ЖССТ раҳбари пандемияга қарши кураш бўйича маърузасида 8 декабрь куни “COVID-19 вакцинасидан фойдаланишнинг бир йиллиги» нишонланганини эслади. Унинг сўзларига кўра, пандемия бир йилдан кейин тугашига ҳамма ишонган ва умид қилган, аммо пандемияга барҳам бериш учун зарур бўлган вакциналар, шунингдек, диагностика-терапевтик ва бошқа воситалар тенг тақсимланмагани сабабли пандемия кутилганидан анча узоқроқ муддатга чўзилди.
Гебрейсуснинг сўзларига кўра, ҳозир «дунё пандемия ҳукмронлиги остида қолмоқда» ва ўлимлар сони уч баробардан кўпроққа ошди. Унинг таъкидлашича, пандемия жаҳон соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларнинг илдизида ётган тенгсизликни кўрсатди.
«Омикрон штаммининг пайдо бўлиши бу борада эришган ютуқларимизга рахна солиш билан таҳдид қилмоқда. Янги даволаш усулларини ишлаб чиқиш COVID-19 оғир кечишининг олдини олишга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Aммо биз ушбу янги воситаларга худди шундай адолатсиз қарашларига йўл қўймаслигимиз керак. Бу миллионлаб одамларни вакциналардан маҳрум қилиши мумкин» — дея қўшимча қилди ЖССТ раҳбари.
Гебрейсус ҳукуматларни янги омикрон вазиятидан келиб чиққан ҳолда миллий пандемия режаларини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, касалликнинг тарқалишини камайтириш ва эмлаш билан қамраб олишни тезлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақирди.
«Яна қанча инсон ҳаётини сақлаб қолишимиз бутун дунё бўйлаб вакцина, тест ва даволанишдан адолатли фойдаланишни қанчалик тез таъминлашимизга боғлиқ», деди у.
Aввалроқ ЖССТ раҳбари коронавирус тарқалишига қарши курашнинг ҳозирги усулларини танқид қилиб, пандемия бўйича янги келишув зарурлигини таъкидлаган эди.