Юртда дарахтзор ва гулзорлар кўпайса, ҳудудлар кўркамлиги тобора ошади. Атроф олам яшариб, яшнаб энг гўзал масканга айланади. Салқин ҳиёбонлар, гўзал боғу роғлар, дам олиш масканлари буларнинг бари кўркам ва гўзал ана шу дарахтлар билан аслида. Дарахтзор ва гулзорлар оралаб ўтсангиз майин шаббода, гуллар ифоридан дилимиз яйрайди ва шундай ободликни яратган инсонларга, боғбонларга ташаккурлар айтамиз.
Баъзан ишдан ёки, ўқишдан ҳориб уйимиз томон шошар эканмиз, кўча куйдаги жазирама офтобдан толиқамиз. Иссиқдан гўё жизғанак бўлаётгандек тезроқ соя салқин жойни ахтариб бироз ҳордиқ чиқаришни истаб қоламиз. Кенг кўчаларнинг баъзиларида дарахтлар йўқ. Бўлса ҳам ёш, ҳали соя беришга кичиклик қилаётгандек туюлаверади. Шу дам бир вақтлар кўчаларимизни салқинлантириб турадиган, уларнинг кўркамлигини оширган улкан чинорларни, тол ва мажнунтолларни ёдга оламиз. Эҳ, қандай оромбаҳш дамлар эди ўша онлар! Барибир дарахтларнинг кўплиги яхши-да.Соясида ҳузурланиб дам оласан, мевасини мазза қилиб тановвул қиласан. Жонга мадор, танага қувват асли дарахтлар.
Болалигимни эсалайман. Кўчамизда баланд ва салобатли тол дарахти бўларди, Толнинг шохлари шу қадар кўп эдики, йўлнинг у бошидан ҳам кўриниб турарди. Тол тагида сув оқар, бу ерларнинг салқин ҳавоси тану-жонга ором баҳш этарди. Узоқ йўл босиб келаётган инсонлар тол дарахти остида бир муддат тўхтаб, зилол сувдан ичиб, тол дарахти соясида чарчоғини чиқариб кетарди. Қиз жувонлар эса тол дарахтидан олиб сочларига сочпопуклар ясаб завқланишарди. Эҳ! у дамларнинг гашти бошқача эди.
Яна кўз олдимда болик чоғларимиздаги ҳоламнинг уйидаги кекса бедана тут гавдаланади. Тутнинг катталиги, кўркамлиги ҳали ҳамон ёдимдан чиқмайди. Ҳар мавсумида бедана аталмиш тут дарахти шиғалаб мева қуярдики, кўплигидан дарахт ости тут билан қопланиб кетарди. Мазаси тилни ёрар ширин, лаззатли ҳам тўйимли. Тут тагидаги суппада дам олиб, тут еб болагимиз ўтибди-я. Афсус орадан йилар ўтиб ўша тол дарахти ҳам, тут дарахти ҳам кесилиб кетди. Аммо, ширин болалик ҳотиралари ёдимиздан кетгани йўқ. Бир вақтлар дарахтлар айрим одамлар томонидан кесилган бўлса-да, кейинчалик дарахт кесилишини олдини олдини олишга юртимизда муҳим чора-тадбирлар кўрила бошлади. Бу эса ноёб, маназарали, мевали дарахтларнинг йўқолиб кетишини олдини олишда, юрт кўркамлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2019-йил 30-октябрьдаги фармонига кўра дарахтлар, буталар, маназарали ва ноёб дарахт турларини кесилишини олдини олиш мақсадида 2019-йил 1-ноябрдан мораторий эълон қилинди ва ушба мораторий вақти узайтирилиб мораторий давом этирилиб, дарахтларни кесишни олдини олиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада Экология ва атроф-муҳофаза қилиш бошқармаси Ўзбекистон Экологик партияси томонидан белгиланган вазифалар, тарғибот ишлари амалга оширилиб, дарахтларнинг кесилишига чек қўйилди. Партиянинг Марказий кенгаши, вилоят кенгашлари, туман шаҳар партия ташкилотлари томонидан мунтазам равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу борада Фарғона вилоятида ҳам доими амалий ишлар йўлга қўйилган. Экологик партиянинг вилоят кенгаши, 19 та туман ва шаҳарларда партия раислари, мутахассислари иштирокида тарғибт-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда. Дарахтларни кесиш эмас, аксинча янги кўчат турларини экиш, юртни обод этиш ғояси одамларга етказилиб, аҳолини экологик маданияти ошириб борилмоқда. “Дарахт экиб юртни обод этамиз”, “Кўчат экиб боғ яратамиз”, “Қишлоғимга, шаҳримга, мактабимга, маҳалламга юз кўчат” номли акциялар, тадбирлар шулар жумласидандир.
Статистик маълумотларга кўра, ер юзининг 20 фоизи яшил ҳудуд ва ўмонлардан иборатдир. Ана шу дарахтзорлар бугун тириклик оламини кислород билан таъминлай оладиган муҳим манбалардан бири саналади. Атроф-муҳит мусаффолиги, турли набодод ва хайвонот олами учун ҳам улар жуда муҳим саналади. Бир сўз билан айтганда дарахтлар ҳаёт мувозанатини сақлаб туради. Агар уларга зиён етса табиатга, демакки, борлиқи путур етади. Бу каби ҳолатларни олдини олиш учун бугун биз дарахтларни асраб-авайламоғимиз лозимдир.
Шукурки, Фарғонанинг баъзи ҳудудларда қадимий дарахтлар сақлаб қолинган. Улар бугун тарихдан сўзлайди. Ҳатто ушбу дарахтларга атаб маҳалла ва кўчаларга ном берилган. “Тут таги”, “Якка тут”, Мажнунтол маҳалларини кўпчилик яхши билади.
Фарғонанинг гавҳари саналган қадимий ва навқирон Марғилон шаҳридаги “Яккатут” маҳалласида ҳам кекса тут дарахти салобат тўкиб туради. Яккатутликлар хануз бу ерда қўр тўкиб, узоқлардан кўриниб турувчи кекса тут дарахтини эъзозлашади.
Дарахт ҳақида кўплаб ривоятлар борлигини маҳалла аҳолиси таъкидлашади. Ота-боболаримиз қадим қадимдан ипак толаси етиштириш учун айнан тут баргидан фойдаланишган. Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, бу дарахт мева қилмайди. Ҳозирда тадқиқотчилар томонидан пиллачилик учун қулай-мевасиз тут навларини яратилаётгани бежизга эмас. Маҳалла аҳолиси, халқ орасида яна мадордан қолган, касалланган от ёки хайвонларни шу тут атрофига етти марта айлантирилса соғайиб кетади деган гаплар юради. Беш олти йил аввал эса олимлар келиб тутнинг ёшини аниқламоқчи бўлишганини бу ерликлар таъкидлашади. Қадимдан маҳалла аҳли Наврўз байрамини, бошқ турли тадбирларни шу тут тагида ўтказишга одатланишган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, дарахтлар халқимизнинг кўп минг йиллик тарихи, азалий қадриятларига гувоҳлик берибгина қолмай, она табиатни, ўсимликларни асраб авайлашга ҳам чорлаб туради
Фотима ЎКТАМОВА,
Ўзбекистон Экологик партияси Фарғона вилоят кенгаши масъул котиби.