Тошкент тиббиёт академиясида пресс тур ўтказилди. Оммавий ахборот воситалари вакилларини академия проректори Ш.Боймуродов ва илмий педагогик жамоа, иқтидорли талабалар кутиб олди.

ОАВ вакиллари кун давомида Тошкент тиббиёт академияси бош ўқув биносида бўлиб, яратилган имкониятлар билан яқиндан танишди. Журналистлар таниқли профессор-ўқитувчилар ва бўлғуси шифокорлар билан турли мавзуда суҳбатлашиб, тиббиёт таълимидаги сўнгги ўзгаришлар тўғрисида интервьюлар олди.

Академиянинг Симуляцион маркази ва 3 та электрон микроскоп лабораторияси билан танишиб, Япониянинг энг замонавий лаборатория жиҳозлари билан таъминланган марказ имкониятларидан хабардор бўлди.

Шунингдек, ОАВ вакиллари ўқув модуллари талабига мувофиқ асосий тиббий ва махсус тиббий кўникмаларни шакллантириш имконини берувчи тренажёрлар, фантомлар, компьютерлаштирилган симуляторлар ҳамда виртул таълим технологияларини ўз ичига олган рақамли тиббиёт маркази билан танишди.

Журналистларда Тошкент тиббиёт академияси биотиббиёт технологиялари марказининг сўнгги авлод технологик имкониятларига асосланган фаолияти ҳам катта қизиқиш уйғотди. Тиббий генетика, Ҳужайра технологиялари, Иммунология, Электрон микроскопия, Фармакотоксикология, Экология лаборатория ва илмий мактаблар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди.

Пресс тур жараёнида Тошкент тиббиёт академияси ахборот-ресурс маркази ҳам журналистлар эътиборидан четда қолмади. Тўлиқ рақамлаштирилган, муҳими, керакли ўқув адабиётлари, илмий мажмуалар, вақтли матбуот нашрлари билан бойитилган марказнинг электрон кутубхона платформаси иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Гулчеҳра МИРЗАЕВА,

ТТА ахборот хизмати раҳбари