Ҳужжат инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Л.Қудратов ва «JICA»нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарининг ўринбосари Ё.Такемура томонидан имзоланди.
Ҳужжат билан инфратузилмани самарали ривожлантириш, иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, камбағалликни қисқартириш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш чора-тадбирларини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистонда ҳукумат томонидан суверен кафолат тақдим этилишини талаб этмайдиган «JICA»нинг хусусий секторни молиялаштириш бўйича янги воситасини жорий этиш кўзда тутилган.
Жорий йил 28 май ва 24 июнь кунлари вебинарлар шаклида ўтказилиши режалаштирилган иккита бизнес-конференция давомида янги молиявий воситасининг амалий жиҳатлари ва механизмлари ёритилади. Вебинарлар мақсади Ўзбекистоннинг хусусий компаниялар раҳбарларини «JICA» томонидан инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришнинг таклиф этилаётган янги имкониятлари ҳақида кенг хабардор қилишдир, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Маълумот учун: «JICA» Ўзбекистонда 1993 йилдан буён фаолият юритиб келяпти. Агентликнинг асосий фаолияти мамлакат иқтисодиётининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш учун қарз ва грант маблағларини тақдим этишдан иборат. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда лойиҳалар портфелининг ҳажми қарийб 4,1 миллиард долларни ташкил этади.