Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида ҳам бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2019 йил 10 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ўтказилди ва унга “Академия” мақоми берилди. Шунингдек, ҳарбийлаштирилган тузилмаларнинг олий таълим ташкилотларига ўқувчиларнинг ўқишга кириши учун тайёргарлигини таъминлашга ихтисослаштирилган лицей ташкил этилиши белгилаб берилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 28 июндаги “Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар заҳирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Шаҳрисабз “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ташкил этилди. Ушбу ҳарбий-академик лицей ўқув-услубий ишларини амалга оширишда Академиянинг профессор-ўқитувчилари билан яқиндан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Ҳозирги кунда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, шунингдек, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини янада ошириш, ҳозирги кунда аҳоли ва ҳудудларнинг муҳандислик муҳофазасини такомиллаштириш, авария-қутқарув ишларини ташкиллаштириш, оловга чидамли қурилиш материаллари ва матоларининг янги турларини яратиш борасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш устувор вазифа этиб белгиланган.
Шулардан келиб чиқиб, қонунчилигимизга мувофиқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузурида техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий кенгаш тузилди. Кенгаш бугунги кунда самарали фаолият юритмоқда.
2021 йилнинг 4 чорагида академиянинг 3 нафар мустақил изланувчиси – полковник Собир Жўраев “Маҳаллий хомашёлар асосидаги ёнғинга хавфсиз иссиқлик изоляцияловчи материаллар”, подполковник Анвар Раупов “Фосфор гуруҳли олигомерлар асосида тўқимачилик материалларнинг оловбардошлигини ошириш технологиясини ишлаб чиқиш”, майор Бекпўлат Мирзакабилов эса “Гидротехник иншоотлар аварияси билан боғлиқ фалокатли сув тошқинлари юзага келганда аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш усулларини такомиллаштириш” мавзусида диссертацияни муваффақиятли ҳимоя қилди. Улар техник фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлди.
Шунингдек, академия мустақил изланувчилари – подполковник Сайфиддин Жумаев “Маҳаллий хомашёлар асосида олинган антипиренлар билан ёғоч материалларини ёнғиндан ҳимоялаш”, доцент, генерал-полковник Қобул Бердиев “Маҳаллий хомашё асосида қурилиш конструкциялари ва материалларининг оловга чидамлилиги бардошлиги ва иссиқликдан ҳимоялаш даражасини ошириш муаммолари” мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлди.
Шу йилнинг январида эса майор Артём Литяга “Силикат композициялар таркибли антипиренлар асосида полимер материалларнинг ёнғин хавфсизлигини ошириш” мавзусидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Академиянинг профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилган илмий ишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигидан ихтиролар учун патентлар олинди.
Яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, академияда давлат илмий-техник дастурлари доирасида бажарилиши икки йилга мўлжалланган иккита давлат гранти: BV-Atex-2018 “Маҳаллий минерал хомашёлар асосида қийин ёнувчан иссиқдан сақловчи таркиблар олиш технологиясини яратиш” ҳамда BV-Atex-2018-58 “Янги авлод металлорганик олигомер қўшимчали оловбардош, иссиқлик изоляцияловчи қурилиш материалларини тадқиқ этиш ва технологиясини яратиш" лойиҳалари устида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Республика миқёсидаги фан олимпиадаларида академиянинг иқтидорли курсантлари муносиб иштирок этиб, совринли ўринларга эга бўлди. Жумладан, “Гидравлика” фанидан 4 курс курсанти Равшанбек Жалилов биринчи ўринни, “Автомобил тайёргарлиги” фанидан 1 курс курсанти Фаёзбек Мамасолиев иккинчи ўринни ҳамда “Миллий ғоя, ҳуқуқшунослик, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси” фанидан 5 курс курсанти Султанбек Уразимбетов учинчи ўринни эгаллади.
Шунингдек, академия ҳарбий хизматчилари Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Осиё ва жаҳон чемпионатларида муносиб иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқда.
Чориёр ХЎЖАНОВ,
ФВВ Академияси бошлиғи ўринбосари, полковник