Таъкидланганидек, бошқарма томонидан 2021 йил январь-сентябрь ойлари давомида импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 762,4 миллиард сўм миқдорида божхона тўловлари ҳисобланди. Улардан 313,8 миллиард сўм қисмига божхона тўловларидан имтиёзлар берилиб, қолган 448,6 миллиард сўми давлат бюджетига ўтказилиши таъминланди. 

Вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 583,1 миллион AҚШ доллар (экспорт – 285,4 миллион АҚШ доллар, импорт - 297,7 миллион АҚШ доллар)дан иборат бўлиб, 2020 йилга нисбатан 118,8 миллион АҚШ доллар ёки 25,6 фоизга кўпайган. 

Экспорт қилинган товарлар ҳажми 285,4 миллион АҚШ доллар, ўтган йилга нисбатан 66 миллион АҚШ долларга ёки 30,1 фоизга ошган. Экспорт қилинган товарларнинг 48,1 фоизи тўқимачилик маҳсулотлари, 36 фоизи калава ип, 13,9 фоизи мева-сабзавот маҳсулотлари, 2,8 фоизи тери маҳсулотлари, 2,1 фоизи транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари, 1,8 фоизи озиқ-овқат маҳсулотларидир.
Экспорт жами 378 та хўжалик юритувчи субъект томонидан амалга оширилган, уларнинг сони ўтган йилга нисбатан 54 тага ёки 16,6 фоизга кўтарилган. Товарлар жами 44 та давлатга, асосан Россия, Хитой, Қирғизистон, Туркия, Қозоғистон, Тожикистонга чиқарилган. Йил бошидан ҳозиргача қилинган экспорт вилоят экспортининг 89 фоизини ташкил этди.

Ҳисобот даврида бошқарманинг чегара божхона постлари орқали 2179 та автотранспорт воситалари (1089 та кириш ва 1090 та чиқиш) ҳаракатланган. Шунингдек, 6546 та темир йўл вагонлари ҳамда 750 та авиатранспорт воситалари ҳаракатланган. «Наманган» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости 18461 та божхона юк декларациялари расмийлаштирган бўлиб, «Хавфларни бошқариш» ААТ томонидан мазкур декларацияларнинг 26,2 фоизи қизил, 43,1 фоизи сариқ ҳамда 30,7 фоизи яшил йўлакларга йўналтирилган.

Матбуот анжумани давомида божхона қонунбузилиши ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш йўналишида бажарилган ишлар юзасидан ахборот берилди. 2021 йилнинг бошидан 28 сентябрь кунига қадар божхона бошқармаси томонидан жами 435 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, улар бўйича 26,8 миллард сўмлик товар-моддий бойликлар ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида вақтинча сақловга олинган. 

Анжуманда божхона соҳасига доир барча йўналишларда эришилган кўрсаткичлар йиллар кесимида аниқ таҳлиллар ва мисоллар билан кўргазмали тарзда ОАВ ходимлари ва ижтимоий тармоқлар фаолларига етказилди. Журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга масъуллар атрофлича жавоблар қайтаришди.

Орифжон ЖЎРАЕВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.