “Ҳавонинг узоқ масофаларга трансчегаравий ифлосланиши тўғрисида»ги Конвенция БМТ Европа Иқтисодий Комиссияси томонидан 1979 йилда қабул қилинган бўлиб, атмосфера ҳавоси ифлосланишига қарши биргаликда курашишда ҳаракат қилиш учун халқаро ҳуқуқий асос яратди.

Конвенциянинг асосий тамойиллари — инсон саломатлиги ва атроф-муҳитни ифлосланишнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш, атмосфера ҳавоси ифлосланиши ва унинг оқибатларини минтақавий кўламда тадқиқ қилиш ҳамда мониторингини амалга оширишдир.

Мазкур конвенция атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи ташламаларни камайтиришга қаратилган асосий халқаро битимлардан бири ҳисобланади.

Маълумот учун, конвенция 1983 йилда кучга кирган ва айни дамда БМТ ЕИКнинг ҳудудий доирасига кирадиган 51 давлат Конвенция иштирокчиси ҳисобланади.

Бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам ҳозирги кунда энергетиканинг кутилаётган ривожланиши ҳавонинг ортиқча чиқинди газлари билан ифлосланишига олиб келиши мумкин.

Бу эса инсон соғлиғига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли Конвенция Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан бир қаторда Ўзбекистонда ҳам ҳавога ташламаларни назорат қилиш ва камайтириш бўйича аниқ чоралар кўриш имконини беради. Натижада ташламаларни ва унинг инсон саломатлигига салбий таъсирларини сезиларли даражада камайтиришга эришиш мумкин, деб хабар беради Экология, атроф-муҳитни муҳофаза ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.