Ҳисоботга кўра, 2021 йилнинг ноябригача БМТ портали орқали 87 минг тоннага яқин шахсий ҳимоя воситаларига буюртма берилган ва уларнинг катта қисми чиқинди ҳисобланади.
Ҳисоботда 2600 тонна пластик ва етарли миқдорда кимёвий чиқинди ишлаб чиқарилиши мумкин бўлган 140 миллионга яқин синов тўпламлари ҳақида ҳам сўз боради.
Бундан ташқари, ҳисоб-китобларга кўра, дунё бўйлаб қўлланилган қарийб 8 миллиард доза вакцинанинг шиша флаконлари, шприцлар, игналар ва ҳимоя қутилари яна 144 минг тонна чиқиндини ҳосил қилган.
Ҳисобот муаллифлари Ҳиндистоннинг қишлоқ жойларида чиқиндиларни бошқариш ва утилизация қилиш имкониятларининг чекланганлиги, шунингдек, Мадагаскарда карантин муассасаларидаги санитария ҳолатининг ўта ёмонлиги каби муаммоларни аниқлади.
ЖССТ маълумотига кўра, пандемия бошланишидан олдин ҳам соғлиқни сақлаш муассасаларининг учдан бир қисми мавжуд чиқиндиларни қайта ишлаш учун жиҳозланмаган. Қашшоқ мамлакатларда бу кўрсаткич 60 фоизга етган. Ташкилот мутахассислари қайта ишлатиладиган ва қайта ишланадиган материаллардан тайёрланган ҳимоя воситаларидан фойдаланишга чақирди.
Шунингдек, эски вакцина идишларининг баъзилари касаллик юқтириши мумкинлиги, чунки коронавирус сиртда омон қолиши эҳтимоли мавжудлиги айтиб ўтилган.
Мутахассисларнинг қўшимча қилишича, ёмон бошқариладиган ҳудудлар яқинида яшовчи аҳоли чиқиндиларни ёқиш, сув сифатининг ёмонлиги ёки касаллик ташувчи зараркунандалар туфайли ҳаво ифлосланишидан ҳам таъсирланиши мумкин, дея хабар бермоқда, Reuters агентлиги.