- Хабарингиз бор, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди ва мазкур ҳужжат мамлакатимизда спортнинг оммавийлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, Президентимиз Ўзбекистон Парламенти ва халқига Мурожаатномасида аҳолининг саломатлигини мунтазам назорат қилиб бориш мақсадида «Жисмоний тайёргарлик даражаси» (ЖТД) спорт синовларини жорий этиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Ҳозирда бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда.

ЖТД спорт синовлари ҳар йили март ойидан ноябргача ўтказилади. Спорт синовлари ўқувчиларнинг таълим пайтида ҳам, таътил вақтида ҳам амалга оширилиши белгиланган. Бунда аҳолининг барча қатламлари ёши ва жинсидан келиб чиқиб спорт турларига ажратилади. Албатта спорт синовларини топширишнинг ўз меъёрлари ҳам белгиланади.

ЖТД спорт синовларини яхши топширган юртдошларимиз қандай имтиёзларга эга бўлади, деган савол туғилса, биринчи навбатда мактаб ўқувчилари спорт синовларини муваффақиятли топширишса, «Темурбеклар мактаби»га кириш учун имтиёзга эга бўлади, қолаверса оилавий поликлиникаларда бир марталик бепул малакали тиббий кўрикдан ўтиш имкониятига эга бўлади.

Олий таълим муассасаларининг талабалари эса бир марталик ўзлаштириш даражаси юқори бўлган талабалар учун белгиланган стипендия миқдорида рағбатлантирилади. Бундан ташқари, ғолиблар сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат тўловлари (50%) ҳамда муддатли ҳарбий хизматга юборилишида юқори устунликка эга бўлади. Шунингдек, давлат ташкилотларида ишловчилар давлат ташкилоти ҳисобидан йилига бир марталик имтиёзли равишда дам олиш маскани ёки санаторияларга юборилади.