Ота-оналарга қулайлик яратиш ва қабул жараёнларини тартибли ташкил этиш мақсадида 1-синфга қабул 2 босқичда амалга оширилади:
Биринчи босқич - жорий йилнинг 20 июнидан 31 июлга қадар маҳаллий ҳокимлик қарорлари билан мактабларга бириктирилган микроҳудуд бўйича амалга оширилади.
Иккинчи босқич - жорий йилнинг 1-15 август кунлари микроҳудуддан ташқари қўшимча қабул жараёнлари умумтаълим мактабларининг ўқувчи ўрни, малакали педагог кадрлар билан таъминланганлиги, синф хоналарининг етарли эканлигини инобатга олган ҳолда амалга оширилади.
Аввалги йиллар тажрибасидан келиб чиқиб ҳамда белгиланган Президент қарорларига мувофиқ, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг марказидаги жами 25 та шаҳар ва туманлардаги 816 та умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул жараёнлари ЭЛЕКТРОН ШАКЛДА амалга оширилади.
Бунда, ушбу ҳудудларда ота-оналар уйдан чиқмаган ҳолда my.maktab.uz электрон плафтормаси орқали рўйхатдан ўтиб, 20 июндан - 31 июлгача бириктирилган микроҳудуд доирасида ҳамда 1 августдан 15 августга қадар микроҳудуддан ташқари фарзандларини мактабга жойлаштириши мумкин бўлади.
Қолган ҳудудлар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг бошқа туман (шаҳар)ларидаги умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул белгиланган тартибда АНЪАНАВИЙ ШАКЛДА, яъни бевосита мактабда амалга оширилади. Бунда ота-оналар тўғридан-тўғри мактаб қабул комиссиясига мурожаат этишлари мумкин бўлади.
Чет эл фуқароларининг фарзандлари ҳудудий бошқармалар орқали белгиланган тартибда умумтаълим мактабларига қабул қилинади.
Нодавлат таълим муассасаларига қабул жараёнлари ўзлари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Барча ҳудудий бошқармалар ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига қабул жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича штаблар ташкил этилади, дея хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати