Қанийди бу каби шахсий фожиалару жиноий тафсилотлар ҳақида сўз юритмасак!.. Таассуфки, огоҳлик ва ҳушёрликка чорлаш, инсон деган номга муносиб ҳаёт кечиришга ундаш учун ҳам гоҳида жиноят ҳақида сўз юритишга мажбур бўламиз…
Жаҳл ва муросасизлик Зафар Каримбоевни (исми шарифлар ўзгартирилган) вояга етказган холасининг қотили сифатида юзини қора қилиб, суднинг қора курсига олиб келди. Унинг қилмиши сабаб бир инсон ҳаётдан бевақт кўз юмди, бири эса жабр тортди. Судда судланган ўз айбига иқрор бўлиб, қуйидагиларни маълум қилди:
– Онам Каримбоева Машҳура 1997 йилда кўкрак бези саратонидан вафот этганидан кейин отам бизни бувимнинг қўлида қолдирди ва ўзи бошқа турмуш қуриб, алоҳида чиқиб кетди. Ўшанда мен 3 ёшда эдим. 2006 йилда бувим оламдан ўтди. Шундан кейин биз онамнинг турмушга чиқмаган синглиси Алимова Мастуранинг қарамоғида қолдик. Вояга етгач, Қозоғистоннинг турли шаҳарларида новвойчилик, устачилик қилдим, иссиқхоналарда ишлаб, пул топдим, тирикчилик қилдим. Мен Қозоғистонда ишлаб юрган вақтимда акам Асқаржон келинойим Дилафрўз билан оила қуришди. Улар ҳам холамнинг уйида яшашади. Опам Озода эса турмушга чиқиб кетган. Ўша куни ўзим новвой бўлиб ишлайдиган новвойхонадан чиқиб, қаттиқ чарчаганим туфайли дам олиш мақсадида тўрт бокал пиво сотиб олиб, ичдим. Уйга келганимда холам телевизор кўриб ўтирган, келинойим эса ошхона ишларини бажараётган экан. Индамай, ўзимга ажратилган хонага кириб кетаётганимда, холам "Қачонгача ичиб келасан? Ҳозир ҳудуд профилактика инспекторини чақираман. Ўзи бемор бўлсам, мени қийнаб юбординг! Онангнинг эрта ўлиб кетишига сен билан аканг айбдор, энди навбат менгами? Уйимдан чиқиб кет!" деб бақирди. Спиртли ичимлик истеъмол қилганим учун бу гап менга қаттиқ таъсир қилди. Ошхонага кириб стол устида турган жигар ранг сопли пичоқни олиб чиқиб, холамга ўдағайладим. Аммо холам бундан чўчимади, аксинча “Сўймоқчимисан, сўй!” деб бақирди. Унинг бу гапи баттар асабимни ўйнади, чапақай бўлганим боис чап қўлимдаги пичоқни унинг кўкрак қафасига урдим. Бу ҳолат бир неча маротаба такрорланди. Холам креслога ўтириб қолди. Шу пайт уйдан келинойим чиқиб, "Нима қилиб қўйдингиз?" деб бақирди. Унинг бу гапидан кейин пичоқни ерга ташлаб, кўчага чиқиб кетдим. Кўчада ҳудуд профилактика инспекторини кўриб қолиб, унга бўлиб ўтган воқеани рўй-рост айтиб бердим. Холамни ўлдириш ниятим йўқ эди, ҳозирда қилган ишимдан чин кўнгилдан пушаймонлигимни ҳисобга олиб қонуний енгиллик беришингизни сўрайман..."
Мастура хола ҳам саратондан вафот этган синглисининг фарзандларини ўз қарамоғига олганда ҳеч қачон меҳр бериб, бошини силаган жияни Зафарнинг бир кун келиб умрига зомин бўлиши етти ухлаб тушига ҳам кирмаган эди...
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ибтидоси бўлган ҳар бир ишнинг интиҳоси ҳам бўлади. Суд мажлиси давомида суд тарафларни фикрини эшитиб, жиноят иши бўйича тўпланган далилларга асосланиб, судланувчи Каримбоев Зафарни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, 12 (ўн икки) йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади. Қачон, қаерда ва қандай содир этилганидан қатъи назар, жиноят учун жазо муқаррар.
Акрамжон АРИПОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
катта консультанти