2023 йилда 1 млрд долларлик экспорт амалга оширилади. Шунингдек, 2023 йилда Маҳаллийлаштириш дастурига кўра 1,7 трлн сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу ҳақда пойтахтимизда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

2023 йилда жами 2 млрд долларлик 465 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилади, мазкур лойиҳаларни молиялаштиришга 1,2 млрд доллар хорижий инвестиция ва кредитлар жалб этилади ва 15 мингта янги иш ўринлари яратилади.

Бундан ташқари, ҳудудий дастурларга асосан қурилиш материаллари соҳаси бўйича маҳаллий  ҳокимликлар билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикасида 118,5 млн доллар бўлган 35 та, Фарғона вилоятида умумий қиймати 321,7 млн доллар бўлган 33 та, Самарқанд вилоятида 250,1 млн доллар бўлган 69 та, Жиззах вилоятида 224 млн долларлик  18 та, Навоий вилоятида 210,3 млн доллар бўлган 41 та, Наманган вилоятида эса 162 млн долларлик 38 та лойиҳа ишга туширилади. 

Йирик инвестиция лойиҳалари асосан Қорақалпоғистон Республикасида, Фарғона, Самарқанд, Жиззах Навоий, Наманган, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳрида амалга оширилади.

Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш натижасида янги турдаги импорт ўрнини босувчи цемент, қувур ва геосеткалар, керамогранит, бурама михлар, мармар, травертин ва гранит плиталари, темир-бетон, керамик плиткалар, гипсокартон листлари, газобетон ва пенобетон блоклари каби қурилиш материалларини ишлаб чиқариш янги қувватлари ўзлаштирилади.

Маҳсулотлар кесимида оладиган бўлсак, 2023 йилда цемент ишлаб чиқариш бўйича 7 та, пластик қувур ва фитинглар ишлаб чиқариш бўйича 9 та, керамик плиткалар  ишлаб чиқариш бўйича 3 та, базальт асосида композит материаллар ва иссиқлик сақловчи минерал плитлар ишлаб чиқариш бўйича 5 та, газобетон ишлаб чиқариш бўйича 3 та, гипсокартон листлари ишлаб чиқариш бўйича 5 та, гулқоғоз ишлаб чиқариш бўйича 2 та,  темир-бетон буюмлари ишлаб чиқариш бўйича 58 та лойиҳалар амалга оширилади. 

Бугунги куннинг энг долзарб масаларидан бир бу уй-жой ва бошқа биноларни энергия тежамкорлигини таъминлашдир. Бино ва иншоотлар энергия тежамкорлигини ошириш мақсадида иссиқлик сақлаш  базальт момиғи ва минерал плиталар ишлаб чиқариш қувватларини ошириш мақсадида бир қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан,  "Basalt Wool" МЧЖда йиллик қуввати 35 минг тонна, “Ўзметкомбинат” АЖда йиллик қуввати 12 минг тонна ва “Akfa Insulation” МЧЖда  йиллик қуввати 30 минг тонна қувватлардан самарали фойдаланишни йўлга қўйган ҳолда янги лойиҳаларни ҳам амалга оширилмоқда.

Шу боис, Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш Кенгаши бошчилигида 2023-2025 йилларда умумий қиймати 113,5 млн доллар ва йиллик қуввати 130 минг тонна бўлган базальт асосида иссиқлик сақловчи материаллар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалари ишга туширилади.

Хусусан, Навоий вилоятида “Петровул” МЧЖ ҚКда 11 млн доллар инвестиция ҳисобига йилига 30 минг тонна базальт минерал плиталар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Хоразм вилоятида йилига 30 минг тонна базальт минерал плиталари тайёрловчи "Khorezm Insulation Group" МЧЖ ҚК ишга туширилади. Шунингдек, Андижон ва Наманган вилоятларида ҳам йирик қувватлар яратилади.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси Инвестиция дастурига кўра, 2023 йилда қўшимча равишда истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳам шакллантирилган. Унга кўра, Фарғона, Андижон, Навоий ва Хоразм вилоятларида қуввати 560 минг м/куб бўлган газобетон блокларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси режалаштирилган.

Наманган, Фарғона, Сурхондарё  вилоятларида гипс ва гипсокартон листлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш каби жами 118 млн долларлик 11 та йўналишда  лойиҳаларни шакллантириш кўзда тутилган. Ҳозирда юқоридаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун салоҳиятли инвесторлар ва лойиҳани молиялаштириш манбалари аниқланмоқда.