Ўрганишларда Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати департаменти, ҳудудий Монополияга қарши курашиш бошқармаси, Давлат солиқ бошқармаси, Қурилиш вазирлиги ва бошқа соҳа мутахассислари ҳам иштирок этди.

Ишчи гуруҳи томонидан Жиззах вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси маъмурий биносининг қурилиши юзасидан ўтказилган танлов ҳужжатлари ўрганилганида, харид комиссияси аъзолари зиммасига юклатилган вазифаларни талаб даражасида бажарилмаганлиги, танлов иштирокчилари ва комиссия аъзолари ўртасида аффилланганлик хусусиятига эга алоқалар мавжудлигини била туриб, бунга қонуний муносабат билдирмагани ва ҳужжатларни сохталаштиргани аниқланди.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлган тақдирда, харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш учун жавобгар бўлган шахс бажариладиган вазифалардан четлаштирилиши кераклиги кўрсатилган.

Шунингдек, мазкур Қонуннинг 19-моддасида харид комиссияси аъзолари холис бўлиши ва харид қилиш тартиб-таомили ғолибини танлашдан шахсан манфаатдор бўлмаслиги кераклиги, харид комиссиялари аъзоларида иштирокчилар билан аффилланганлик хусусиятига эга алоқалар мавжуд бўлган тақдирда, харид комиссиясининг бундай аъзоси бу масала кўтарилган мажлисда ўзини ўзи рад этиши ва мазкур масала бўйича овоз беришда иштирок этмаслиги кераклиги ва бу ҳақида баённомада қайд этилиши белгиланган.

Бироқ, танлов комиссияси аъзолари қурилиш объекти бўйича танловда иштирок этган барча талабгорларнинг (“Qurilish ta’minoti” кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси, “Kamol” кўп тармоқли қурилиш корхонаси ва “Abduvohid Qurilish Ta’mir” МЧЖлар) 100% улуши танлов комиссияси раиси (вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари) А.Р.нинг яқин қариндошларига тегишли бўлганини била туриб, бунга бирон-бир қонуний муносабат билдирмаган ва баённомага бу ҳақдаги маълумот киритилмаган.

Шунингдек, танлов ҳужжатларини ўрганиш давомида ғолиб деб топилган “Qurilish ta’minoti” кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси мансабдор шахслари танловда ноқонуний ғолибликни қўлга киритиш мақсадида корхона молиявий кўрсаткичлари, ишчи ходимларнинг қурилиш соҳасидаги маълумоти ва иш тажрибаси, шунингдек, танловда юқори балл олишда инобатга олинадиган маълумотларни қасддан ошириб кўрсатилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатларга ҳужжатларни кўриб чиққан харид комиссияси аъзолари қонуний муносабат билдириш ўрнига, йиғилиш баённомаларига сохта ёзув ва маълумотларни киритиш йўли билан қалбакилаштириб, корхонани асоссиз ғолиб деб топишгани маълум бўлган.

Юқоридагиларнинг натижасида, танловда ноқонуний ғолиб бўлган “Qurilish ta’minoti” кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси томонидан маъмурий бинонинг қурилишида бажарилмаган 1 млрд.га яқин (905 млн. сўм, ёки объект умумий қийматининг 8%) қурилиш ишларини тўловга асос бўлган ҳужжатларида қўшиб ёзиб киритиб, шу миқдордаги давлат бюджети маблағлари талон-торож қилинганлиги маълум бўлган.

Агентлик томонидан ўрганиш якунлари бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний баҳо берилиши учун Жиззах вилоят прокуратурасига юборилди.

Мазкур ҳужжатлар бўйича прокуратура томонидан ўтказилган терговга қадар текшириш якунлари бўйича Жиззах вилоятида қурилишда танлов савдолари ва нархларни шакллантириш комиссияси раиси А.Р.га, шунингдек, комиссия ва бошқа ташкилотлар, хусусий корхоналар мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 205-моддаси 2-қисми “а” банди, 209-моддаси ва 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳолат юзасидан келгусида қўшимча ахборот тақдим этилади.