Гурлан тумани “Ишонч” маҳалласида яшовчи Манзура Ражапова туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, 2019 йили сентябрь ойида харид қилган “Россо” русумли телевизори кафолат муддати тугашидан илгари носоз ҳолга келганини маълум қилган. У бир неча бор телевизорни харид этган дўконига мурожаат қилиб, сервис хизмати кўрсатишларини сўраган. Аммо мурожаати жавобсиз қолаверган.

Гурлан тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари маиший техника дўкони ходимларига истеъмолчининг ҳақ-ҳуқуқлари борасида тушунтириш ишларини олиб боргач, М.Ражапованинг телевизори дўкон сервис хизмати томонидан тузатиб берилди.

Шовот тумани “Қиёт” маҳалласида яшовчи Шокиржон Отаназаров ҳам харид қилган музлаткичи яхши ишламаётгани, музхонаси занглаб, ранг чиқараётганидан норози бўлиб ариза қолдирган.

Мурожаатда кўрсатилишича, 2021 йил ноябрь ойида Гурлан туманидаги “Акмалбек техника олами” хусусий корхонасидан 4 200 000 сўмлик “Элите-211” русумли музлаткич сотиб олган. Истеъмолчи музлаткичини тузатиб беришларини, кафолат муддати тугамаганлигини таъкидлаб, хусусий корхона эгаларига бир неча бор мурожаат қилган.

Саъй-ҳаракатлари бекор кетгач, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилишга мажбур бўлган. Жамият ходимлари истеъмолчининг 2-гуруҳ ногирони экани, ишсизлиги, оилавий шароити оғир эканини хусусий корхона эгаларига тушунтиришди. Иссиқ кунларда Шокиржон Отаназаров хонадонига музлаткич жуда зарурлиги инобатга олиниб, истеъмолчига янги музлаткич етказиб берилди.