Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Булунғур тумани бўлими томонидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Тадбирлар давомида 2021 йил суғориш даврида сув танқислигини юмшатиш ҳамда олинаётган сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув ресурслари таъминоти масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Инспекциянинг туман бўлимлари инспекторлари томонидан олиб борилаётган ҳуқуқий-тарғибот тадбирларига қарамасдан, сув ресурсларидан фойдаланишда амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этмаслик, сув исрофгарчилиги сингари салбий ҳолатлар учраб турибди.
Хусусан, тумандаги “Мирза Пай” ИТБ масъул ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирида мазкур ҳудудда истиқомат қилувчи фуқаролар ноқонуний равишда 2 та труба ўрнатиб, сув ресурсларидан фойдаланиб келаётганлиги аниқланди.
Тезкор тадбирлар боис, ноқонуний сув олиш нуқталари Самсунг русумли экскаватор ёрдамида ёпилиб, сув ресурслари истеъмоли устидан назорат ўрнатмагани сабабли “Бот-бот” канали гидротехнигига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси кўрилди. Шунингдек, сув ресурслари фермер хўжаликларининг шартнома асосида экилган экин турларига етказиб берилиши таьминланди.
Туманнинг “Гулзор” МФЙда яшовчи фуқаро И.Г. “Мирза Пай” ИТБга қарашли “Оқтепа” каналига электронасос ўрнатиб, сувдан ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги аниқланди. Худди шундай ҳолат, туманнинг “Янги обод” қишлоғида яшовчи фуқаро Ш.М. “Бот-бот” каналига рухсатномасиз чархпалак ўрнатиб, қўшимча равишда электронасос орқали ноқонуний равишда сувдан фойдаланиб келаётгани маълум бўлди, дея хабар беради Агроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси Ахборот хизмати.
— Юқоридаги ҳолатлар юзасидан сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаганларга нисбатан маъмурий чора кўрилди. Жорий йилнинг 5 ойи давомида 23 та қонунбузилиш холатлари аниқланиб, тегишли тартибда қонуний чора қўлланилди, — дейди Инспекциянинг Булунғур тумани бўлими катта инспектори Аззам Боймиров.