Ўтган йилларда олиб борилган ислоҳотлар ва тизимли чора-тадбирлар натижасида вилоят иқтисодиётида таркибий трансформация юз берди. Натижада ҳудуд аграр соҳадан диверсификацияланган саноат, хизматлар ва замонавий агрокластерларга ихтисослашди. Тўқимачилик, қурилиш материаллари, автомобилсозлик, электротехника ва туризм каби янги ўсиш драйверлари шаклланди.

Ялпи ҳудудий маҳсулотда саноат улуши 9,1 фоиздан 18,8 фоизга ошди, қишлоқ хўжалигининг улуши 50 фоиздан 36 фоизга камайди. Шунингдек, ишсизлик ва камбағаллик тегишлича 4,9 ва 5,8 фоизга камайди, экспорт 1,8 баробар, хизмат кўрсатиш 1,6, саноат ишлаб чиқариши ҳажми 1,9 баробар кўпайди.

25 та йирик ҳамда 533 та ўрта ва кичик инвестиция лойиҳалари ишга туширилди, 1,4 миллиард доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Экспортчи корхоналар сони 160 тага етиб, экспорт ҳажми 285 миллион долларни ташкил қилди.

Йиғилишда вилоятда камбағаллик ва ишсизликни янада қисқартириш, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигида кескин ўсишга эришиш бўйича режалар кўриб чиқилди.

Хусусан, 2026-2027 йилларда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиш суръатларини 8,5 фоизга етказиш, саноатда ишлаб чиқариш ҳажмини 8 фоизга ошириш, 5 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш ва йиллик экспорт ҳажмини 500 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

Эътиборлиси, ўтган йилларда инвестициялар асосан хомашё қазиб олиш ёки оддий йиғув ишлаб чиқаришга йўналтирилган бўлса, эндиликда юқори қўшилган қийматга эга саноат лойиҳаларига йўналтирилади.

Бундан ташқари, жорий йилда вилоятда ишсизлик даражасини 3 фоизга, камбағалликни 2,8 фоизга тушириш, 182 та маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари бу мақсадларга вилоятдаги маҳаллаларни чуқур ихтисослаштирмасдан эришиб бўлмаслигини қайд этди.

Шу муносабат билан вилоятда келгуси икки йилда янги модель ривожлантирилади. Ҳудуддаги 304 та маҳалланинг солиштирма устунликлари таҳлил қилиниб, уларнинг боғдорчилик, чорвачилик, сабзавот ва полизчилик, саноат, сервис ҳамда туризм йўналишларига ихтисослашувини чуқурлаштириш дастури ишлаб чиқилди.

Дастур доирасида 5 минг гектар эски боғ ва токзорларда сертификатланган кўчатлар экиш, 4,6 минг гектар саноатлашган плантациялар барпо этиш, 10 минг гектар аҳоли томорқаси ва ижара ер майдонларида ҳосилдорлиги юқори ва экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, 101 минг бош чорва молларининг наслини янгилаш, 5 та саноат микромарказлари, 6 та йирик туризм мажмуаларини ташкил этиш, ҳар бир туман марказида истироҳат боғларини барпо қилиш ва гавжум кўчалар ташкил этиш каби ишлар амалга оширилади.

Йиғилишда “драйвер” лойиҳалар инфратузилмасини мустаҳкамлаш учун жорий йилда 200 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Саноатни ривожлантириш мақсадида 2026-2027 йилларда умумий қиймати 2,7 миллиард долларлик йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Бунда вилоятдаги қўрғошин-рух, вольфрам, олтин ва бошқа норуда конлардан самарали фойдаланиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Зомин туманида қишлоқ хўжалиги илмий-саноат парки лойиҳасининг тақдимотида маккажўхорини қайта ишлаб, юқори фруктозали сироп ва аллюлоза ишлаб чиқариш қувватларини яратиш режалаштирилгани айтилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги йўналишида наслли чорва молларни харид қилиш, туячиликни ривожлантириш, “Жайилма” каналини реконструкция қилиш чоралари кўрилади.

Давлатимиз раҳбари вилоятни ривожлантиришда тоғли ва чўл ҳудудларнинг салоҳиятини алоҳида ёндашувлар асосида рўёбга чиқариш зарурлигини таъкидлади. Жумладан, жорий йилда 25 минг гектар лалми ва яйлов ерларини фойдаланишга киритиш ва яйловлардан самарали фойдаланиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Йиғилишда Жиззах вилоятининг туризм салоҳияти ҳам таҳлил қилинди. Айдар-Арнасой кўллар тизими, шунингдек, Бахмал, Фориш, Зафаробод, Шароф Рашидов ва Ғаллаорол туманларининг имкониятлари тўлиқ ишга солинмаётгани қайд этилди.

Шу муносабат ушбу туманларда туризм мажмуаларини ташкил этиш, Арнасой аэропортини кенгайтириш, халқаро автомобиль йўллар бўйида савдо-сервис мажмуаларини қуриш режалари кўриб чиқилди.

Жорий йилда маҳаллаларда ижтимоий объектлар, йўллар, ичимлик суви, канализация ва электр тармоқлари қурилиши учун 30 миллион доллар, келгуси йилда эса яна 10 миллион доллар маблағ ажратилади. Бунинг ҳисобига 14 маҳалладаги ижтимоий соҳа объектлари, олис 28 та маҳаллани боғловчи 105 километр йўллар, 9 та маҳалла аҳолиси учун 50 километр ичимлик суви, электр тармоқлари, 13 та маҳаллада 65 километр оқова сув тармоқлари қурилади ва таъмирланади.

Шаҳарсозлик йўналишида Бахмал, Зафаробод ва Ғаллаорол туманларини фазовий режалаштириш ва бош режаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Шунингдек, Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов тумани ягона агломерация ҳудуди сифатида ривожлантирилади. Бу бўйича ишлаб чиқиладиган бош режада шаҳар ичидаги тирбандликларни камайтириш мақсадида 10 километрлик айланма йўл қуриш, шаҳар ва туманни боғлайдиган ягона жамоат транспорт тизимини йўлга қўйиш, ягона маъмурий бино қуриш орқали ташкилотларни бир жойга кўчириш назарда тутилади.

Йиғилиш якунида мутасаддиларга вилоятни янада ривожлантириш доирасидаги ҳар бир лойиҳани аҳоли бандлиги ҳамда турмуш даражасини ошириш билан боғлаб бажариш бўйича топшириқлар берилди.