“Ҳақиқат фикрлар алмашувининг оқибатидир. Фикр фикрга доя. Инсон инсон билан, суҳбату анжуманлар билан тирик, барҳаёт. Балиқнинг ватани уммон бўлгани каби одамнинг ватани – уни тушунган, унинг сўзларига қулоқ тутгувчилар орасиндаги сершавқ машварат онларидадир. Хоссатан, суҳбатдошинг айтқонингни зийрак илғаса, фикр алмашувчилар посангиси тенг келса мунозара мағзи қуюқлашар. Шу қабилда калаванинг йипи топилгани сари сўз сўзга, жумла жумлага, мавзу мавзуга уланади. Ичингда қайнаб-тошаётган дардларингни хумордан чиқароқ тўкасан, сочасан! Билъакс тингламоқ, тўғри уқмоқ қасдидаги инсонлар бўлмаса айтқон сўзларинг зое”, дейди таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад “Умид гули” номли ҳикоясида.

 Дарҳақиқат, давр мезонлари ва ҳақиқатлари фикрлашув ва қизғин мунозаралар жараёнида ойдинлашади. Суҳбатдошимизнинг мутолаа завқи, китобхонлик борасида билдирган мулоҳазалари шу мавзуда бизни ўйлантираётган баъзи саволлар ва муаммоларга жавоб бўлса, ажаб эмас.

  – Хуршид ака, бир суҳбатингизда ижодни мубталолик, деб таърифлагансиз. Назаримизда, асл китобхонлар ҳам мубталодирлар. Мутолаа қуввати ижоднинг тани, жони, руҳи, инсон юрагига нажот бағишловчи шуълага ўхшайди...

– Китобга бўлган муҳаббат йигит-қизлар ўртасидаги муҳаббатга ўхшайди. Ҳар бир инсон ўз касбига, севган машғулотига, севимли инсонига мубтола бўлган сингари чин китобхонлик ҳам мубталоликдир. Биз ёзувчилар ҳам чин маънода китобга ашаддий мубталомиз. Ўқилмаган кунимиз умримизнинг бой берилган кунларидир. Бир яхши кўрган шеъримиздан тўрт қатор ўқиб қўйсак ҳам кўнгилимиз яйрайди, қалбимиз уйғонади, инсоний туйғуларимиз чархланади, бировларга яхшилик қилгимиз келиб қолади. Ўқиётган одам тафаккур қилади, инсонгина тафаккурга эга.

Киши яхши бир касб-кор, ҳунар эгаси бўлиши мумкин, моддий бойлиги етарлидир, бироқ мутолаасиз ҳаммаси кемтик, китоб ўқиб қалбини тарбияламаса, мубталолигини асраб-авайламаса комиллигига путур етади. Ёзувчи Тоҳир Малик кўпинча “Биз ўқувчи эмас ёзувчимиз, ёзувчи одам ўқиши шарт эмас”, дея тагдор ҳазиллашарди. Ўқимаган одам ёзадими?! Ёзувчи ҳаётининг ярми ёзиш, ярми ўқишдан иборат, жиддий ўқиш эса бу меҳнат. “Ўткан кунлар”ни ёки “Қутлуғ қон”ни, “Улуғбек хазинаси”ни ўқиш оддий китобхон нуқтаи назаридан ўқиш бошқа, ёзувчи нуқтаи назаридан бутунлай бошқа мутолаа. Шу кунларда Абдулла Қаҳҳорнинг ҳамма асарларини икки карра қайта ўқиб чиқдим. Ҳаётим давомида қайта-қайта ўн беш марталаб ўқиган китобларим бор. Ҳозир Абдулла Қаҳҳорнинг уй музейидан келаяпман. Икки соатдан ортиқ ўша ерда ўтирдим, ўқидим. Ўзимизча Абдулла Қодирийни, Абдулла Қаҳҳорни яхши биламан, деб ўйлаймиз. Бундан йигирма йил, ўттиз йил олдин “Ўткан кунларни”, “Сароб”ни ўқиганларимиз бутунлай бошқача таассуротлар тақдим этган бўлса, бугунги кун одамлари кўзи билан қарасак, янги бир асар ўқиётгандек бўламиз. Ҳаётимиз ўзгаряпти, одамлар ўзгармоқда, лекин бундан бир неча йиллар олдин ёзилган асарларнинг моҳияти ўзгармаган, таъсир кучи, замон билан ҳамқадамлиги ўзгармаган, мўъжиза бу.

Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфиларни севиб ўқимасликнинг иложи йўқ. Бу эса мубталоликка қўйилган биринчи қадамлар, мутолаага ошиқликнинг бошланиш нуқтаси бўлса, ажабмас. Икки мисра бир қадам, у ёғи энди китобсеварлик... Маҳмудхўжа Беҳбудий зиёли бўлишни орзу қилган инсон камида тўртта тилни билиши керак, деган экан. Ҳозирги кунда ўнта тилни билсангиз ҳам камлик қиляпти. Юз йил олдин Беҳбудий бугунимиз ҳақида билган экан-да. Ўз она тилимизда, рус тилида ўқиганимиз оз, асарларни оригиналда ўқигимиз келади. Нашр этилаётган китобларнинг саноғи йўқ, мисоли чексиз уммон, тубсиз денгиз. Қани эди одам минг йил яшаса, худо минг йил умр берса-ю, ўша умрнинг саккиз юз йилини китоб мутолаасига бағишласанг. Ожиз ва осий банданинг ушалмас орзуси бу.

Энг яхши китобхонни қандай тасаввур қиласиз...?

Мен ўзимни сўзга, китобга, адабиётга муносабат борасида Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос Иброҳим Ғафуровнинг шогирдиман деб биламан. Умрим давомида бу инсонга тенг келадиган китобхонни кўрмадим. Энг нуфузли адабиётшунослар ҳам жаҳон адабиётини асосан Ғарб ва Шарққа бўлиб тадқиқ этганлар. Иброҳим Ғафуров эса Ғарбу Шарқнинг беназир ўқувчиси, ҳар икки томон асарларини юрак томиридан ўтказиб ҳис этувчи билимдон китобхон. Устоз Достоевский, Хемингуэй, Жойс, Маркес, Мопассан, Тургенев, Айтматов сингари даҳо ижодкорларнинг энг сара асарларини халқимизга яқиндан таништирди. Жойснинг “Уллис” асарини ўқишнинг, тушунишнинг ўз ҳар қандай ёзувчига осон бўлмайди. Унинг руҳига кириш учун ўн марталаб ўқиш керак, жаҳон адабиётидаги энг мураккаб асар таржимасини ҳақиқий маънода маънавий жасорат десак муболаға бўлмас. Иброҳим Ғафуровнинг “Мангу латофат” китобида “Миллатнинг биллурланиши” деган сарлавҳали мақола бор. Бу биллурланишнинг бош мезони китобхонлик ва мутолаадир....

Устознинг китобга, мутолага ташналиги, энг сара китобларни топиб ўқишга дўстлари, умуман барча китобхонларни мунтазар ундар эди.

... ЦУМнинг ёнидаги дўконга Беккетнинг эсселари келадиган, шундан хабардор бўлиб турайлик... Вересаевнинг Гоголга, Пушкинга бағишланган тадқиқот-асарларини ўқиш керак... Талабалар шаҳарчаси яқинидаги эски китоблар дўконида Набоковнинг “Другие берега”си чанг босиб ётибди, ўқишни тавсия қиламан... Мишель Уэльбекнинг тўртта романини ўқидим, тафаккур сарҳадсизлиги, услуб хилма-хиллигини кўришни истасангиз ўқинг.., деган даъватлари билан қанчадан-қанча китобларни ўқишимга сабабчи бўлган. “Мени китоб тарбиялаган, биринчи устозим китоб. Мен китобга ишонаман, китобга бўлган муҳаббатимни ҳеч қачон ўзгартирмайман”, деган қатъий қарори бор. Бу ишонч эътиқод билан чамбарчас боғлиқ.

Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Темур Пўлатовдек беназир китобхонлар билан суҳбатлашиб дунёни кезиб чиққандек бўлардим. Улар сизни катта ақл эгалари билан, истеъдодлар билан таништиради. Истаган кутубхонасига, истаган хонадонига олиб кириб дўстлаштиради. Мен Рюноскэ Акутагаванинг кимлигини қаердан билар эдим, мана шундай улуғ китобхонлар таништирганларидан сўнг унинг мухлисига айландим қолдим. Кэндзабуро Оэнинг ижодий лабароториясини, Кобэ Абэнинг услуб ва тафаккур дунёсини, Ясунари Кавабата илҳом асрорларини мутафаккир ўқувчилар таъсирида англадим. Маркес, Кортасар билан шунчаки қадрдон бўлиб қолмаганман, бунга ҳам сабабчилар бўлган. Менинг энг яқин дўстларимдан бири Фёдор Достоевский. Унинг оламдан ўтганига ҳам юз йиллардан ошиб кетди, лекин у қадрдон оғайним. Достоевский истаган одам билан дўст бўламан, деб қўлларини чўзиб турибди. Буюк инсон ёзганларимни ўқисанг ўзингни биласан, халқингни танийсан, демоқда. Ўзбекларни билмоқчи бўлсанг Лотин Америкаси халқлари ёзувчиларини ўқигин. Азалий саволларга жавобни уларнинг ёзганларидан топасан...

Давлатимиз раҳбари йиллар давомида ислоҳотлар учун интилаяпти. Энг катта ислоҳот одамнинг қалбидан, онгидан, тафаккуридан бошланади. Аввало, инсоннинг руҳи янгиланиши керак. Китоб ўқимаган одамнинг руҳи қандай янгилансин ахир. Шунинг учун китоб танловлари ўтказилиб ғолибларга катта-катта совғалар берилаяпти. Мен ҳам ўша танловларда жюри аъзоси сифатида иштирок этдим, очиғи ҳавасим келди. Ўн тўрт, ўн беш ёшли йигит-қизлар 400 та 500 та китоб ўқиганман демоқда. Ана шундай илмли ёшларни кўрсак дилимиз ёришиб кетади, бошимиз осмонга етади, кўнглимиз ўсади.

Сиз нафақат таниқли ёзувчи, шу билан бирга яхши китобхонсиз. Шу маънода ҳақиқий китобхонда уларни харид қилиш, ноёб асарларни топиб мутолла қилиш, айни пайтда уни қизғониш билан боғлиқ кечинмалар ҳам бўлади.

Иш юзасидан таниқли файласуф олим, жамоат арбоби Сулаймон Азимовнинг кутубхонасида бўлиб, ўзимни худди китобларнинг мовий денгизига тушиб қолгандек ҳис этганман. Китобларга лиқ тўла жавонлар, қадимги юнон тарихидан тортиб мамлакатлар тарихи, адабиёт, фалсафа, санъат, пихология, сиёсатшунослик, ҳуқуқ, нотиқликка оид китоблар, қомуслар ҳаммаси чинакам мўъжиза бўлиб кўринган. Домланинг зич қилиб тахланган китоблари орасидан Алексей Лосевнинг “Эстетика Возрождения” китобини суғуриб олиб варақлай бошлаганман. Бир-икки жумла ўқибоқ китобга шунчалар сеҳрланиб қолганманки, қани эди шу китоб сизга, деб юборсалар деган илинж вужудимни эгаллаб олган. Қизиқишим зўрлигидан хаёлимдаги шумликни тилимга ҳам чиқарганман, домла, китобни ўқишга бериб туриш маданиятига қандайсиз, деган саволимга “менда ундай маданият шаклланмаган”, дея кескин жавоб берган. Мана сизга китобга муҳаббат ва китобни қизғониш туйғуси. Домланинг яна бир гапи ҳеч эсимдан чиқмайди, ўшанда у киши мен китоблар билан тирикман, деган эди. Жавонидаги китобларнинг деярли ҳаммасининг ҳошиясига қоралама белги-аломатлар, луқмалар, таъкидлар, таҳлилий фикрлар, танқидий мулоҳазалар ёзиб чиққан эдики, мана шу битикларнинг ўзи китоб ҳақида китоб бўлгудек эди. Кейинчалик бу учрашувимиз ҳақида мақола ҳам ёзганман. Навбатдаги сафар кўришганимизда домла “Эстетика Возрождения”ни менга ўз дастхати билан совға қилди.

Китобсевар-китобйиғарлардан бири Мурод Хидирнинг уйи бамисоли кутубхона эди. Уларни кўриб кўзингиз қувонади. Бироқ китобга ўта қизғончиқ бўлган Мурод Ҳидир ҳеч кимга китоб бермас экан. Бир куни уйига борганимизда Сартрнинг “Слова” деб номланган юпқагина китобини ўқишга бериб туринг, деб сўраганман. У қатъий оҳангда, йўқ деб туриб олган. Аввалига ҳазиллашаяпти деб ўйладим, қарасам жиддий, бир ҳафтада аниқ қайтаришимни айтсам ҳам кунмади. Қаттиқ хафа бўлганман. Дўстлар билан бир гурунгда астойдил ранжиганимдан мана шу қизғончиқлигини айтиб юборибман. Бир куни ишдан қайтиб келсам оч қизғиш муқовали “Слова” ни кимдир уйимизга ташлаб кетибди. Бу китоб ўша воқеани кимдандир эшитиб қолган ёзувчи дўстимиз Олим Отахоннинг совғаси эди.                             

Китобга бўлган ишонч йўқолса, китоб мутолаасига бўлган муҳаббат йўқолса бу дунё ғариблашиб қолади. Баъзи бир одамлар истеҳзо билан, кулимсираб бизни “китобий” дейишади. Бизнинг китобий фикрларимиз уларнинг “ҳаётий” фикрларидан минг карра ҳаётийроқ, жозибалироқ. Марҳамат қилиб китоб ўқигин, қалбинг зарраларини чертиб, руҳингни уйғотиб юборсин роҳат қиласан, ўзингни бошқа одам деб ҳис этасан.

 – Агар бир китобхон кунига 50 саҳифадан ўқиса, 50 йил давомида ўртача 300 бетли китобдан 3 мингта мутолаа қиларкан. Биргина Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонамиз 7,3 миллион китоб фондига эга. Кутубхонада кунига ўнтадан китобни кўздан кечириб чиқсак ҳам уларнинг ҳаммасини варақлаб кўриш учун 2000 йил вақт сарфлашга тўғри келар экан. Инсон умри китоблар саноғи олдида қанчалар қисқа. Оноре де Бальзак ҳар қандай романни ярим соатда ўқиб тугатган экан. Сизнинг ўқиш тезлигингиз ва услубингиз қандай?

– Доимо ёнимда китоб юради, бир йўла икки-учта китоб ўқийман. Минг афсус, бошқалардек тез ўқиш сир-асрорларини ўрганмадим. Ўқиган ҳар қандай китобимга чизиб, белгилар қўйиб, таассурот ва фикрларимни қоғозга тушириб ўқишга ҳаракат қиламан. Болалик йилларимда, ёшлигимдан қанчадан-қанча асарлар ўқимай, ҳақиқий жиддий китоб ўқишни ўттиз ёшларимда ўргангандекман. Ҳаётимда жиддий ўзгариш ясаган китоб “Эстетика поведения” (“Ҳулқ-атвор нафосати”) мақолалар тўплами бўлган десам хато қилмайман. Бу китобни уч марта қайта-қайта ўқиганман. Менинг феълимни, дунёқарашимни тубдан ўзгартирган китоб шу. Ҳатто журналистика факултетидаги сабоқдош дўстларимни ҳам шу китобни ўқишга мажбурлаган пайтларим бўлган. Мен бу китобни “Фаросат китоби”, “Назокат китоби” деган бўлардим, уни ўзбек тилига таржима қилиб, ҳар бир келиннинг сепига қўшиб қўйишни таклиф этардим.

 Ўзбек адабиётига оид ҳамма китобларни битта қўймай ўқиганман десам ишонинг. Москвада, шунингдек, Болтиқбўйи Республикалари, Грузия, Озарбайжонда нашр этиладиган адабий-бадиий газета-журналларга обуна бўлар эдим. Айрим мақолаларни эринмай дафтарга кўчириб ёзиб чиққанман. Мени ҳақиқий маънода ақлдан оздирган асарлар Ф.Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо”, “Телба” романлари. Адибнинг “Бечора кишилар”, “Ўлик уйдан мактублар” романлари бадиий асар ҳақидаги тушунчаларимни устин-устун қилиб юборган. Леонид Андреев, Андрей Платонов, Акутагава Рюноскэ, Кендзабуро Оэ, Стефан Цвейг яна кейинроқ Франц Кафка, Альбер Камю, Лотин Америкаси адабиёти намоёндаларининг бетакрор асарларини сабоқдош тенгқурларим билан талашиб-тортишиб ўқиганмиз. Доғистонликларнинг Расул Ҳамзатови, қирғизларнинг Чингиз Айтматови, озарларнинг Анори, арманларнинг Грант Матевоясани, гуржиларнинг Нодар Думбадзеси сафида қаддини ғоз тутиб турадиган адибимиз Темир Пўлатов насридан ҳам кўп таъсирланганман. Бир вақтлар унинг ҳар бир асаридаги воқеликлар, қаҳрамонлар тасвирини ёддан айтиб бера олардим. Умрнинг ҳар бир лаҳзасидан унимли фойдаланиш, қимматли фурсатларни мутолаага бағишлаш оғриғи ҳамиша қийнайди.

Нашриётлардан бирида ҳали дунё юзини кўрмаган, ўзининг чоп этилиш муддатини тоқат билан кутиб ётган битиклар орасидан Нажмиддин Комиловнинг “Тасаввуф” деб номланган қўлёзмасини топиб олганман. Чанг босиб ётган асарни катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим, тасаввуримдаги дунё тамомила ўзгарди. Қайтадан туғилгандек, ўқишни, ҳарфларни қайтадан ўргангандек, китоб ўқиш машқини қайтадан кашф этгандек эдим. Комиллик сирларини ўрганиш орзуси қалбимни бутунлай ишғол этган эди. Орадан бир неча йил ўтиб ўша қўлёзма китоб ҳолида чоп этилгач яна қайта ўқидим ва англадим тасаввуф таълимоти бутун инсоният тафаккурини илоҳий неъмат сифатида бир нуқтада жамлайди. Одамларни дунёвий нафс занжирларидан огоҳ этиб илоҳий Уйғониш чўқкиларига етаклайди…Ўша кезлар тасаввуф илмига доир Н.Комиловнинг икки жилдлик китобидан бошқа ҳеч нарса тополмас эдик, ҳозир алломаларнинг қатор-қатор битиклари, кўплаб таржима асарлар мавжуд, уларнинг ҳаммасини ўқигинг келади. Яна бир нарсани айтишим керак, адибларнинг беш жилд, ўн жилд, ўттиз жилдлик сайланма асарлари бор, ҳақиқий китобхон шуларнинг ҳаммасини бир бошидан қолдирмасдан ўқишга одатланиши керак. Шунда ёзувчи дунёқарашининг эволюцияси аниқлашади. Оноре де Бальзакнинг мутолаасини бошладикми 30 томини эринмасдан ўқиш керак. Лев Толстойни ўқишни бошласангиз 90 жилдигини диққат-эътибор билан кўздан кечириб чиқиш учун қанча вақтингиз кетса ҳам аямаслигингиз, чидам ва завқни уйғунлаштириб ўқишингиз лозим. Ҳали бир марталик ўқиш ҳақида гапираяпмиз. Икки марта ўқиш учун умримиз вафо қилармикин? Дунёда китобларнинг саноғи йўқ, лекин бир вақтлар ўқиган асарларингизни яна соғинасиз, қайта ўқишни истайсиз, ўша қаҳрамонлар хаёли билан яшагингиз, севимли ёзувчингиз билан суҳбатлашгингиз келади. Ҳаётнинг жуда катта парадокси бу. Бир умрда қанча китоб ўқиш мумкин, мутолаанинг охири йўқ, улгуриш керак, улгуриш...

– Айни лаҳзаларда ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг шахсий кутубхонасини хаёлан тасаввур қилишимиз учун имкон бериб, у ҳақда ўзингиз сўзлаб берсангиз?

– Шахсий кутубхонанимнинг энг катта муаммоси жой масаласи. Ҳар куни кўчадан уйга кириб боришимизда, албатта қўлимизда иккита китоб бўлади. Умр йўлдошим қўлимдаги китобларни кўриб энди буларни қаерга жойлайсиз, деб таажжубланади. Хонадонимизда чердак ҳам, болахона ҳам, йўлак, ертўла ҳам, меҳмонхона, ётоқхона ҳам китоб билан тўла. Булар менинг ҳаётда топган энг катта мулким, бойлигим. Орасида ўқимаганларим ҳам бор бўлиши мумкин. Асқад Мухторнинг яхши гапи бор. Сотиб олган китобларинг эмас, ўқиган китобларинг сеники, дейди адиб. Кутубхонамда Саид Аҳмад, Ўткир Ҳошимов, Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодировларнинг дастхат ёзиб берган китоблари бор. Эркин Воҳидовнинг деярли барча китобларида дастхат битилган. Раҳматли Озод Шарафиддиновнинг уйидаги юзлаб китобларда дастхат бўларди, кўриб ҳавас қилардим. Шундай пайтлар бўладики, бир китобни тўрт-беш марта ўқишга тўғри келади. Агар Эркин Воҳидовни соғинсам у кишининг китобларини, Ҳалима Худойбердиевани соғинасам опанинг шеърларини бир варақлаб қўйсам ҳам кўнглим таскин топади. Рауф Парфи, Асқад Мухтор изтиробларга тўла шеърларини қай ҳолатда ёзган бўлса ўша ҳолатга яқин кечинмалар қалбимдан ўтади. Омон Матжоннинг фалсафалари осмондан тушмаган, тасодиф эмас. Бир инсоннинг бутун вужуди билан ўқиган, ўрганганларининг маҳсули, хулосаси, ҳосили. Китоб билан ишлаш энг ҳузурли иш. Яхшиям инсонга шу бахт ато этилган. Мен китобсевар одамларни яхши кўриб кетаман. Бағримга босиб қучгим келади. Китобни яхши кўрман, деса ол дейман, хоҳлаганингни олиб ўқи. Баъзиси қайтади, баъзиси қайтмайди. Қайтмаган арзанда китобларим ҳам бор. Начора, қисмат экан, чидайман, аламимдан тилимни тишлайман. Барибир уйимга кимдир китоб сўраб келса йўқ, дея олмайман. Шундай танишларим, қариндошларим борки, мунтазам китоб алмашиб ўқиб туришади, мен уларни ниҳоятда ҳурмат қиламан. Мутолаасиз инсоннинг ҳаёти ниҳоятда зерикарли, тасаввур қилиб бўлмас даражада ғарибдир. Одамлар мана шу ҳақиқатни ҳис этсалар, англасалар эди. Энг катта кашфиёт нима бўларди, биласизми? Инсонларда китобга муҳаббат уйғотадиган бир элексир ишлаб чиқарилса эди, бошқа ҳамма муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетар эди.

Бугун ёшларимизнинг қўлидаги телефонда бутун дунё кафтдек намоён. Очиғи, телефон орқали ўқиш ҳам керак, лекин бу жиддий мутолаа эмас. Уяли алоқа воситаларини чеклашнинг имкони, иложи, ҳожати ҳам йўқ, у ҳам ўз вазифасини ўташи шарт. Қўлига китоб олиб, иложи бўлса тагига чизиб, алоҳида бир дафтарга ёзиб ўқиш бу мутлоқо бошқа таассурот. Ҳозир дунёда электрон нашрлар билан босма нашрларнинг қайсидир даражада рақобати кечаяпти. Бизнинг авлод вакиллари босма нашр, газета, журналсиз ҳаётларини тасаввур эта олишмайди. Газета, журнал ўқиган ва ўқимаган одамларнинг маданияти, ички дунёси, қарашлари, фикрлашида кескин фарқ билинади. Ўқимаганларнинг ўзлари бу камчиликларини билмасликлари мумкин, чунки улар ўз айбларини англамайдиган одамлар...

– Халқимизга тортиқ этган асарларингиз ва бугунги самимий суҳбат учун ташаккур.

Дилдора МАРДИЕВА суҳбатлашди.