Суд ҳукмида келтирилишича, Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида яшовчи 31 ёшли Ғ.А. 2025 йил 5 октябр куни 3 нафар дўсти билан ов қилиш мақсадида Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманига борган. Улар туманнинг Гулзор маҳалласидаги дала майдонида ёввойи тўнғизни овламоқчи бўлган. Овчилар турли жойга, қамишлар орасига беркинишган.

Ғ.А. беркиниб ўтирганда шериги О.М. қамишлар орасидан унга яқинлашган. Дўстини ёввойи ҳайвон деб ўйлаган Ғ.А. эҳтиётсизлик оқибатида унга қарата ов қуролидан бир марта ўқ узган. Отилган ўқ О.М.нинг бош мия орқа қисми чап томонини жароҳатлаган.

Расман рўйхатдан ўтиб, 2 йилдан буён овчилик билан шуғулланиб келган Ғ.А. судда айбига иқрорлик билдирган ва шеригини билмасдан отиб қўйганини айтган.

“Кундуз куни балиқ тутиб, дам олиб ўтирганимизда ёввойи тўнғиз изини кўрдик. Кечда ушбу ҳайвонни овлаш мақсадида олдиндан келишилган жойларни эгаллаб, кута бошладик. Бироқ ёввойи тўнғиз биз томонга эмас, маккажўхори томонга қараб қочди. Кейин зовур олдидаги баландликка чиқиб, жойларимизни ўзгартирдик. Мен трансформатор олдидаги симёғоч тагига жойлашдим. О.М. мендан 100 метр узоқликда бўлган масофада ўтирди.
Бу вақтда чуқурликда ҳеч ким йўқ эди. Соат тахминан 22:30 лар атрофида мендан 15-20 метр узоқликдаги баландлик ёнбошида қора шарпа кўринди ва шитирлаб мен томонга кела бошлади. Энгашиб юриб келаётгани учун уни ёввойи тўнғиз, деб ўйлаб, ов қуролимни тўғирладим. Шарпа ўша атрофдаги чуқурликка қараб юра бошлади. Кейин унга қарата ўқ уздим. Шу вақтда ўша ердан одамнинг бақирган овози эшитилди.
Югуриб борсам О.М. бошини икки қўли билан ушлаб, энкайиб ётган экан. Унга тур, ҳазиллашма, дедим. Бош кийимини ечганида қўли қонлигини кўриб қўрқиб кетдим”, деган Ғ.А. ўз кўрсатмасида.

Сўнгра Ғ.А. шерикларини ёрдамга чақирган. Дўстлар биргалашиб яраланган О.М.ни шифохонага олиб борган. Бироқ у кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, шифохонада вафот этган.

Судланувчи О.М.ни қасддан отиб ўлдирмаганини, ўша вақтда атроф қоронғи бўлгани сабабли ҳеч нарса кўринмаганини, марҳум яқин дўсти бўлганини айтиб, суддан енгиллик сўраган.

ЖИБ Мирзачўл туман судининг ҳукми билан Ғ.А. Жиноят кодексининг 102-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилди.

Судланувчи А.Ғ.У. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 102-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) содир этганликда айбли деб топилди. Унга 1 йил муддатга ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1,5 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.