Жорий йилда Асакада 204 миллард сўмликдан ортиқ ишлаб чиқариш қувватлари яратилди.
Асака туман хокими Мансурбек Алихонов туманда якунланаётган йилда амалга оширилган ишлар, 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисида туман Халқ депуталари Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳисобот берди.
Туман ҳокими таъкидлаганидек, бугун халқимизнинг тафаккури ҳам, дунёқараши ҳам, талаб ва эҳтиёжлари ҳам бутунлай ўзгарган. Одамлар сиёсий жараёнлар, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар шиддатида анча тобланган, улар ҳар қачонгидан кўра сиёсий, ҳуқуқий жиҳатдан фаол, ўз фикрини бемалол очиқ айтиб, раҳбарларга, депутатларга ҳам баҳо берадиган, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда бугунги куннинг энг долзарб муаммолар ечимини топиш масаласини кўтармоқда. Бу эса ўз навбатида энди аҳолини шунчаки қуруқ ваъдалар билан алдаб бўлмаслигини, уларга амалий ишларни кўрсатиш вақти келганлигини англатади. Бу эса раҳбарлар зиммасига катта масъулият ва вазифаларни қўймоқда.
Қайд этилганидек, туманнинг комплекс ривожлантириш дастури доирасида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 2020 йил давомида умумий қиймати 482 миллиард 179 миллион сўмлик 52 та лойиҳа амалга оширилиб, 2 минг 497 та янги иш ўринлари яратилишига эришилди.
Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича умумий қиймати 188,2 миллиард сўмлик 17 та лойиҳада 746 та янги иш ўринлари яратилди.
Мисол учун, “Мехнатобод” МФЙ худудида "Барака ҳамкор парранда" хусусий корхонаси томонидан 80 миллиард сўм маблағлар сарфланиши хисобига "Паррандачилик" комплекси ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилиб, бу ерда хам 250 нафар ишсиз аҳоли бандлиги таъминланди. Ҳозирда у ерда 300 минг бош броллер жўжа боқилмоқда.
Мазкур лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида 204,4 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш қувватлари яратилди. Келгуси йил учун 1,6 миллион доллар экспорт қилиш имконияти, 3,7 миллиард сўмлик бюджетга соф тушумлар заҳираси ва 8 хил турдаги янги маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
Жалб этилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида жами 5 та лойиҳа бўйича 33,7 миллион доллар қийматидаги инвестиция маблағлари киритилиб, асосий капиталга йўналтирилди.
Мисол учун, “Камолот” МФЙ худудида "Асакатекстил" МЧЖ томонидан умумий қиймати 468,7 миллиард сўм шундан, 33,1 миллион евро миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари сарланиши хисобига трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойихаси амалга оширилиб, 800 нафардан ортиқ ишсиз аҳоли бандлиги таъминланади.
Туманда 10 тадан ортиқ корхоналар томонидан ўтган давр мобайнида 10 турдан ортиқ саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Афғонистон, Латвия, Туркия, Хитой каби давлатларга 42 миллион долларлик саноат ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.
Туманда кам таъминланган “Темир дафтар”га киритилган аҳоли хонадонларига янги ташкил этилган кластер корхоналари томонидан кооперация усулида 775 минг бош гўшт йўналишидаги парранда, 1 минг 404 бош қуён ҳамда 1 минг 61 бош эчки тарқатишни ташкил қилиб ва бунинг ҳисобига 600 тонна парранда гўшти ва 25 тонна қуён гўшти етиштириш билан йиллик истеъмол талабини ортиғи билан бажарилиши кутиляпти.
Туманда аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида А.Темур, Улуғбек ва Бобур МФЙ лар худудида намунавий лойиҳалар асосида жами 90 та хонадондан иборат 5 қаватли, хар бири 30 та хонадонли уйлар қурилиши амалга оширилиб, ҳозирда қурилиш ишлари якунланди. Жорий йилда туманда умумий узунлиги 160 километр узунликда бўлган жами 26 та умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш ишлари олиб борилди. Жумладан, 28 км узунликда мукаммал ва 132 км узунликдаги кўчаларда жорий таъмирлаш ишлари бажарилди.
Юқорида кўрсатилган МФЙ лар худудида ичимлик суви таъминоти яхшиланган бўлсада, етказиб берилган ичимлик сув учун тўловлар ўта қониқарсиз холатда, яъни тўловлар 95 фоизга ахоли томонидан тўлаб борилмаётганлиги сабабли сув таъминоти Асака туман бўлимининг моддий ва техникавий базаси ачинарли холатга келиб қолмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, оилаларнинг кам таъминланган ёки камбағаликка сабаб бўлишининг энг асосий сабаби сифатида ишсизлик ёки кам даромадли иш билан шуғулланиб келаётганлигини инобатга олган ҳолда иш билан таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этишга алоҳида урғу берилди.
“Темир дафтар”га киритилган оилаларда 24 минг 950 нафар аҳоли истиқомат қилади ва улардан 5 минг 864 тасини меҳнатга лаёқатли ишсизлар ҳисобланган эди. Бугунги кунгача 5 минг 624 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди ёки уларнинг доимий даромад манбаиларини яратиш билан бандлиги таъминланди.
Пандемия сабаб аввалги иш жойини йўқотганларнинг 128 нафари қайта иш жойига тикланди, 3989 нафар фуқароларни норасмий секторларда бандлиги таъминланди. Бугунги кунда, темир дафтардаги 62 нафар фуқароларнинг ўзлари танлаган соҳалари бўйича бўш иш ўринлари мавжуд бўлмаганлиги сабаб уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича алоҳида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Туманда ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармасига тадбиркорлар томонидан 3 миллиард 390 миллион сўм ҳомийлик маблағлари шакллантирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан пандемия даврида эхтиёжманд ва оғир ахволга тушиб қолган 4 минг 713 нафар оилаларга 11 хил турдаги озиқ-овқат махсулотлари ва керакли дори-дармонлар етказиб берилди.
Тумандаги тижорат банклари томонидан жорий йилда жами 21 миллиард сўм тадбиркорлар учун кредит маблағлари ажратилди. Жумладан, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 523 та оилага имтиёзли кредитлар ажратилиши ҳисобига 784 нафар фуқаролар иш билан таъминланди ҳамда бюджетга қўшимча 1,7 миллиард сўмлик қўшимча манба шаклланди. Уларнинг 118 нафарини “Темир дафтар”га киритилган фуқаролар ташкил этди.
Шу билан бирга жорий йилда хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантлари сони 6 минг 333 тани ташкил қилиб, шундан 5 минг 650 нафари ҳозирда доимий иш билан таъминланди.