Қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш, аҳоли турмушини яхшилаш мақсадида бундай маблағ шу кунгача бирор марта берилмаган. Асосий вазифа эса шу маблағдан мақсадли фойдаланиш экани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари ҳудудлардаги камчилик ҳақида гапирди. Бугунги кунда мамлакатимизда энг оғир аҳволга тушиб қолган 796 қишлоқ ва 188 шаҳар маҳаллалари мавжуд. Шунингдек, 137 маҳалладаги 431 икки қаватли уй авария ҳолатида, 4 мингдан зиёд маҳалланинг электр таъминоти қониқарсиз аҳволда.

Йиғилишда қишлоқларга инфратузилма борсагина, тадбиркорлик ривожланишини, қўшилган қиймат яратилишини барча раҳбарлар чуқур англаб етиши кераклиги ҳақида ҳам сўз борди. Шу сабабли, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари мутлақо янги ёндашувлар асосида шакллантирилгани айтилди.

– Жорий йилда қишлоқ ва маҳаллаларда аҳоли шароитини яхшилашга жами 21 триллион сўм йўналтирамиз. Бундай маблағ, шу кунгача бирор марта берилмаган, – деди Президентимиз.

Бу маблағлар қишлоқ ва маҳаллаларни 9 йўналиш бўйича ривожлантириш ишларига ажратилади.