Йиғилишда Президентимиз томонидан “Ижтимоий профилактика” бўйича маҳалла масъулларининг вазифалари ва методикасини ишлаб чиқиш, вилоят-туман-маҳалла кесимида ижтимоий ва криминоген муаммоларни рақамлаштириш орқали “Ижтимоий вазият” ахборот тизимини, шунингдек, “112” тезкор рақами ва диспетчерлик тизимини ишга тушириш, ёшлар билан манзилли ишлаш дастурларини амалга ошириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги методикаларни ишлаб чиқиш, ҳуқуқ-тартибот ходимларининг билим ва дунёқарашини юксалтириш бўйича топшириқлар берилди.

Президентимизнинг топшириғига мувофиқ Тошкент давлат юридик университети ректори в.в.б. Исламбек Рустамбеков бошчилигидаги университет ишчи гуруҳи томонидан Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жиноятчилик ҳолати, жиноятчиликка қарши курашиш ва уни олдини олиш тизими ўрганилди.

Қўқон шаҳрининг 4 секторида жойлашган 11 та “қизил” тоифадаги маҳалла фуқаролар йиғини, уларнинг ҳудудида жойлашган истироҳат боғлари ва бозорларда ўрганиш ва таҳлиллар амалга оширилиб, натижаси бўйича таклиф ва хулосалар ишлаб чиқилди ҳамда республика ва вилоят раҳбариятига тақдимот қилинди.

Университет ишчи гуруҳи томонидан ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди, ёшлар билан ишлаш йўналишда зарур чоралар кўриш кераклиги, таълим муассасаларида жиноятчиликка қарши кураш, жиноятчиликнинг салбий оқибатларини тушунтириш ишлари ташкил этиш зарурати намоён қилинди.

Аниқланган муаммоларни инобатга олган ишчи гуруҳ томонидан жиноятчиликка қарши курашиш тизимини такомиллаштириш ва барвақт олдини олишни самарали ташкил этиш бўйича Қўқон шаҳри тажрибасини жорий этиш мақсадида Қўқон шаҳрида “Хавфсиз ҳудуд” мобил электрон иловасини амалиётга жорий этиш, “Хавфсиз бозор” ва “Хавфсиз боғ” лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, ёшлар, жумладан, вояга етмаган ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, хусусан, жиноятчиликка қарши кураш бўйича махсус ўқув курслари ва онлайн таълим платформаси жорий этиш таклиф этилди.

Шу ўринда, Тошкент давлат юридик университети томонидан ўқув йили бошланганидан сўнг Қўқон шаҳар таълим муассасаларида режа асосида тарғибот ва мулоқот тизимини ташкил этиш белгилаб олинди. Бунда Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари таркибидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, иш режа ва махсус дастур асосида тарғибот ишларини тизимли ташкил этиши ва “Қўқон тажрибаси”ни йўлга қўйиш, ушбу тажрибани кейинчалик республиканинг бошқа криминоген вазияти оғир ҳудудларида ҳам жорий этиш режалаштирилди.

Тошкент давлат юридик университети

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими