Инновацион ривожланиш вазирлигида ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларга, шу жумладан илмий лабораторияларни жиҳозлаш учун сотиб олинадиган юқори технологик асбоб-ускуналарда ишлаш методикасини ўзлаштириш учун қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар муҳокама этилди. 

Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ўтган 3 йил давомида 231 нафар ёш олим етакчи хорижий илмий ташкилотлар, марказлар, университетларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юборилган ва ушбу мақсадларда жамғарма томонидан 8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган. Коронавирус пандемияси сабабли 2020 йилда танловдан ўтган 261 нафар ёшларнинг 7 нафаригина илмий стажировкага юборилди. Мамлакатимизда пандемия шароити якунланмаган бўлса-да, ёш олимларни танлов асосида саралаб олиш жараёни давом этмоқда. Танловдан ўтганлар мунтазам халқаро авиарейслар қайта тиклангач, илмий стажировкага юборилиши режалаштирилган.

Вазирлик томонидан илмий иш олиб бориш ва замонавий асбоб ускуналарни ишлата олиш учун билимга эга бўлиш мақсадида 14 хил йўналиш бўйича стажировкага юборилган ёшларнинг 21 фоизи тиббиёт, 16 фоизи кимё-биология, 14 фоизи физика-математика ва бошқа долзарб соҳаларни ташкил килади.

2020 йилда 261 нафар ёш олим танловда ғолиб деб топилди. Карантин чекловлари тўлиқ олиб ташланганидан сўнг уларнинг илмий стажировкаси ташкиллаштирилади ва бу мақсадларга 12 минг 656 миллион сўм йўналтириш режалаштирилган.