Қиймати 25 миллиард сўм бўлган мажмуада 4500 квадрат метр ёпиқ ва 5 минг квадрат метр очиқ павильонлар, 50 кишилик конференц зал, 3 та музокаралар хонаси, 3 юлдузли меҳмонхона, хостел, 3 та кафе, ресторанлар мавжуд. Мажмуа очилишида иштирок этган Туркия ва Қозоғистон Республикаларининг Самарқанддаги ваколатхонаси раҳбарлари мажмуада ишлаб чиқарувчи ва харидор ўртасида В2В форматида учрашувлар ўтказиш учун яратилган қулайликларни юқори баҳолади.
Агролизинг компанияси раиси Нодир Отажонов бу мажмуа инновацион ечимлар, халқаро стандартларнинг юқори талабларига жавоб берадиган, хориждаги юқори рейтингли кўргазмалар билан рақобатлашадиган даражадаги имкониятларга эга эканлигини эътироф этди.
Ушбу мажмуадаги биринчи кўргазма “Қишлоқ хўжалик техникалари ва технологиялари — AGROPRO 2022” қишлоқ хўжалиги йўналишида ташкил этилгани ҳам бежиз эмас. Чунки дунёда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг истеъмол талабини қондириш долзарб масала ҳисобланади.
— Самарқанд вилоятидаги экспортёр корхоналар томонидан 98 турдагни мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилинади, — дейди вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов. — Кўргазмада кластер корхоналари ва фермерлар билан ҳамкорликни кенгайтириш орқали экспорт ҳажмини янада ошириш ҳам режалаштирилган. Кўргазмада 100 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий компаниялар, 80 га яқин қишлоқ хўжалик техникалари, Туркия, Хитой компаниялари вакиллари иштирок этмоқда. Мазкур кўргазмада илғор технологиялар, илмий ишланмалар, сув, энергия тежамкор технологиялар, янги уруғлар, ўғитлар ва аграр тармоқдаги бошқа янгиликлар борасида 3 кун мобайнида ҳар соатда турли тақдимотлар ўтказилади. Ушбу мажмуада 2022 йил якунига қадар 50 га яқин кўргазма ташкил этиш, маҳаллий ва хорижий тадбиркорларни кенг жалб қилиб, мажмуани Марказий Осиё кўргазмалар марказига айлантириш режалаштирилган.
Кўргазмада қишлоқ хўжалик техникалари, агрегатлар ва қўшимча қисмлар интенсив суғориш тизимлари, иссиқхона қурилмалари, чорвачилик, қуёнчилик, асаларичилик, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, экспорт, минерал ўғит, витаминлар, мева ва манзарали дарахт, узум кўчатлари, ветеринария препаратлари, уруғчилик намуналари, қишлоқ хўжалик техникалари намойиш этилмоқда. Шунингдек, экспортёрлар, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатадиган ўқув курслари, банк ва лизинг ташкилотлари ҳам бир бинода жойлашган.
Иштирокчиларда замонавий сув тежовчи технологиялар, уларнинг янгиланган намуналари катта қизиқиш уйғотди.
— Биз кўп йилдан буён Ўзбекистон бозорида сув тежовчи технологияларимиз билан қатнашамиз ва 2018 йилдан буён Самарқанд вилоятида корхонамизни очдик, — дейди “ACAR-MAC-SAN” Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси директори Ваҳид Ажар. — Туркия сув тежовчи технологияларни қўллаш ва бу оорқали юқори ҳосилдорликка эришиш борасида дунёда етакчилардан ҳисобланади. Биз Туркияда қандай замонавий технология амалиётган татбиқ қиланса Ўзбекистонда ҳам шу технологияни жорий этяпмиз. Биз Ўзбекистонни барча вилоятларида технология ўрнатдик ва хизмат кўрсатяпмиз. Аслида ёмғирлатиб суғориш ҳосилдорликни оширади, томчилатиб суғориш эса нисбатан арзонроқ. Мамлакатингизда тупроқ хоссаларини ўрганиб, фермер ва кластер корхоналарига дуккакли ўсимликлар учун ёмғирлатиб, пахта етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини тавсия этяпмиз.
Эслатиб ўтамиз, халқаро кўргазма 4 мартга қадар давом этади.